Ислом динида етимлар ва уларнинг ҳақлари (1-қисм)

0
231

Еру осмонларни, ундаги улкан махлуқоту, кўзга кўринмас даражадаги майда нарсараларни ўзининг чексиз илму ҳикмати билан яратиб қўйган, ер юзига “Инсон” аталмиш бандаларини тушириб, уларни синов майдонида имтиҳон қилгувчи Холлақи оламга чексиз ҳамдлар бўлсин.

У зотни яралишлиги бошқа махлуқотларнинг халқ бўлишига сабаб бўлган, инсонийликнинг энг юқори чўққисидан жой олган, Тангри таолонинг наздида бандаларнинг энг афзали, уларнинг суюклиги, ёш бўла туриб етимлик таъмини тотган Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга мислсиз дуруду саловотлар бўлсин.

Мушкул дамларда бирга бўлиб, ҳурсандчиликларини баҳам кўрган аҳли оллари, саҳобалари ва у киши қолдирган меросни тарқатишда жонлари, моллари билан ҳамда улкан хизматлари билан хисса қўшган зотларининг барчаларига Аллоҳнинг марҳати нозил бўлсин.

Инсон аталмиш зот дунё ҳаётига ташриф буюриб, улғайиб, оила қуриб умр кечиради. Албатта, ҳар бир инсон кимнингдир отаси, кимнингдир онаси, кимнингдир опаси, кимнингдир акаси шу билан биргаликда, албатта кимнингдир боласи.

Ҳаёт оқар сув каби маълум бир муддат ичида ўтиб кетади. Тангрининг белгилаб қўйган тақдири ҳамма учун баробар, яъни ҳамма ўзи учун белгиланган ризқни олади, белгиланган умрни яшайди, тақдирда белгилан яхшиликка шукр билан ва мусибатни сабр билан қарши олади.

Ҳаммамиз ҳам дунё ҳаётида ўз олдимизга қўйган мақсадларимизни амалга оширишга интиламиз. Ортимиздан қолиб дуо қилувчи зурриётлар қолиши ҳақида ўйлаймиз. Умр аталмиш буюк неъмат ҳаммага ҳар хил берилган. Кимдир узоқ умр кўрса яна кимникидир қисқа бўлади.

Охират манзилига етган бандаларнинг аксарини ортидан зурриётлари кузатиб қоладилар. Барчанинг бошида бу кунга етишлик муқаррар. Ота-онасидан айрилганни “етим” деб юритилади. Бу қўпол сўзга ўхшасада бир кун биз ҳам ўша сўзнинг тахтига дохил бўлмоғимиз тайин. Шунинг учун ота-оналаримизнинг ҳаётлари чоғида уларнинг ҳурматларини жойига қўйиб, хизматларида қоим бўлишимиз даркор.

“من خدم خدم” дейилганидек биз қанчалик хизмат қилсак, шунчалик хизматга лойиқ бўламиз.

Ислом дини барча нарсаларга эътибор қаратгани сингари – “етим”ликка ҳам катта аҳамият берилгандир. Маълумки барча Ислом аҳлининг асосий диний таълимот манбаи бўлмиш Қуръони Каримда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни бутун башариятга ўзи тарафидан элчи қилиб юборишининг қатор сабабларидан бири сифатида етимларни ўз тарбиясига олиши, уларга руҳий, жисмоний ва моддий мадад бериб, ота-онаси йўқлигини билдирмаслик Аллоҳ таоло наздида энг севимли амаллардан биридир.  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида етимлар жамият учун омонат ҳисобланиб, уларга ғамхўрлик қилиш давлатга вазифа қилиб юклатилган эди.

Бутун оламларга Раҳмат қилиб юборилган, хотамун набий бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оталари Абдулмутталибнинг ўғиллари Абдуллоҳ ўн саккиз ёшга кирганда отаси унга Қурайш аёллар орасида насл-насаб жиҳатдан энг зоти поклардан ҳисобланган Оминани олиб бердилар. У Абдуллоҳга турмушга чиққач, Пайғамбар алайҳиссаломга ҳомиладор бўлдилар. Гумона эндигина  икки ойга тўлганда Шомга савдо сотиқ билан бориб келаётган Абдуллоҳ ибн Абдулмутталиб қазо қилиб, Мадинада дафн этилдилар. Оминанинг ой куни тўлгач оламни мунаввар этгувчи чақалоқ дунёга келди.

Тақдирни қарангки ҳали дунё юзини кўрмаган улуғ зот оталаридан жудо бўлиб, илк қадамини етимлик маконига қўйди. У зотнинг атрофида парвона бўлаётган яқинлари етимлигини сездирмай улғайтирдилар. Аввалига боболари Абдулмутталиб ғамхўрлик қилган бўлса, олти ёшларида амакилари Абу Толиб қўлига ўтди. Шу заилда бу қийинчиликларга сабр қилиб Аллоҳнинг суюкли бандасига айландилар ва илоҳий раҳмат остида вояга етдилар.

Ислом динида етимларга алоҳида эътибор берилади. Бу хусусида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

…Сендан етимлар ҳақида сўрарлар. Сен: «Уларга ислоҳ қилиш яхшидир», деб айт. Агар уларнинг (молларини) аралаштириб юборсангиз, бас, биродарларингиз. Аллоҳ бузғунчини ҳам, ислоҳчини ҳам билади. Агар хоҳласа, Аллоҳ сизларни қийинчиликка соларди. Албатта, Аллоҳ азиз ва ҳикматли Зотдир. (Бақара сураси, 220-оят)

Мусулмон инсон ўзининг барча ишларида, хусусан, мол-дунё нафақа қилиш бобида ҳам бу дунё, ҳам у дунё ҳақида тафаккур қилади.

Оятнинг давомида яна ижтимоий, инсоний алоқалар ва мол-дунё сарфи ҳақида сўз кетади. Масалан, боқувчисиз қолган етим болалар жамиятда алоҳида эътиборга сазовор аъзолардир, эндиги савол ана ўшалар ҳақида бўлмокда.

«Сендан етимлар ҳақида сўрарлар», деяпти Аллоҳ таоло ва жавобдан маълум бўладики, савол етимларга бўладиган муомала, уларнинг мерос олган молларига қандай муносабатда бўлиш ҳақида экан. Чунки оятда:

«Уларга ислоҳ қилиш яхшидир, деб айт», дейиляпти.

Етимларга ислоҳ (яхшилик) қилишда хайри барака бор. Етим-ларга яхши қараш ҳар бир жамиятдаги ижтимоий тенгликнинг муҳим омилларидан биридир. Шунинг учун ҳам, Исломда бу масалага алоҳида эътибор берилган.

Бу оятда етимнинг молини унинг тарбиясини зиммасига олган одам ўз молига аралаштириб юборишига рухсат берилмоқда:

«Агар уларнинг (молларини) аралаштириб юборсангиз, бас, биродарларингиз».

Яъни, етимларнинг молларини ўз молингизга аралаштириб юборсангиз бўлаверади, чунки улар ҳам сизларнинг биродарингиз. Сизлар уларга раҳим-шафқат қилиб ўз тарбиянгизга олдингиз. Энди уларнинг молини еб қўйиб, азобга дучор бўлмайлик, деб ўзингизни машаққатга солишнинг ҳожати йўқ. Сизда уларнинг молини ейиш нияти бўлмаса, бас.

«Аллоҳ бузғунчини ҳам, ислоҳчини ҳам билади.»

Етимларнинг молини еб бузғунчилик қилганларни Ўзи билиб жазолайди. Уларнинг молини ўз молига аралаштирса ҳам, емай тақво қилганларни эса, мукофотлайди.

Тушунтириш учун айтиш керакки, етим — отасидан айрилган, балоғат ёшига етмаган ёш ўғил-қизлардир. Бу оятда гап ўша етим-нинг отасидан ёки бошқа қариндошларидан мерос қолган моли, бошқа кишилардан ҳадя, садақа ёки бошқа мақсадда берилган моллар ҳақида кетяпти. Ўша молларни етимга қараб туришни ўз зиммасига олган одам ўз молига, еб юбормаслик шарти билан аралаштириб юборишига енгиллик яратиш мақсадида рухсат бериляпти. Бу ҳам Аллоҳнинг меҳрибончилиги, акс ҳолда

«Агар хоқласа, Аллоҳ сизларни қийинчиликка солар эди». Бундай рухсатни бермаса, етимнинг молидан хавотирда қийналиб юраверар эдингиз.

«Аллоҳ шундоқ қилиб сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки, тафаккур қилсангиз.»

Ҳа, дарҳақиқат Аллоҳ азиз, ғолиб, нима қилса, қўлидан келади. Бандаларини қийинчиликка солишга, амрига хилоф қилсалар, иқоб қилмшга қодир. У ҳикмат эгаси, бандаларига беҳикмат амр қил-майди.

Уларнинг шанларнини кўтаргани ҳолда бошқа ояти каримада:

 “ Етимни ҳақорат-таҳқир қилманг” (Зуҳа сураси, 9-оят)

Бу наҳий маъносидаги биргина оятнинг остида Ислом динининг ҳақиқий дин эканлигига яна бир карра иқрор бўламиз. Баъзида қулоғимизга етимларининг ҳаётларини ифода  қилувчи ҳаётий ҳикоялар кирса уларга раҳмимиз келгандай бўлади. Юқоридаги оятда етимларни таҳқирлашдан Ўзи қайтармоқда.

Етимларнинг аҳволларини тушунганликлари учун уларга қанчалик қийин эканлигини билар эдилар. Чунки ўзларининг бошларидан ўтказган эдилар.

Шу сабабли қаерда етим болаларни кўриб қолсалар, уни эркалатиб, бошини силаб,

“Мен ҳам етим эдим, етимни кўрсангизлар мени етимлигимни эслаб бошини силанглар, шунда қалбингиз юмшайди”, дер эдилар.

Манбалар асосида:

Тошкент шаҳар  ота Бузрук” жоме масжиди имом-хатиби

Абдуҳаким домла Пирназаров

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг