УМР – НАМОЗСИЗ АЗОН БИЛАН, АЗОНСИЗ НАМОЗ ОРАЛИҒИДАГИ ДАВР

0
124

Юксак тараққий этган даврда яшаяпмиз. Техника ҳар қанча ривожланмасин, барибир, инсон кўп нарсалар олдида ожиз қолмоқда. Шулардан бири ҳаёт ва ўлимдир.

– Ҳаёт нима? – деб сўрадим бир куни бобомдан.

– Азон билан намоз ораси, – деб жавоб берди.

– Умр шунча қисқами, бобожон? – дедим.

– Балки… Азон билан ўша намозни биласанми?

– Йўқ, билмайман.

– У шундай азонки, намози йўқ. Бу – янги туғилган чақалоқнинг қулоғига айтиладиган азон. У шундай намозки, азони йўқ. Бу – инсон ошини ошаб, ёшини яшаб, вафот этганда ўқиладиган жаноза намози.

Дарвоқе, муқаддас динимиз инсоннинг фақат моддий эҳтиёжларини эмас, балки маънавий, маърифий эҳтиёжларини ҳам қондиришда муҳим аҳамиятга эга. Эндигина туғилган чақалоқнинг қулоғига дастлаб энг улуғ калом – Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар сўзларини эшиттириш динимиз таълимотларидандир.

Янги туғилган чақалоқ оппоқ матога ўралади, чунки динимизда матоларнинг энг афзали оқ экани айтилган. Тезда ўнг қулоғига азон, чап қулоғига такбир айтиш, Парвардигордан фарзандига ихлос ва эътиқод билан дунё ҳамда охират яхшиликларини сўраш лозим.

Абу Рофеъдан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Фотима ва Алининг ўғиллари Ҳасан туғилганида қулоқларига азон (ва такбир) айтганларини кўрдим».

Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда эса: «Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Ҳасан ибн Али туғилганида (ўнг) қулоғига азон айтиб, чап қулоғига такбир айтдилар», дейилган.

Ҳасан ибн Али (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Ким фарзандли бўлса, унинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига такбир айтса, унга уммус сибён зарар бермайди”, дедилар».

Ҳадисдаги «уммус сибён» шайтон бўлиб, у болаларга зарар ё касаллик келтиришини муҳаддислар айтишган. Чақалоқ қулоғига азон билан такбир айтишдан мақсад, бола дунёда биринчи эшитадиган овоз ва сўз Аллоҳнинг муборак исми бўлишидир. Шунингдек, ушбу азон ва иқомат сабабидан бола турли бало ва дардлардан саломат қолади, унга шайтон таҳдид қилмайди. Чунки шайтон азон овозидан тумтарақай қочади.

Фарзанд туғилганда, унга чиройли исм қўйиш ота-­онанинг фарзанд олдидаги масъулиятларидан ҳисобланади. Ислом тарихида бўлиб ўтган ажойиб ҳодисалардан хабардор ҳар бир ота­ она қандай шароитда бўлмасин, фарзандига чиройли, маъноси ҳам гўзал исм қўйишга ҳаракат қилади. Зеро, исм ўз эгасининг хулқ-­атворига, ҳатто тақдирига ҳам таъсир қилиши айтилган. Қиёмат куни ҳар бир инсон ўз исми билан чақирилади.

Абу Дардодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Батаҳқиқ, қиёмат куни сизлар ўз исмларингиз ва оталарингиз исмлари билан чақириласизлар. Бас, (шундоқ экан) исмларингизни гўзаллаштиринг!»

Бола туғилганида кўпинча ота-­оналар унга қандай исм қўйишга ўйланиб қолишади. Лекин кўп бош қотирмай, маъноси ғализ исмларни қўйиб юборишади. Шу исм бола билан нафақат фоний дунёда, балки қиёматда, жаннат ё дўзаҳда ҳам бирга бўлади. Бу мавзуга Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Дарҳақиқат,  Аллоҳ таолога энг ёқадиган исмларингиз “Абдуллоҳ” ва “Абдурроҳман”», дедилар.

Ҳадисда исм қандай бўлиши кераклиги очиқ баён қилинган. Киши ўзининг Аллоҳ таолога суюкли эканини билдирмоқчи бўлса, «Абду…» билан бошланадиган исмларни қўйсин, чунки бундай исмлар инсон Аллоҳ таолонинг қули эканини ҳамиша билдириб туради.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Пайғамбарларнинг исмларини олинглар, Аллоҳ таолога энг ёқадиган исмлар “Абдуллоҳ” ва “Абдурроҳман”дир, энг садоқатлиси “Ҳорис” ва “Ҳам­мам”дир, энг ёмони “Ҳарб” (уруш) ва “Мурра” (аччиқ)дир», деб марҳамат қилганлар.

Ўғил болаларга пайғамбарларнинг  муборак исмларини қўйиш ҳам мақсадга мувофиқ сана­лади. Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) исмларидан «Муҳаммад», «Аҳмад» кабиларни қўйиш фа­зилатлидир, аммо у кишининг кунялари билан «Абул­қосим» деб исм қўйиш жоиз эмас.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) ёмон ва хунук исмларни ўзгартиришга буюрганлар. Масалан, ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу)нинг  қизлари Осия (гу­ноҳкор) исмини Жамила (чиройли, гўзал) деб ўзгартирганлар. Ҳадисларда яна у зотнинг «Ҳарб» (уруш), «Мурра» (аччиқ) каби хунук исмларни яхшисига алмаштиришни буюрганлари нақл қилинган.

Шу ўринда Умар ибн Ҳаттоб (розияллоҳу анҳу) давр­ларида бўлиб ўтган ажойиб воқеани эсга олиб ўтиш фойдадан холи эмас. Умар ибн Ҳаттоб ҳузурларига бир киши келиб, ўғлини оқ қилганини айтди. Умар (розияллоҳу анҳу) ўғлини чақир­тириб, отаси оқ қилганини билдиргач, отасининг ҳақла­рига риоя қилмагани учун унга танбеҳ бердилар. Шунда у йигит: «Эй мўминлар амири, отанинг устида боланинг ҳақлари йўқми?» деди. «Бор», деб жавоб қилдилар ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу). «Улар қайсилар?» деди йигит. «Ота боласига яхши она топиши, чиройли исм қўйиши ва Қуръонни ўргатишидир», деди ҳазрат Умар. «Бўлмаса, отам ҳеч нарса қилгани йўқ экан­да. Онам бир мажусий қўлида қора ишчи бўлиб ишлаяпти. Исмим Хунфусо (гўнг титадиган қўнғиз маъносини англатади). Қуръоннинг эса бирон ҳарфини билмайман, отам ўргатмади», деди йигит.

Шунда Умар (розияллоҳу анҳу) йигитнинг отасига: «Олдимга келиб ўғлингни оқ қилмоқчи бўлдинг, ваҳоланки, у сени оқ қилиши керак экан­ку! У гуноҳ қилишидан олдин сен гуноҳ қилибсан», дедилар.

Фарзандга яхши исм қўйганидан кейин уни чала­ярим қилмай, тўлиқ ва гўзал талаффуз қилиш лозим. Афсус, баъзи оилаларда исмни қисқартириб чақириш одат ту­сига кирган. Масалан, «Абдуллоҳ»ни (Аллоҳнинг бандаси) «Абди», «Абдул» дейишади, бу иш исм эгасига ҳам, Парвардигорга ҳам катта ҳурматсизликдир.

Мухтасар айтганда, инсон умри – намозсиз азон билан азонсиз намоз оралиғидаги давр. Демак, вақт оз, фурсат қисқа. Имкон борида эзгулик ишларни қилиб қолайлик. Шундагина чинакам саодатга, бахтга эришамиз.

Муҳаммадзариф ЭРГАШ ўғли,

Яккасарой туманидаги «Раҳимжон ҳожи ота» жоме масжиди имом ноиби.