Рахбарият

 

АНВАР ҚОРИ ТУРСУНОВ

ТУРСУНОВ Анвар қори Қўчқорович

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент шаҳар вакили, Тошкент шаҳар бош имом хатиби 

Анвар қори Турсунов Қўчқорович 1958 йил 21 ноябрда Тошкент шаҳри Ҳамза туманида хизматчи оиласида туғилган.

1966-1976 йилларда Ҳамза туманидаги 198-умумий ўрта таълим мактабида таҳсил олган.

1981 йил Тошкент Давлат университетининг филология факультетини, 2001 йил Тошкент ислом институтини тамомлаган.

Анвар қори Турсунов 1999 йилдан буён Тошкент шаҳар бош имом-хатиби вазифасида фаолият юритиб келмоқда. Шунингдк, мазкур санадан бошлаб, Ўзбекистон телеканалининг «Ҳидоят сари» кўрсатувининг бошлаовчиси ҳамдир. 1989-1992 йилларда Қуръони каримнинг биринчи таржимасига (Шайх Алоуддин Мансур таржимаси) муҳаррирлик қилган. Анвар қори Турсунов ислом оламидаги машҳур муфассирлардан бири Али ибн Аҳмад Найсобурийнинг «Асбобун нузул» («Оятларнинг нозил бўлиш сабаблари») асарини таржима қилган. Шунингдек, «Фазилатлар китоби» номли китоби нашр этилган.

Анвар қори Турсуновнинг ижодий фаолияти 1981 йиллардан бошланган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатволарининг лойиҳаларини тайёрлашда иштирок қилиш, диний нашрлар ва маҳаллий матбуотга мақолалар ёзиш, халқаро анжуманларда маърузалар билан иштирок этиш, диний ва илмий мавзуларда бошқалар томонидан ёзилган асарларга муҳаррирлик қилиш, маҳаллий радио ва телевидениенинг маънавий ва маърифий дастурларида бошловчилик ва чиқишлар қилиш каби ишлари унинг таржима, таълиф ва тасниф соҳасидаги фаолиятига ёрдам берди. Хусусан: «Шарқ юлдузи», «Жаҳон адабиёти» журналлари, «Ўзбек адабиёти ва санъати» газеталарида Алишер Навоий ижоди ва фаолияти, Навоийшунослик ва тасаввуф илми ҳақида кўплаб илмий, маърифий-маънавий мақолалари билан иштирок этиб келмоқда.

Анвар қори Турсунов ўзининг кўп йиллик меҳнат фаолияти давомида ишдан ажралмаган ҳолда Тошкент ислом университети ва Тошкент ислом институти, Тошкент Давлат педагогика институти талабаларига дунёвий ва диний фанлардан сабоқ берди. У диний ўқув юртларида олган билим ва малакасини зиёда этиш мақсадида замонасининг энг забардаст алломаларидан ҳам тегишли сабоқларни олиб, уларнинг илмий суҳбатларидан баҳраманд бўлди. Жумладан, Абдулазиз қори, Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон, каби уламолардан илм ва маърифат сирларини истифода этиш бахтига мушарраф бўлган.

Анвар қори Турсунов 2014-йил якунларига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент ислом университети, Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамкорлигида ташкил этилган «Сарҳисоб» танловида «Йилнинг энг фаол тарғиботчиси» йўналиши бўйича 1-ўринни қўлга киритди.

 

Раҳмонов Раҳимберди

Раҳмонов Раҳимберди Эргашевич

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент шаҳар вакили ўринбосари, «Хўжа Аламбардор» жоме масжиди
имом-хатиби

Раҳмонов Раҳимберди Эргашевич 1977-йил 8-октябрда Тошкент вилояти Бўка туманида зиёли оилада туғилди.

1984-1992 йилларда Бўка туманидаги 25-ўрта мактабда таҳсил олган.

1992-йил ўрта мактабни тугатгач, шу йилнинг ўзида «Мир Араб» мадрасасига қабул қилиниб, 1994-йилда аъло баҳолар билан тамомлади.

1995-йилда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига ўқишга киради. 1999- йилда ислом олийгоҳини имтиёзли битирди.

2000-йилдан Тошкент шаҳар Хамза тумани «Холид ибн Валид» жоме масжиди имом-хатиби этиб таъйинланди. Ушбу масжиддаги фаолияти 2012-йил январ ойига қадар давом этди.

2007-йилдан Хамза тумани бош имом-хатиби вазифасига тайинланди.

2012-йилнинг 19-январидан Ўзбекистон Мусулмонлари Идорасининг буйруғига асосан Юнусобод тумани бош имом-хатиби ва «Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби вазифасига таъйинланди.

2014-йил 13-ноябрдан ҳозирги вақтгача Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг буйруғига асосан Тошкент шаҳар бош имом хатибининг ўринбосари ҳамда «Хўжа Аламбардор» жоме масжиди имом-хатиби вазифасида фаолият юритиб келмоқда.

Раҳимберди Раҳмонов 2010-2014-йиллар мобайнида «Кўкалдош» ислом билим юртида талабаларга имомлик фаолиятининг асосий жабҳаси хутба ва жамоага сўз айтиш санъатидан таълим берди.

Раҳимберди Раҳмонов имом-хатиблик вазифаси баробарида барча жамоатчилик ишларида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Масжид ҳудуди атрофидаги маҳаллалар фаоллари билан ҳамкорликда халқ орасида, ёшлар орасида диний-маърифий, ахлоқий-тарбиявий мавзуларда турли сухбатлар олиб боради. Барча мутасадди раҳбар ташкилотлар тарафидан кўрсатилган вазифаларни ўз вақтида бажаради. Шунингдек, Раҳимберди Раҳмонов оммовий ахборот воситаларида ҳам мунтазам диний маърифий суҳбатларда иштирок этиб туради.

Шу кунга қадар Раҳимберди Раҳмонов, илмий-ижтимоий, диний-маърифий мавзудаги вақтли матбуотдаги журналлар, газеталар ва интернет сайтлари ЎМИ нинг даврий нашри Ҳидоят журнали ва Ислом нури газеталарида диний-маърифий мавзудаги мақолалари чоп этилган.

Раҳимберди Раҳмонов 2011- йилда нашр этилган «Исломда фарзанд ҳуқуқлари» номли китоби, ва 2012- йилда жума мавъизалари жамланган СD албомини мухлислар эътиборига ҳавола этди.

2012-йилдан www.xatib.uz сайтига муаллифлик қилиб келади.

Оилали, 5 нафар фарзанди бор.