ҲЕЧ КИМ МЕҲР ВА ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА ЭМАС

0
175

 

Жорий йил 25 декабрь куни “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан бошланган хайру саховат тадбирлари айни авжига чиқди. Бугун юртимиздаги барча имом-хатиблар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш баробарида “Меҳрибонлик” уйларига ҳам кириб, у ерда тарбияланаётган ёшларга мурувват улашяпти.

Ана шундай тадбирларнинг бевосита иштирокчиси сифатида мен пойтахтимиздаги 1-, 2-, 21- ва 30-сонли “Меҳрибонлик”  уйларига бориб, у ердаги ёшларни кўриб, кўзларимга шашқатор ёшлар қуйилди.

Гап шундаки, ҳатто оламлар сарвари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳали туғилмасларидан бурун оталаридан, кичик ёшларида оналаридан айрилиб қолганлари хаёлимга келди.

Муқаддас динимиз Исломда жамиятнинг ҳар бир аъзосига алоҳида эътибор билан муносабатда бўлинади. Зеро, хоҳ кичик, хоҳ катта бўлсин, ҳар бир инсон ҳурмат-эҳтиромга лойиқдир. Жумладан меҳр-мурувватга муҳтож етим болалар ҳам.

Афсуски, орамизда ота-онаси вафот этиб кетган ҳақиқий етимлар билан бир қаторда тирик етимлар ҳам етарлича топилади. Уларнинг ота-онаси маълум сабабларга кўра ўз фарзандларини ташлаб кетганлар. Бироқ унутмаслик керакки, улар охиратда бунинг жавобини берадилар, фарзандларидан нима сабаб тонганлари, нима учун уларга меҳр-мурувват кўрсатмаганлари ҳақида сўроққа тутиладилар.

Ҳадиси шарифда: «Ким етимнинг бошини фақат Аллоҳ (розилиги) учун силаса, қўли силаган сочнинг ҳар бир толаси унинг учун ҳасанот бўлади. Ким ўзининг қарамоғидаги қиз ёки ўғил етимга яхшилик қилса, мен ва у жаннатда мана шундай бўлади”, деб кўрсаткич ва ўрта бармоқлари орасини очганлар» (Имом Аҳмад ривояти).

“Меҳрибонлик” уйларидаги айрим ёшларга совғаларни бераётиб, уларнинг фикрлари билан ҳам қизиқдик. Ўзини Маҳмуд деб таништирган 14-15 ёшлар чамасидаги ўспирин: “Мен келажакда, албатта, сахий бой бўлиб, имконим борича одамларга яхшилик қиламан, совғалар улашаман. Сизлар каби ҳар бир муҳтож одамга мурувват кўрсатаман”, дейди.

Ҳадиси шарифда: “Му­сул­монларнинг энг яхши уйи унда етим яхшилик кўрадиган уйдир. Му­сул­мон­лар­­нинг энг ёмон уйи унда етимга ёмонлик қили­на­диган уйдир. Мен ва етимни кафилига олган киши жаннатда мана шун­дай бўлади”, деб икки бармоқларини бир-бирига жипслаштириб, ишора қилдилар (Имом Бухорий ривояти).

Дарҳақиқат, халқимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмаган. Қаерда етим бўлса, уни боқувчи, тарбиясига олувчи ҳимматли инсонлар бўлган. Ҳозир ҳам бу эзгу анъана давом эттирил­моқ­да. Жумладан, ҳукуматимиз томонидан етим болаларга алоҳида ғамхўрлик қилинмоқда, уларнинг тураржойлари таъмир­ланиб, уст-бош ва озиқ-овқат билан бекаму кўст таъминлан­моқда.

Бунинг исботини яққол кўриб турибмиз.

 

Саҳобиддин САТИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Тошкент шаҳар вакиллиги Ахборот-таҳлил маркази бошлиғи

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг