Спирт аралашган озиқ-овқат ва дори воситаларининг шаръий ҳукми

0
49

Бугунги кунда кимёвий ва бошқа йўллар билан кўплаб дори воситалари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида спирт ишлатилади. Янги саноат турларида унга катта эҳтиёж мавжуд ва бу умумий муаммога айланиб улгурган. Спирт қандай мақсадларда ишлатилгани эътиборидан, унинг шаръий ҳукмини билиб олиш лозим бўлади.

Спирт асосан уч мақсадда ишлатилади: даволанишда; ташқи истеъмолда. Яъни, сиёх, атир ва бўёқ кабиларда фойдаланилади; озиқ-овқат маҳсулотларида. Мисол учун: шоколад, музқаймоқ, пишириқ ва бошқа маҳсулотларда спирт қўлланилади.

Даволанишдаги спирт қўлланилишига келсак, бизнинг мутааххир ҳанафий уламоларимиз бу борада имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳнинг: “Агар унда шифо борлиги билиниб, ўзга шифо маълум бўлмаса, ҳаром ила даволаниш жоиз”, деган сўзларига фатво беришган. Мутааххир уламоларнинг наздида мазкур ҳаромлик умумий бўлиб, ҳатто хамрни ҳам ўз ичига олади[1].

Шофеъийлар шифо экани тайин бўлиш шарти ила маст қилмайдиган ҳаром нарсалар билан даволанишга ижозат беришган. Уларнинг наздида маст қилувчи нарса билан даволаниш жоиз эмас[2]. Тўғри, агар хамр бошқа дори воситасининг таркибига кириб, асли йўқолиб кетган бўлса, унинг ҳукми бошқа ҳаром нарсалар каби бўлади. Яъни, бошқа даво бўлмаса, ундан фойдаланиш жоиз.

Алллома Рамлий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Энг саҳиҳ гап, даво учун бўлган соф хамрнинг ҳаромлигидир… Бироқ у бошқа дори воситасининг таркибига кириб, асли йўқолиб кетган бўлса, бошқа нажосатлар каби у билан ҳам даволаниш мумкин. Аммо унинг даво экани билиниши ёки адолатли табиб унинг фойдали экани ёхуд ундан бошқа пок нарсалар фойда бермаслигини айтиб, ўша дорини таъйинлаши шарт”[3].

Моликий ва ҳанбалийлар ҳаром нарсалар билан даволаниш мумкин эмаслигини айтишган. Бунда хамр ва бошқа ҳаром нарсалар баробардир[4]. Бироқ моликийларнинг хамр бошқа дорига аралашган ва муолажа учун таъйин бўлган вақтда уни истеъмол қилиш жоизлиги борасида ҳам айтилган гаплари мавжуд.

Хулоса шуки, моликий ва ҳанбалийлар наздида хамр билан даволаниш мутлақ ножоизлиги кучлироқ ҳисобланади. Шофеъий ва баъзи моликийлар наздида хамр бошқа дори билан аралаштириб юборилган ва муолажа учун таъйин қилинган ҳолатда у ила даволаниш ҳалол. Ҳанафийларнинг кучли сўзига кўра касаллик учун бошқа даво бўлмаган вақтда (бошқасига аралаштириб, моҳияти ўзгартирилмаган бўлса ҳам) у ила даволаниш жоиз.

Спиртни даволанишдан бошқа атир, сиёҳ ва бўёқлар каби ташқи истеъмол учун ишлатишга келсак, унинг ҳукми спиртнинг нажосат ёки поклигига қараб бўлади. Ҳанафий мазҳабидаги ихтиёр қилинган сўздан собит бўлишича, (хурмо ёки узумдан тайёрланган) тўрт турдаги ичкиликдан бошқаси нажосат эмас. Истеъмолда ишлатиладиган спирт ўша тўрт турдаги ичимлик қаторига кирмагани сабабли Абу Ҳанифа ва Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳларнинг сўзига кўра нажосат эмас ва таркибида спирт бўлган атир, сиёҳ, бўёқ кабиларни ишлатиш жоиз.

Шунингдек, “Хамр ва унинг маъносидаги ичимликлар ҳаром, бироқ нажосат эмас. Ояти каримадаги رجس – ифлосликдан мурод ҳиссий эмас, ҳукмий нажосатликдир”, деган уламоларнинг сўзига кўра ҳам уларни ишлатиш жоиз. Бу ҳукм имом Молик раҳматуллоҳи алайҳнинг шайхлари Робиъа ибн Абу Абдурраҳмон, шофеъийлардан Аллома Музаний, Лайс ибн Съадларга тегишли ҳисобланади[5].

Моликий, шофеъий ва ҳанбалийларнинг сўзига кўра спирт аралашган атирларни пок деб ҳукм қилиш жуда мушкул. Чунки уларнинг наздида барча хамр турлари нажосат саналади. Агар улардан бирор нарса сувдан бошқа суюқликларга аралашса, гарчи у суюқлик катта мидорда бўлса ҳамда суюқликнинг сифатлари ўзгармаса ҳам хамр турлардан бири уни нажосат қилади[6].

Мазкур мазҳабларда танланган  фатво мана шу. Бироқ ана шу уч мазҳабнинг ҳар бирида “Ҳамма суюқликлар сувнинг ҳукмидадир”, деган маржуҳ – қувватсиз сўз бўлиб, уни Аллома Ҳаррони раҳматуллоҳи алайҳ зикр қилган[7]. Унга ҳошия ўлароқ ёзилган мазҳаб китобларида бу қавлга раддия берилган.

Айтиб ўтганларимиздан ҳулоса шуки, таркибига спирт аралашган нарсаларнинг пок эканига ҳукм қилиш тўрт имомдан фақатгина Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг сўзи ёки Робиъа ва бошқа уламоларга нисбатланган сўзларга кўра тўғри бўлади.

Спирт аралаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ёки ичимликларга келсак, имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг қавлига кўра уларнинг ҳукми – маст қилиш даражасига етиб бормаса, ҳаром эмас. Мутааххир ҳанафий уламолар жумҳурнинг мазҳабига мувофиқ келувчи имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳнинг “Кўпи маст қилувчи нарсанинг ози ҳам ҳаром” деган сўзига фатво беришган. Бироқ мазкур фатво тўғридан-тўғри уларнинг ўзини тановвул қилишга тегишли. Бордию, спирт бошқа моддага аралаштириб юборилса ва унинг моҳияти ўзгарса, уни тановвул қилиш ҳалол. Бироқ бошқа нарсага айланишда спиртнинг моҳияти қолмаслиги лозим. Зеро, сифатлар ўзгаришининг ўзгинаси “ўзгариш” маъносини тўлақонли тарзда амалга оширмайди[8].

Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ бундан огоҳлантириб: “Шиннида моҳият ўзгариши бўлмайди. Чунки у пишириш натижасида қотган шарбатдир. Шунингдек, кунжут янчилиб, ёғи қолган қисмига аралашса, бунда фақат сифат ўзгариши рўй беради. Бу худди пишлоққа айланган сут, унга айланган буғдой ҳамда нонга айланган унга ўхшайди. Аммо сиркага айланган хамр ва туз конига тушиб кетиб, тузга айланиб кетган эшак бундай эмас… Буларда шунчаки сифат ўзгариши эмас, бир моҳият бошқа моҳиятга айланади”, дейдилар[9].

Агар спиртнинг моҳият ўзгариши амалга ошмасдан фақатгина сифат ўзгариши содир бўлса, барча тўрт мазҳаб уламоларининг фатвосига кўра ундай озиқ‑овқат ҳалол бўлмайди.

Ғофуров Илҳомжон

Тошкент ислом институти

“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси

[1] Муҳаммад Тақий Усмоний. Такмилату фатҳил мулҳим. Китабул ҳудуд. – Ж. 2. – Б. 179,180.

[2] Муҳйиддин Нававий. Ал‑мажмуъ шарҳул муҳаззаб. – Ж. 9. – Б. 50,51.

[3] Рамлий. Ниҳоятул муҳтож. – Ж. 8. – Б. 14.

[4] Ибн Қудома. Муғний. Китабул атъима. – Ж. 11. – Б. 83.

[5] Қуртубий. Ал‑жомиъ лиаҳкамил қуръон. – Ж. 3. – Б. 269.

[6] Муҳйиддин Нававий. Ал‑мажмуъ шарҳул муҳаззаб. Китабул ҳайз. – Ж. 1. – Б. 125.

[7] Ибн Таймия. Мажмуъу фатаво. – Ж. 21. – Б. 489.

[8] Муҳаммад Тақий Усмоний. Фиқҳул буйуъ. – Ж. 1. – Б. 298.

[9] Ибн Обидин. Роддул муҳтор. Бобул анжос. – Ж. 2. – Б. 349. 2853 бўлим.

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг