“У” МУСУЛМОНГА ЎХШАЙДИ

0
206

عن ابن عمر رضي الله عنهما عن النبي صلى الله عليه وسلم قال:” إن من الشجر شجرة لا يسقط ورقها وإنها مثل المسلم حدثوني ما هي ؟ قال فوقع الناس في شجر البوادي ، قال عبد الله فوقع في نفسي أنها النخلة فاستحييت ، ثم قالوا حدثنا ما هي يا رسول الله ؟ قال : هي النخلة ” .

Ибни Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Дарахтлардан бир дарахт бор. Унинг барги тушмайди ва у мусулмонга ўхшайди.  Айтингларчи у қайси дарахт? Саҳобалар Бавадий (Муздалифа ва Мино водийсининг ўртасидаги) дарахтлари деб ўйладилар. Абдуллоҳ ибни Умар розияллоҳу анҳумо айтадилар: мени фикримга у хурмо дарахти эканлиги келдию бироқ, айтишга уялдим. Сўнг саҳобалар эй Аллоҳнинг росули ўзингиз айтинг у қайси дарахт? дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: у хурмо дарахти дедилар”. (Имом Бухорий ривояти)

Ушбу ҳадиснинг шарҳи қуйидагича: Кунларнинг бирида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча саҳобалари билан ўтирган эдилар. -У саҳобалар орасида Абу Бакр, Умар, Абу Ҳурайра, Анас ибн Молик ва Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳум ажмаинлар бор эди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига хурмодан бир шингил келтирилди. Уни ея туриб, ушбу оятни ўқидилар: “У худди бир яхши дарахтга ўхшайдир. Унинг асли собит турадир. Шохлари эса, осмонда. Робби изни ила ҳар доим меваларини бериб турадир”. (Иброҳим сураси 24-25 оятлар)

Сўнг саҳаболарга қараб, мазкур ҳадисдаги саволни бердилар. Шунда саҳобалар водийлардаги дарахтларни бирин кетин айта бошладилар. У бу дарахт дейишди росуллуллоҳ “йўқ” дедилар, у дарахт дейишди росуллуллоҳ “йўқ” дедилар. Саҳобалар топаолишмагач эй Аллоҳнинг росули ўзингиз айтинг у қайси дарахт? дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “у хурмо дарахти” дедилар.

Уламолардан нима учун мусулмон кишисини хурмо дарахтига ўхшатилди деган саволга қуйидагича жавоб берганлар: Хурмода кўп яхшиликлар бўлгани учун ҳам мусулмонга ўхшатилди.

Масалан: Хурмо доимо соя беради ва соясидан кишилар фойдаланади, меваси ширин, мевасидан у, довчалик пайтида бўлсин, хўл ёки қуриган бўлсин барча ҳолатида ҳам инсонлар еб роҳатланадилар кўп яшайди, кўкарганидан то қуригунча мева беради, унинг барги ёзда ҳам қишда ҳам тушмайди, ундан ёшу-қари фойдаланади. Шунингдек, унинг барги ҳайвонлар учун емиш, қуригандан сўнг ундан кўп нарсада фойдалинади, масалан: тўсин қилинади ёки ўтин сифатида ишлатилади. Демак хурмо дарахтида шунга ўхшаш кўплаб фойдалар бор.

Мусулмонни ушбу дарахтга ўхшатилишидан мақсад ҳам шунда. Мусулмон киши нафақат ўзи яхши инсон бўлади, балки ўзгаларага ҳам қўлидан келгунича яхшилик қилади. Масалан: бир инсонга қарз бериб туриши, мискин ва фақир кишиларга моддий ёрдам қилиши, етимпарвар бўлиши, силаи раҳм ва қўшниларга қўлидан келгунича моддий ёрдам қилиши. Буларнинг барчаси унинг моддий томондан ўзгаларга манфаъати бўлса. Иккинчи томондан маънавий манфаъат ҳам етказувчи бўлади. Масалан: ўзгаларни ёмонликдан қайтаради ва яхшиликка етаклайди, ҳалол бўлишга ҳаракат қилиб, ҳаромдан юз ўгиради, доимо покиза юриб нажосатлардан ўзини асрайди, намоз, Қуръон ўқийди, доимо зикр қилиш билан ўзгаларга ижобий таъсир кўрсатади. Қўйинки то кучдан, тилдан қолгунича ёшу-қарига фойдаси етади.

Демак, мусулмон киши деганда: ҳар қандай инсон у муслмон бўлсин ёки бошқа динда, у соғлом бўлсин ёки бемор, у аёл бўлсин ёки эркак, у ёш бўлсин ёки кекса ва қандай миллат бўлишидан қатъий назар ўзгаларга доимо фойдаси етиб турадиган киши тасаввур қилинар экан. Асли Ислом ва мусулмон шудир.

Бугун юртимизда кишилар маънавий ва моддий курашаётган балога қарши биз мусулмон ўлароқ нима қиляпмиз? Қайси томонлама мусулмонлигимизни кўрсата оляпмиз? Бой бўлсак моддий ёрдам қилаяпмизми? Илм аҳли бўлсак, уйда бўлсакда зиё тарқатаоляпмизми? Мусулмон ўлароқ борига сабр қилаоляпмизми? Тижоратчи бўлсак, кишилар қийналиб турган бир пайтда енгиллик қилиб беряпмизми?

Ёки буларнинг акси бой бўлсакда, саховат нима эканлигини ҳали ҳамон унитиб қўйганмизми? Илм аҳли бўлсакда, менга нима ўзлари билади деб, билганимизни яшириб ўтирибмизми? Мусулмон бўлсакда, бу синовли кунларда сабрни унитиб, Аллоҳга ҳаётимиз ва турмишимиздан нолияпмизми? Тижоратчи бўлсак, ана пул ишлашни вақти келди деб, инсонларнинг машаққатли кунларида янада уларнинг шароитини қийинлаштириб роҳатланаяпмизми?

Азизларим! Бу синовли кунларда яхшилик улашишда ва тарқатишда кимлигимизни яна бир карра кўрсатишимиз, юқоридаги ҳадисдаги мусулмонга ўхшаш ёки ўхшамаслигимизни кўрсатиб беради.

Аллоҳ барчаларимизни ўзимиз ва ўзгаларга фойдаси етадиган бўлишимизда мададкор бўлсин.

“Шайх Зайниддин” жомеъ масжиди имом хатиби

Абдурахманов Яхё