ТАСАВВУР (6-қисм)

0
52

Ота-онанинг ҳар қандай воқеага нисбатан қатъий муносабати бўлиши керак. Ота-онанинг фарзанд келажаги ҳақида дилига тугиб юрган ўй-ташвишлари, режалари, хоҳиш-истаклари пухта ўйланган ҳаракатларга айланиши шарт. Ота-она муаммолар олдида ўзини йўқотиб қўймасдан, “Айни шу вазиятда қўлимдан нима келади?” деб ўзига-ўзи савол бериши лозим. Ечим, албатта, топилади.
Дейлик, бола ўзини ҳар доимгидан бошқача тутяпти. Кичиклиги боис ўзидаги ўзгаришларни, танасидаги оғриқни ифодалаб бера олмаяпти. Тинмай инжиқлик қиляпти, ўқтин-ўқтин йўталяпти. Бу ҳолатда ота-она нима қилиши мумкин? Албатта, фарзандига раҳми келиб, уни шифокорга олиб боради. Хуллас, диққат жамланса имкониятлар юзага чиқади. Шулардан энг яхши натижа берадиганини қўллаб, муаммодан қутулиш мумкин.
Ёки фарзандингизни олий маълумотли бўлишини, жамиятда зиёлилар сафида кўришни чин дилдан хоҳлайсиз. Юқорида айтиб ўтилганидек, шу хоҳиш-истагингизни пухта ўйланган ҳаракатга айлантиринг.
Тахминан, мана бундай:
Ўғлингиз ёки қизингиз келажакда тиббиёт соҳасида етук мутахассис бўлишини хоҳлайсиз. Бу яхши! Шифокор бўлиш учун бола нималардан хабардор бўлиши керак? Буни маҳаллангиздаги оилавий поликлиникага чиқиб, ҳудудингизга бириктирилган шифокордан ҳам сўршингиз мумкин. У сизга “Шифокор кимёни, математикани, фалон-фалон фанларни яхши билиши керак”, дейди. Бу – биринчи қадам. Кейин-чи? Фарзандингизга яхши кимё ўқитувчисини топиб, ҳафтада бир кун ёки икки кун шуғуллантиринг. Маълум муддатдан кейин болага кимё фани таниш бўлиб қолганига ишонч ҳосил қилсангиз, уни қийнамайдиган қилиб математикани қўшиш мумкин. Шундай қилиб хоҳиш-истакларингизни пухта ўйланган ҳаракатларга айлантириб борасиз. Албатта, бу ўз-ўзидан бўлмайди. Куч, маблағ, эътибор талаб қилади.
Лекин шуни ҳам эътибордан қочирмаслик керак-ки, фарзандингизда ҳам бу соҳага лаёқат, хоҳиш бўлиши керак. Масалан, қондан қўрқадиган болани шифокор бўлишга мажбурлаш уни майиб қилиб қўяди.

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг