«Имом Аъзам» жоме масжиди

0
3041

Масжиднинг бундай аталиши, улуғ мартаба эгаси ва мазҳаббошимиз  ҳазрати Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг номлари билан боғлиқдир. У кишининг асл исмлари Нўъмон, оталарининг исми Собит, боболарининг исми Зуто бўлган экан. Собитдан эса бизнинг Имомимиз – ҳазрати Нўъмон ибн Собит, лақаблари Абу Ҳанифа, унвонлари Имоми Аъзам бўлган зот Кўфада таваллуд топдилар. Имоми Аъзам – Улуғ Имом деганидир.Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 80 йилда таваллуд топганлар. Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асри саодатларида, биринчи асрда туғилганлар, Кўфанинг ўзида ўсиб-улғайганлар. Бу кишининг устозлари Ҳаммод ибн Абу Сулаймон деган зот эди. У Кўфа шаҳрининг фақиҳи, катта мухаддис олими эдилар. Бу зот имомизнинг энг катта ва энг асосий устозларидир. Расулуллоҳдан кейин кўп илмли саҳобалар Кўфага келганлар. Уларнинг энг улуғларидан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу, ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаху каби улуғ зотлар ҳам Кўфада истиқомат қилиб тургандилар. Демак, Имоми Аъзам тарбияланган муҳит – Кўфа иқлими ҳадисларга бой бир иқлим эди. Шунинг учун Имомимиз ўзлари тақрибан 4000 ҳадис ривоят қилганлар.  “Муснади Аби Ҳанифа” деган алоҳида Ҳадис китоблари бор. Шундай қилиб, Имомимиз диний илмга мукаммал бўлиб, хусусан, ҳадис илмида  ҳам шу қадар маҳоратли бўлган эканларки, бу ҳақда Ҳасан ибн Зиёд деган зот, Имоми Аъзам шахсан 4000 ҳадис ривоят қилганлар, дейдилар. Шу 4000 ҳадиснинг тенг ярмини устозлари Ҳаммад ибн Сулаймонда ривоят қилганлар, қолган 2000 ини бошқа толибларидан ривоят қилганлар, деб айтадилар. Бу Имомимизнинг ҳадис илмидан махорати ҳақида замондошларининг эътирофидир.Тарих давомида бутун дунёдаги мусулмонларнинг қарийб ярми Имоми Аъзамнинг мазҳабида бўлганлар, ҳозир ҳам шундай. Бу имомимизнинг масалалари нақадар пухта ва тўғрилигидан далолатдир. Ҳозирда ер юзида 1,5 миллиард атрофида мусулмон бор. Шулардан тахминан 700 миллион нафари бизнинг мазҳабдаги мусулмонлардир.У зот ҳар бир мусулмон учун юксак намуна бўла оладиган ҳаётни яшаб ўтганлар. Имомимиз тижорат билан ҳам шуғулланган эдилар.Бир куни имомимиз Кўфа шахри қассоблари ўғрилар келтирган қўйларни сотяптилар, деган гапни эшитиб қолдилар. Шу куниёқ бир чўпоннинг олдига бориб, ундан битта қўй ўртача неча йил яшайди, деб сўрадилар. Етти йил деган жавобни эшитганларидан сўнг,  шунча йил қўй гўштини емаган эканлар.Кўфа вилояти ва шаҳрининг хокими Ибн Ҳубайа Имоми Аъзамга Кўфа вилоятига қози бўлишни  таклиф қилади. Укиши рози бўлмагач, ғазабланган ҳоким у кишини зиндонбанд этади. Зиндондан озод бўлганларидан кейин Кўфани тарк этиб, шаҳарда 10 йиллар давомида  бошқа шаҳарда истиқомат қиладилар. Бу зотнинг ҳаётларидан яна бир нукта. 70 йиллик ҳаётларида 55 марта хаж ибодатини адо қилганлар. Демак нафақат Кўфадаги, балки Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунавварадаги уламоларнинг суҳбатларидан ҳам баҳраманд бўлганлар.Ҳозирги масжид ўрни аввалари ташландиқ бир жой бўлган. Маҳалла  аҳлларининг аризаларига асосан туман ижроия комитетининг 05.04.1990 йил №125/6 – сонли қарорига биноан ушбу жойга масжид қуриш учун рухсат берилган. Шундан сўнг маҳалла фаолларининг жонбозлиги асосида халқ ҳашари йўли билан ибодат уйи қурилган. 1991-йилдан бошлаб маҳалла масжиди сифатида фаолият кўрсатиб келган. 2000 йил 10 февралда 144-сонли Тошкент шаҳри Адлия бошқармаси рўйхатидан “Имоми Аъзам” номи билан ўтиб жоме масжиди мақоми берилди. Халқ орасида Толариқ масжиди деб ҳам аталади.

Имом-хатиб  – Абдусатторов Абдулазиз Абдулахадович

Имом ноиби  – Мавлонов Нурсултон Нурсаидович

Манзил: Яшнобод тумани Висол кўчаси, 90А уй. Телефон: +998 71 283 00 48.

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг