01.01.2016й. МАВЛИД ОЙИ ФАЗИЛАТЛАРИ

0
338

بسم الله الرحمن الرحيمМуҳтарам жамоат! Аллоҳ таолога беадад ҳамду сано ва шукрлар бўлсинки, барчамиз муборак Рабиъул-аввал ойида турибмиз. Рабиъул-аввал ойи бошқа ойлардан фарқли ва аҳамиятга моликдир. Ушбу муборак ойда барчаларимиз оламлар сарвари, бутун инсониятга охирзамон пайғамбари қилиб юборилган Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратларини, ҳаётларини янада кенгроқ ўрганиш, ҳар ишда, ҳар кунимизда, ҳар бир амалимизда у зотга эргашиш, суннатларига мувофиқ ҳаёт кечиришга ҳаракат қилишимиз керак бўлади. Ишончли тарихий манбаларга кўра, Рабиул аввал ойининг 12-куни жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг таваллуд топган кунларидир. Ҳазрат пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) милодий сананинг 571 йили 22 апрель душанба куни Маккаи мукаррамада араблар орасида обрўли саналмиш Қурайш қабиласида таваллуд топганлар. У зотнинг насаблари пайғамбарларнинг отаси Иброҳим (а.с.)га муттасил ҳолда етиб борганлиги ҳақида жаноб Расул акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари марҳамат қилиб: " إِنَّ الله اصْطَفَى مِنْ وُلْدِ إِبْرَاهِيمَ إِسْمَاعِيلَ وَ اصْطَفَى مِنْ وُلْدِ إِسْمَاعِيلَ بَنِي كِنَانَةَ وَ اصْطَفَى مِنْ بَنِي كِنَانَةَ قُرَيْشًا وَ اصْطَفَى مِنْ قُرَيْشٍ بَنِي هَاشِمٍ وَ اصْطَفَانِي مِنْ بَنِي هَاشِمٍ " (رواه الترمذيяъни: “Аллоҳ таоло пайғамбарлик учун Иброҳим авлодларидан Исмоилни, Исмоилнинг авлодларидан Бани Кинонани, Бани Кинонадан Қурайшни ва Қурайшдан Бани Ҳошимни, Бани Ҳошимдан эса мени танлаб олди” – деганлар. Аллоҳ таоло Муҳаммад (с.а.в.)ни ана шундай улуғ кишиларнинг пуштида сақлаб келиб, оталари Абдуллоҳ ва оналари Оминадан туғилишларини ирода қилди. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики:إِنَّا أَرْسَلْنَاكَ شَاهِدًا وَمُبَشِّرًا وَنَذِيرًا (سورة الفتح/08 яъни: “(Эй, Муҳаммад!) Ҳақиқатан, Биз Сизни (қиёмат куни умматларга) гувоҳлик берувчи, (мўминларга) хушхабар элтувчи ва (кофирларни) огоҳлантирувчи қилиб юборгандирмиз”. Таваллуд топган кечаларида бир қанча ғаройиб воқеалар содир бўлганлиги тарих китобларида зикр қилинган. Жумладан, у зот дунёга келганларида, самода бир нур пайдо бўлиб, унинг зиёси Шом диёри ҳозирги Суриядаги қасрларни ёритиб юборган. Форс юртидаги мажусийлар сиғинадиган, минг йиллар давомида ёниб турган олов ўчиб қолган. Мушриклар ибодат қиладиган бут ва санамлар юз тубан қулаб тушган. Тўрт ёшлик чоғларида Ҳалимаи Саъдийянинг уйида яшаган вақтларида “шаққи садр” воқеаси содир бўлиб, икки фаришта у зотнинг кўкракларини ёриб, ундан шайтоннинг насибасини олиб ташлайдилар. Ўн икки ёшларида амакилари Абу Толиб билан Сурия сафарига чиққанларида тепаларида бир булут соя солиб борганлиги, Бусро деган жойга етганларида насроний роҳиб Буҳайронинг Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) охирзамон пайғамбари бўлишларини башорат қилиши шулар жумласидандир. Азиз намозхонлар! Пайғамбаримиз (с.а.в.) туғилишларидан олдин оталари Абдуллоҳ вафот этган бўлиб, олти ёшга етганларида оналаридан ҳам ажралдилар ва боболари Абдул Мутталибнинг қарамоғида қолдилар. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг етимликда вояга етишларида катта ҳикмат бордир. Чунки, ўзлари етимлик ва ғарибликни бошларидан кечирганлари учун ҳам умматларига нисбатан меҳрибон бўлиб вояга етганлар. Бу ҳақда Қуръони каримда ҳам зикр қилиниб, жумладан шундай дейилган: أَلَمْ يَجِدْكَ يَتِيمًا فَآَوَى وَوَجَدَكَ ضَالًّا فَهَدَى وَوَجَدَكَ عَائِلًا فَأَغْنَى فَأَمَّا الْيَتِيمَ فَلَا تَقْهَرْ وَأَمَّا السَّائِلَ فَلَا تَنْهَرْ وَأَمَّا بِنِعْمَةِ رَبِّكَ فَحَدِّثْ (سورة الضحى/6-11яъни: “(Эй, Муҳаммад! Раббингиз) Сизни етим ҳолда топиб, бошпана бермадими?! Яна Сизни гумроҳ (ғофил) ҳолда топиб, (тўғри йўлга) ҳидоят қилиб қўймадими?! Сизни камбағал ҳолда топиб, бой қилиб қўймадими?! Бас, энди Сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг! Соил (гадо)ни эса (малол олиб) жеркиманг! Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!”. Икки йилдан сўнг боболари ҳам вафот этди. Вафот этишидан олдин набирасини ўз фарзандлари орасидан унга энг меҳрибон бўлган Абу Толибга топширди. Ҳақиқатан ҳам Абу Толиб Муҳаммад (с.а.в.)ни ўзининг фарзандларидан ҳам кўпроқ яхши кўрар, қаерга борса ўзи билан олиб юрар эди. Аллоҳнинг инояти билан у зот (с.а.в.) қаерга борсалар, ўша ерга барака ёғилар, у кишининг шарофатлари ила эмизган оналари Ҳалимаи Саъдийянинг ва амакилари Абу Толибнинг уйида мислсиз барака пайдо бўлганлиги ҳақида тарих ва сийрат китобларида баён қилинган. Муҳтарам жамоат! Расулуллоҳ (с.а.в.) ёшлик вақтлариданоқ гўзал ахлоқ одобга эга бўлиб вояга етганлар. У зотга Аллоҳ таоло томонидан энг гўзал ахлоқ ва хулқ берилган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ (سورةالقلم/4яъни: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!”. Аллоҳ таоло пайғамбарини илоҳий мукаммал одоб билан тарбиялагани ҳақида ўз ҳадиси шарифларининг бирида ифтихор ила марҳамат қилиб бундай деганлар: " أَدَّبَنِي رَبِّي فَأَحْسَنَ تَأْدِيْبِي " (ابن السمعانيяъни: “Мени Раббим тарбия қилди ва тарбиямни гўзал қилди” . Мазлум ва муҳтож кишиларга ёрдам қўлини чўзиш, шунингдек, ҳалимлик ва барча яхши сифатлар у зотда мавжуд эди. لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآَخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا (سورة الأحزاب/21) яъни: “(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” – деб марҳамат қилган. Муҳаммад (с.а.в.) қирқ ёшга етганларида Аллоҳ таоло У зотни бутун оламга раҳмат қилиб, пайғамбарлик мақомини ато этди. Аллоҳ таоло пайғамбаримиз (с.а.в.)ни ўтган барча пайғамбарлардан афзал қилиш билан бирга, пайғамбарлар силсиласига у киши билан хотима ясади. Расулуллоҳ (с.а.в.) аввалги пайғамбарлардан фарқли ўлароқ, барчага омматан пайғамбар қилиб юборилдилар. Бу ҳақда У зотнинг ўзлари: “Аввалги пайғамбарлар ўз қавмларигагина юборилар эдилар. Мен эса ҳаммага баробар пайғамбар қилиб юборилганман” – деб марҳамат қилганлар (Муттафақун алайҳ). Дарҳақиқат, Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг сўнгги пайғамбари, пайғамбарларнинг энг улуғи ва сўнгиси, Парвардигор бутун оламга раҳмат қилиб юборган элчиси, одамларнинг энг яхши хулқлиси ва комили эдилар. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир неча сураларида Ўзининг суюкли Набийси Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак номларини зикр этган, у зотнинг номларида алоҳида сура ҳам нозил қилинган. Аллоҳ таоло айтади: وَمَا مُحَمَّدٌ إِلاَّ رَسُولٌ قَدْ خَلَتْ مِن قَبْلِهِ الرُّسُلُ أَفَإِن مَّاتَ أَوْ قُتِلَ انقَلَبْتُمْ عَلَى أَعْقَابِكُمْ وَمَن يَنقَلِبْ عَلَىَ عَقِبَيْهِ فَلَن يَضُرَّ اللّهَ شَيْئاً وَسَيَجْزِي اللّهُ الشَّاكِرِينَ. (سورة آل عمران/144яъни: “ Муҳаммад пайғамбардир, холос. Ундан олдин ҳам пайғамбарлар ўтган. Мабодо, у ўлса ёки ўлдирилса, ортингизга (куфрга) қайтиб кетасизми?! Ортига қайтгани билан ҳеч ким Аллоҳга сира зарар етказа олмас. Аллоҳ шукр қилувчиларни, албатта, мукофотлагай” (Оли Имрон, 144). Сизларга йўлбошчи бўлиб юрган Муҳаммад алайҳиссалом ҳам бошқа пайғамбарлар каби бир пайғамбардир, холос. Муҳаммад алайҳиссалом ҳам ўша ўтган пайғамбарлар силсиласидан бир ҳалқадир. Аллоҳ Ўз динини бандаларига етказиш учун Одам Атодан буён ҳар замон ва ҳар қавмнинг хусусиятларига қараб улар ичидан пайғамбарлар танлаб, уларга ваҳий юбориб турган. Инсоният тарихи давомида кўплаб пайғамбарлар келиб-кетган. Уҳуд ғазотида бўлиб ўтган бу ҳодиса ва унинг баёни бўлиб келган ушбу оят орқали Аллоҳ таоло мусулмонларни Набий алайҳиссаломнинг шахсларига ортиқча ружу қилишдан қайтариб, асосий манбага қарашга одатлантиришни хоҳлаган. Мусулмонлар тўғридан-тўғри Аллоҳнинг Ўзига мурожаат қилишни ўргансинлар. Улар Аллоҳнинг олдида ўзларининг масъул эканларини сезсинлар. Бошқа ояти каримада эса бундай марҳамат этилади: مَّا كَانَ مُحَمَّدٌ أَبَا أَحَدٍ مِّن رِّجَالِكُمْ وَلَكِن رَّسُولَ اللَّهِ وَخَاتَمَ النَّبِيِّينَ وَكَانَ اللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيماً. (سورة الأحزاب/40яъни: “Муҳаммад сизларнинг эркакларингиздан бирортасига ота эмасдир, балки у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг муҳридир. Аллоҳ барча нарсани билувчи зотдир” (Аҳзоб, 40). Яъни, у зот сизлардан биронта эркакнинг отаси эмас, балки Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларининг охиргисидирлар. وَالَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ وَآمَنُوا بِمَا نُزِّلَ عَلَى مُحَمَّدٍ وَهُوَ الْحَقُّ مِن رَّبِّهِمْ كَفَّرَ عَنْهُمْ سَيِّئَاتِهِمْ وَأَصْلَحَ بَالَهُمْ. (سورة محمّد/02яъни: “Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган ҳамда Муҳаммадга нозил қилинган нарсага (Қуръонга) – ҳолбуки, у Парвардигорлари томонидан келган ҳақиқатдир – имон келтирган зотларнинг эса ёмонлик (гуноҳ)ларини ўчирур ва ишларини ислоҳ этур.” Имон ҳақиқий бўлса, эгасини солиҳ амалларга ундайди, шунинг учун ҳам Қуръони каримда кўпинча «имон»дан кейин «амали солиҳ» зикр этилади. Аслида имоннинг ичида Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилинган Қуръони каримга имон ҳам бор. Аллоҳ таоло имон келтириб, яхши ишларни қилган, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва у зотга нозил қилинган Ҳақ динга имон келтирганлар асл мўминлардир ва Аллоҳ таоло қиёматда уларнинг айб-гуноҳларини яшириб, ҳолатларини яхшилайди. Аллоҳ таолонинг охирги Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом ҳамма жиҳатдан умматга намуна эдилар, у зотнинг хулқлари Қуръон эди. Сийрат китобларида, у зотдан ривоят қилинган ҳадиси шарифларда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг комил инсон бўлганлари васф этилади: Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларнинг энг гўзали, одамларнинг энг сахийи, одамларнинг энг шижоатлиси эдилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Баро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларнинг энг чиройлиси ва хулқи энг гўзали эдилар» (Имом Бухорий ривояти, «Жомеъус-саҳиҳ»). Мўминлар онаси ҳазрати Оишадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: «Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) хулқлари Қуръон эди» (Имом Муслим ривояти). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, мен одоб ва ахлоқларни комил қилиш учун юборилганман», дедилар» (Имом Аҳмад, Бухорий ва Ҳоким ривоят қилишган). Азиз намозхонлар! Ҳадиси шарифлар билан яқиндан танишган ҳар бир киши Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг буюк кечиримлиликлари, одамларга ҳар қандай ҳолатда ҳам яхши муомалада ишонч ҳосил қилади. Мавлид ойи фақат Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаётларини ўрганиш ойигина эмас. Бу ойда ҳам, бундан кейин ҳам биз, мўмин-мусулмонлар ҳар бир ишда, ҳар бир амалда у зотнинг суннатларига мувофиқ йўл тутишимиз, у зотга эргашишимиз зарур. إِنَّ اللَّهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا (سورة الأحزاب/56) яъни: “Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй, мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз"! Муҳтарам азизлар! Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсинки, сизу биз гўзал ва ҳур диёрда тинчлик булоғидан қониб оиламиз, фарзандларимиз ҳамда бобо-бувиларимиз билан умр гузаронлик қилиб келмоқдамиз. 2016 йилни "Соғлом она ва соғлом бола йили” деб эълон қилиниши эса барчамизга кўтаринкилик ато этди. Дарҳақиқат, оилада соғлом ва баркамол бўлса, дунёга келадиган фарзанд ҳам, иншааоллоҳ соғлом бўлади. Жаннатмакон диёримиз истиқлолга эришган илк кунларданоқ нафақадаги кекса отахон ва онахонларга, ногирон ва муҳтожларга катта ғамхўрлик ва беминнат ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Улар ҳаётини фаровон, кунларини шодмон қилиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ишлари юксак даражага кўтарилган. Буларнинг барчаси азиз юртимизнинг азиз дуогўйларига билдирилаётган катта ҳурмат-эътибор рамзи бўлса, иккинчи томондан уларнинг доимий қилаётган холис дуои хайрлари, иншааллоҳ, юртимизни ва халқимизни турли бало-офатлардан сақлашга хизмат қилаётгани аниқ. Зеро, Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қилганлар: " لَوْ لاَ الشُّيُوخُ الرُكَّعُ وَاْلبَهائِمُ الُرتَّعُ وَالْصِّبْيَانُ الرُّضَّعُ لَصُبَّ عَلَيْكُمُ الْبَلاَءُ صَبًّا " (رواه البيهقىяъни: “Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар ёмғирдек ёғилур эди”. Жамиятимиз тараққиёти ва янада фаровон бўлишида, албатта оналар ва бўлажак фарзандлар соғлиғи, саломатлиги, уларнинг баркамол авлод бўлиб ўсиб улғайиши ниҳоятда долзарб ва муҳимлиги ҳам давлатимиз сиёсатининг ўзвий бир қисми эканлигини англатади. Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзига итоаткор бандаларидан айласин, Ўзининг азоби ва итобидан ҳамиша хавфда бўлувчи, раҳмати ва мағфиратидан умидвор бандалари сафидан жой берсин ҳамда икки дунё саодатидан баҳраманд этсин!

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг