АРШНИ ТИТРАТАДИГАН СЎЗ ёхуд қушнинг ҳам ини бузилмасин!

0
134

Ҳидоят сари

Аллоҳ таоло бутун борлиқни, шу жумладан, инсонларни ҳам мукаммал тарзда яратди. Бу, албатта, илоҳий қонунларга асосланади. Борди-ю, бунга қарши чиқилган жойда парокандалик юзага келади. Бугун афсуски, қайнонанинг, қайнотанинг, қайинопанин, қайинсингилнинг келин-куёв ҳаётига ноҳақ аралашуви кўплаб нохуш ҳолатларга, айрим ҳолларда Аршнинг ларзага келишига ҳам сабаб бўлмоқла.

Биз тенгилар яхши эслашади, Авваллари кўп фарзандлилик, икки ва ундан ортиқ авлод вакилларининг биргаликда баҳамжиҳат бир том остида яшаши оилавий қадрият ҳисобланган. Бундай оилада вояга етган фарзандлар одоб-ахлоқли, меҳр-оқибатли бўлишган. Бугун-чи? Урбаниизация жараёнлари бундай анъаналарга путур етказаётгандек, назаримда. Авваллари уйлар кичик, кўримсиз эди, бироқ оилалар ҳузур-ҳаловат, меҳр-оқибатда яшашарди. Бугун уйлар кенгайгандан кенгайди, лекин афсуски, қалблар торайиб боряпти: бир она қорнига сиғган ака-укалар, опа-сингилларга ҳайҳотдек ҳовлилар торлиқ қиляпти.

Бу масаланинг биринчи томони. Иккинчи томони, ҳинд халқининг буюк фарзандни Маҳатма Ганди айтганидек, уйнинг деразаси очилганда тоза ҳаво билан бирга чанг-ғубор, ҳатто довул ҳам ёпирилиб кириб келганидек, глобаллашув даврида ижтимоий тармоқлар, интернет сайтлари, ойнаи жаҳон орқали чет элнинг удумлари ҳам “бостириб” келяпти. Оқдан қорани, яхшидан ёмонни ажратиш учун инсоннинг имони бутун, маънавияти мустаҳкам бўлиши зарур. Афсуски, бугун ҳамманинг ҳам маънавий иммунитети эзгуликдан ёвузликни ажратиб ололмаяпти.

Оилавий ажримларга, асосан, тенглик удуми бузилгани сабаб бўлмоқда. Келин ёки куёвнинг бадавлат оиладан бўлиши барча нарсадан устун қўйилмоқда. Иккинчидан, тўйдан олдинги тиббий кўрикдан ўтмаслик. Куёв ёки келиндаги бирор касаллик тўйдан кейин ошкор бўлиши оқибатида оилалар ажрими содир бўлмоқда. Учинчидан, минг афсуски, оиланинг муқаддас эканини унутиб қўйяпмиз. “Фалончининг ўғли аёли билан ажрашибди”, десангиз, “Майли, бошқасига уйланиб олади”, деган жавоб қайтарадиганлар ҳам орамизда учрамоқда. Ахир оила пойабзал эмас-ку, бу бўлмаса, бошқаси дейилса. Тўртинчидан, арзимас сабаблар билан уйига кетиб қолаётган қизларнинг онаси сабабчи бўляпти. Бундай пайтда оналар: “Бизнинг авлодимизда оиласидан ажрашган чиқмаган, ўша уйнинг бекаси бўлдингми, иссиғига ҳам совуғига ҳам чида”, деган гапни айтиши керак. Йўқ, баъзи оналар қизига қўшилиб ҳасрат қилади. “Кичкина қорнимга сиққан қизим, катта ҳовлимга сиғмайдими”, деб оилани жар ёқасига олиб келади. Тўғри, ҳар бир она фарзандим дейди, ачинади. Лекин оналар турмушнинг муштлари бўлиши, аччиқ кунларга сабр, бахтли кунларда шукр қилиш ҳақида таълим берса, оила яна бахтиёр турмуш кечириши мумкин.

 

Илоҳий қонунни бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ

Мутахассислар Янги Зеландияда кўнгилли ўттизта оила ўртасида синов-тажриба (экспримент) ўтказишибди. Ўн бешта оилага эркакларни, қолган ярмига эса аёлларни оила бошлиғи қилиб тайинлашибди. Оила раҳбарларининг айтгани – айтган, дегани – деган бўлиш шарти остида. Орадан 12 кунча вақт ўтгач, текшириб кўришса, эркаклар бошлиқ бўлган хонадонларда оила аъзоларининг бир-бирига меҳр-оқибати кучайиб, фарзандларнинг таълим-тарбияси сезиларли даражада ижобий томонга ўзгариб, фароғат қасрининг мустаҳкам пойдевори ўрнатилибди. Аёллар бошлиқ бўлган оилалар эса инқирозга учраб, хонадон аъзолари ўртасида асаб касалликлари, инфаркт (юрак хуружлари), инсульт (мияга қон қуйилиш) ҳолатлари кўпайиб кетибди. Таълим-тарбия издан чиқибди.

Хўш, нега шундай бўлган? Сабаби, бу ерда илоҳий қонун бузиляпти. Бежиз Аллоҳ таоло “Аёллар” (Нисо) сурасида: «Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир» (34-оят), деб марҳамат қилмаган.

Эркак зотининг аёлдан баъзи хусусиятларда ортиқ қилиб яратилганида бир неча ҳикматлар мужассам. Тафсирларда, жумладан, қуйидаги шаръий нуқтаи назардан эркакларга хос хусусиятлар қайд этилган: пайғамбарлик, раҳбарлик, жисмоний куч-қувват, оила нафақасига масъуллик, ақлу идрок, хотира ва тафаккурнинг зиёдалиги, имом-хатиблик, муаззинлик, жамоат билан намоз ўқиш, жума намозининг вожиб бўлиши, ташриқ такбирини айтиш, Ватан ҳимояси, тўлиқ гувоҳлик, талоқ бериш ҳуқуқига эга бўлиш, оила номини унга нисбат берилиши, намоз ва рўзани узрсиз адо этиш ва бошқалар. Шу ва бошқа жиҳатларини ҳисобга олиб, аёл кишининг эрига нисбатан итоатли, ҳимоятли ва иффатли бўлиб, оила тотувлиги йўлида доимий ҳаракатда бўлиши диёнат жиҳатидан талаб этилган.

Демак, Аллоҳ жорий қилиб қўйган илоҳий қонун – оилада эркакнинг раҳбар бўлишига монелик қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Ҳаёт формуласи

Оддийгина, ҳамма биладиган бир формула бор. Буни англаб етиш учун катта иқтидор, истеъдод талаб этилмайди. Буни, таъбир жоиз кўрилса, ҳаёт формуласи дейиш мумкин:

  • йигит – қиз ёки аксинча: қиз – йигит (тил қоидасига кўра, тире (–) билан бериляпти. Чунки бу иккаласи жуфт сўз эмас);
  • келин-куёв (келинга эҳтиром бор);
  • эр-хотин (оила қурилгандан кейин);
  • ота-она (фарзандли бўлгандан кейин);
  • чол-кампир ёки бобо-буви (набирали бўлгандан сўнг).

Оқимга қарши сузган киши чўкканидек, қонун-қоидаларга зид иш қилган киши албатта панд ейди. Ҳаёт формуласини бузган, яъни аёл эркакдан олдинга ўтиб кетса ёки иккаласининг ўрни алмашса, оилалар барбод бўлади. Бир дона гугурт бутун бошли ўрмонни кулга айлантирганидек, оилаларнинг инқирозга учраши жамиятга, жамиятнинг таназзулга юз тутиши давлатга жуда катта зарар келтириши турган гап.

Демак, биз ўзимизча “Америка кашф этишимиз керак эмас”. Илоҳий қонун аллақачон тузиб қўйилган. Шунга риоя қилсак бас – турмушимиз фаровон бўлади. Зеро, қушнинг ҳам ини бузилишини истамайдиган халқмиз. Тилимизга эрк бериб, оилани бузадиган сўзни айтсак, Арш ларзага келади. Худо асрасин!

 

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг