«Пул емас ота» жоме масжиди салкам беш асрлик тарихга эга «Пул емас ота» қабристонига ёндош қурилган. Масжиднинг асл биносининг қайси санада барпо қилингани аниқ эмас. Тахминларга кўра бундан бир аср олдин қабристонга иккинчи марта маййит қўйила бошлаганида ҳам кичик намозхона бўлган. Кейинчалик одамлар сонининг ошиши эвазига бу ерда илк масжид хонақоҳи ҳашар йўли билан қурилган. Собиқ иттифоқ даврида масжид биноси ташландиқ, эски бинога айланиб қолган. Мамлакатимиз мустақиликка эришганидан сўнг, эски бино таъмирланиб, «Махмур», «Умид», «Бешбола» ва «Мирзо Улуғбек» маҳалла фаолларининг ташаббуси билан 1992 йил «Пул емас ота» номи билан расмий жоме масжиди сифатида фаолият бошлади. Масжиднинг бундай номланиши «Пул емас ота» қабристони номи билан боғлиқ. Ривоятларга кўра, қабристон номи “Пул емас ота” эмас, аслида «Фил емас ота» бўлган. У киши XV асрларда масжид ҳудуди ва атрофидаги ерларда деҳқончилик қилган ҳалол ва тақвадор бир инсон бўлган. Шу ерлик аҳоли орасидан ўн тўрт киши пиёда ҳаж ибодатини бажариш учун йўлга чиқади. Улар орасида валий зот Фил емас ота ҳам бўлган. Ҳаж ибодати амалларини мукаммал бажариб, келишаётганларида очлик бўлиб, ейишга бирон нарса топилмаган. Очликдан сулайиб бораётган ҳожилар, ногоҳ бир кичик фил боласини кўриб қолиб, уни жонларини тирик сақлаб қолишлари учун сўйиб ейишади. Улар орасидаги тақвадор деҳқон киши дарахт пўстлоқларини еб бўлсада, фил гўштини истеъмол қилмай, ўзини парҳезда ушлайди. Булар очликдан омон қолиб, уч кунлик йўлни босиб ўтишганидан сўнг филчанинг онаси уларнинг ортидан етиб келиб, фил гўштини еган мусофир ҳожиларнинг барчасини ўлдиради. Аммо она фил бу кишига тегмайди. Шу билан ҳаждан ёлғиз омон қайтиб келган тақвадор кишини халқ энди ҳурматлаб, фил емай келган ота, деб номлай бошлайди. Натижада оғиздан оғизга ўтиб, Фил емас ота ҳозирги кунда халқ тилида “Пул емас ота” номига айланади.У зотнинг қабри ҳақида аниқ маълумот йўқ, бироқ қабристон ўртасидаги тепаликка тикилган чайласи ўрнига қўйилган деган тахминлар бор. Кейинчалик бу жойни одамлар авлиё Фил емаган ота зиёратгоҳи қилиб юборади ва бирин-кетин ўзларига тобе маййитларни қўя бошлайди. Натижада катта қабристонга айланади ва тез орада тўлиб кетади. Вақт ўтиши билан асрлар давомида қабрлар йўқолиб кетсада, ўрни девор билан ўралган ҳолида сақланади. Ўн тўққизинчи асрга келиб, эски Тошкент аҳолиси кўпайиб борди ва бу жойга яна маййитлар қўйила бошланди. Ҳозирда қабристон яна тўлиб бўлган.1998 йил жоме масжид қайта рўйхатдан ўтказилди. Масжид бир қават бўлиб катта кичик хонақоҳ ва айвонлардан иборат. 2005 йилда янги таҳоратхона қурилди. Ҳозирда жоме масжид тўлиқ янгидан қайта қурилмоқда.
Имом-хатиб – Ҳасанов Кудратжон Исакжонович
Имом-ноиби – Тоғаев Хайрулоҳ Султонович
Имом-ноиби – Асланов Шавкат Ғофурович
Манзил: Яшнобод тумани, Алимкент, 5-тор кўчаси, 59А-уй. Телефон: +998 71 296 16 36.