ШАХСИЯТ (11-қисм)

0
78

Боланинг феълида нимага кўп урғу берсангиз, у шунга интилади ва шунга ишонади. “Дангасасан” деб қайтарилаверса, бола аста-секин дангаса бўлиб боради ва ўзининг дангасалигига ишона бошлайди. Ёки аксинча. “Зеҳни ўткир, ўқиган нарсасини эсдан чиқармайди, мактабда ҳам аълочи”, деймиз. Сиз истайсизми, йўқми бола шунга интилади, эришади.

Биз катталар ўзимиз билмаган ҳолда унга қандай қиёфа танлашни кўрсатиб қўямиз.

Эътиборингизни Қуръони каримда зикр этилган энг гўзал қиссага қаратмоқчиман. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

إِذْ قَالُوا لَيُوسُفُ وَأَخُوهُ أَحَبُّ إِلَى أَبِينَا مِنَّا وَنَحْنُ عُصْبَةٌ إِنَّ أَبَانَا لَفِي ضَلَالٍ مُبِينٍ.  اقْتُلُوا يُوسُفَ أَوِ اطْرَحُوهُ أَرْضًا يَخْلُ لَكُمْ وَجْهُ أَبِيكُمْ وَتَكُونُوا مِنْ بَعْدِهِ قَوْمًا صَالِحِينَ. قَالَ قَائِلٌ مِنْهُمْ لَا تَقْتُلُوا يُوسُفَ وَأَلْقُوهُ فِي غَيَابَتِ الْجُبِّ يَلْتَقِطْهُ بَعْضُ السَّيَّارَةِ إِنْ كُنْتُمْ فَاعِلِينَ. قَالُوا يَا أَبَانَا مَا لَكَ لَا تَأْمَنَّا عَلَى يُوسُفَ وَإِنَّا لَهُ لَنَاصِحُونَ. أَرْسِلْهُ مَعَنَا غَدًا يَرْتَعْ وَيَلْعَبْ وَإِنَّا لَهُ لَحَافِظُونَ. قَالَ إِنِّي لَيَحْزُنُنِي أَنْ تَذْهَبُوا بِهِ وَأَخَافُ أَنْ يَأْكُلَهُ الذِّئْبُ وَأَنْتُمْ عَنْهُ غَافِلُونَ. قَالُوا لَئِنْ أَكَلَهُ الذِّئْبُ وَنَحْنُ عُصْبَةٌ إِنَّا إِذًا لَخَاسِرُونَ

فَلَمَّا ذَهَبُوا بِهِ وَأَجْمَعُوا أَنْ يَجْعَلُوهُ فِي غَيَابَتِ الْجُبِّ وَأَوْحَيْنَا إِلَيْهِ لَتُنَبِّئَنَّهُمْ بِأَمْرِهِمْ هَذَا وَهُمْ لَا يَشْعُرُونَ وَجَاءُوا أَبَاهُمْ عِشَاءً يَبْكُونَ. قَالُوا يَا أَبَانَا إِنَّا ذَهَبْنَا نَسْتَبِقُ وَتَرَكْنَا يُوسُفَ عِنْدَ مَتَاعِنَا فَأَكَلَهُ الذِّئْبُ وَمَا أَنْتَ بِمُؤْمِنٍ لَنَا وَلَوْ كُنَّا صَادِقِينَ. وَجَاءُوا عَلَى قَمِيصِهِ بِدَمٍ كَذِبٍ قَالَ بَلْ سَوَّلَتْ لَكُمْ أَنْفُسُكُمْ أَمْرًا فَصَبْرٌ جَمِيلٌ وَاللَّهُ الْمُسْتَعَانُ عَلَى مَا تَصِفُونَ

«Ўшанда (акалари) айтдилар: Юсуф ва унинг укаси (Бинямин) отамизга биздан кўра суюклироқдир. Ваҳоланки, биз бир тўп (кўпчилик)миз. Ҳақиқатан, отамиз аниқ гумроҳлик узрадир. (Кимдир деди): Юсуфни ўлдирингиз ёки уни бирор ерга чиқариб ташлангиз, шунда отангизнинг ўзи сизларга қолар (фақат сизларга меҳр қўяр). Ундан кейин (яна) солиҳ (киши)лар қавми бўлурсиз. Улардан бир сўзловчи деди: Юсуфни ўлдирмангиз, балки агар (бирор нарса) қилмоқчи бўлсангиз, уни қудуқ қаърига ташлангиз, (шунда) уни баъзи йўловчилар олиб кетар! Дедилар: Эй отамиз! Нечун Сиз Юсуфни бизга ишонмайсиз? Ахир, биз унга жуда хайрихоҳмиз-ку! Эртага уни биз билан бирга жўнатинг, яйраб ўйнасин! Биз унинг учун қўриқловчилармиз. (Яъқуб) деди: Уни олиб кетишингиз мени жуда ташвишлантираяпти, сизлар ундан ғафлатда бўлган чоғингизда (ногоҳ) уни бўри еб кетишидан қўрқаман. Айтдилар: Биз бир тўда бўла туриб, мабодо уни бўри еб кетса, унда биз роса зиён кўрувчилар бўлиб қоламиз-ку?! Бас, уни олиб кетишгач ва уни қудуқнинг қаърига ташлашга келишиб олишгач (уни амалга оширдилар)(Биз) унга: Бу ишлари тўғрисида уларга (кези келганда), албатта, хабар берурсан, ваҳоланки, улар (Юсуф эканингни) сезмайдилар, – деб ваҳий қилдик. Оталари ҳузурига оқшом пайтида йиғлаб келишди.  Айтдилар: Эй отамиз! Биз Юсуфни матоҳларимиз олдида қолдириб қувалашиб кетсак, уни бўри еб кетибди. Рост гапирсак ҳам, (барибир) сиз бизга ишонувчи эмассиз. Унинг кўйлаги узра сохта қон (қўзичоқ қони) билан келдилар. (Яъқуб) деди: Йўқ! Сизларни (ўз) нафсингиз (бундай мудҳиш) ишга ундаган. Бас, (менинг бурчим) чиройли сабрдир. Сизлар тавсифлаётган нарсага (сабр қилишга) Аллоҳ (менга) мададкордир» (Юсуф сураси, 8–18-оятлар).

Аслида, яхши инсон бирор ёмонликни ўйлайди-да, унинг ёмонлигини билгани учун фикридан қацтиши ҳам мумкин. Ёмон одам эса бир кишини урмоқчи бўлиб яқинлашади-да, уни ўлдириб қўя қолиши ҳам мумкин. Шунинг учун улар аввал “Укамизни йўқ қилишимиз керак”, дея гапни бир жойга қўйдилар. Йўқ қилиш йўлларини режалаштириш асносида ичларидан қайсидир бирининг виждони бу қабиҳликни кўтара олмади. Юсуфни ўлдирмасдан, уни қудуқнинг тубига ташлашни, уни бирор-бир йўловчи олиб кетиши мумкинлигини маслаҳат берди. Акаларга бу маслаҳат маъқул келди. Оталарини аврашга тушдилар. “Отажон, эртага Юсуфни биз билан бирга юборинг, еб-ичиб, ўйнаб келади. Албатта, биз уни муҳофаза қиламиз”, дейишди.

Шунда оталари Яъқуб алайҳиссалом ўзлари билмаган ҳолда болаларга “Сиз ундан бехабар қолсангиз, уни бўри еб кетишидан қўрқаман”, деб эътироз билдирди. Акалар машъум ниятларини барибир амалга оширдилар. Юсуфни қудуққа ташладилар. Қайтиб келиб, оталарига биз қувлашмачоқ ўйнаб бехабар қолибмиз, Юсуфни бўри еб кетибди, сизнинг гапингизга кирсак бўлар экан, айтганингиздек бўлди, биз ёшлик қилдик, дейишди.

Юсуфнинг акалари режа тузиб қўйишган, аммо уни амалга ошира олмай юрган эдилар. Чунки оталари олдида жавоб беришни ўйлаб бунга ботина олмасдилар. Оталари ўзи билмаган ҳолда Юсуфни гумдон қилиш йўлини мудҳиш воқеа кўринишида тасвирлаб бердилар. Акалар имкониятни бой бермай, ўйлаган ниятларини амалга оширдилар.

Ота-она фарзандида ҳар доим тўғри йўлни топа олиш кўникмасини шакллантириши лозим.

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг