ХИЁНАТЧИЛАР БИЗДАН ЭМАС

0
98

Мавзуга киришдан аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг муборак ҳадиси шарифларини келтириб ўтсак. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар кимда-ким бизларга қарши  қурол кўтариб, ўқталиб, қарши чиқадиган бўлса бизлардан эмас. Кимки бизларга хиёнат қилса, яна кимда ким бизларга хилоф қиладиган бўлса  бизлардан эмас” дедилар.

Шу сабабдан ҳозирги кунларда дунёдаги барча мусулмонлар, улар қатори бизнинг халқимиз ҳам синовли кунлар бошдан кечирмоқда. Айни пайтда, қўлимиздан келганча давлатимиз томонидан берилаётган кўрсатмаларга амал қилиб, халқимизга ҳам юртимиздаги мўмин-мусулмонларнинг хақларига ҳам хиёнат қилмаслигимиз лозим. Зеро, Абу Хурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан ривоят қилган муборак ҳадиси шарифларида: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Мадина бозорларига тез-тез чиқиб, бозорларни кўздан кечириб турадиган яхши одатлари бор эди. Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Мадина бозорларини айланиб юрган эдилар. Қарасалар бир савдогар қопларга солинган  буғдой сотиб турган экан. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам келдиларда, муборак қўлларини қопнинг ичига солдилар. Солган пайтларида қопни тепасидаги буғдой қуруқ ҳолатда, пастки қисми эса нам ҳолатда эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ўша сотувчига қараб,

  • Эй биродар, манабу нам теккан буғдойни сотишдан Аллоҳдан қўрқмайсанми дедилар. Шунда сотувчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга мурожаат қилиб,
  • Эй Аллоҳнинг Расули яқинда ёғингарчилик бўлиб, мана шу буғдойларим ёғингарчиликда қолган экан, шунга нам бўлиб қолган экан, деб жавоб қайтарди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам,
  • Мана шу буғдойинга нам теккан бўлса, намланган буғдойингни қуруқ буғдойни тепасига чиқазиб сотмайсанми?!, (яъни ўша камчиликларини, айбу нуқсонларини кўрсатиб сотмайсанми) деб, танбеҳ бериб айтдиларки:
  • “Агар кимда ким бизларга нисбатан, мусулмонларга нисбатан хиёнат қиладиган бўлса, у инсон бизлардан эмас”.

Азизлар мана шу сабабдан биз мусулмонлар ҳозирги пайтда ниҳоятда хушёр бўлишимиз, яъни, шу кунларда нарх навони оширишмай, балки уларнинг таннархини туширишимиз керак. Шунинг учун ҳозирги пайтда қайси биримиз бозорларда ҳамда дўконларда нархларни сунъий равишда ошириб, қимматлаштириб сотадиган бўлсак, мана шу халқимизга, мусулмонларга нисбатан хиёнат бўлар экан. Шу сабабдан бизни ота-боболаримиз ҳар қандай қийинчилик кунларни кўрганлар кезларда ҳам, қахатчилик, вабо, уруш йиллари, очарчилик бўлган йилларини бошдан кечирган пайтларда ҳам бунчалик ноинсофчиликка бормаганлар. Юртимиз мусулмонлари ҳам ҳозирги бутун дунёни қийин аҳволга солган бир пайтда нарх-наволарни тушуриб, қўлимиздан келганча махсулот ва хизматларни арзонлаштириб берадиган бўлсак, юқоридаги келтириб ўтилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  ҳадиси шарифларида келтирилган хиёнат борасидаги ваъиддан сақланган бўлар эканмиз.

Равшанбек домла Раимқулов

Тошкент шаҳар

“Гўзал” масжиди

имом-хатиби

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг