Масжид 1906 йилда ХIХ асрнинг иккинчи ярми ва ХХ аср бошларида яшаб ўтган озодлик ва мустақиллик учун курашган Жўрабек Қаландарқори ўғли бошчилигида қурилади. Масжид 1941 йилдан бошлаб фаолият кўрсатиб келади.
ХIХ асрнинг иккинчи ярми ва ХХ аср бошларида яшаб ўтган озодлик ва мустақиллик учун курашган ва шу йулда ҳалок бўлганлар орасида Жўрабек Қаландарқори ўғли алоҳида ўрин тутади. У Бухоро амирлигига қарашли ҳозирги Китоб туманининг ҳокими булган. Жўрабек Қаландарқори ўғли 1868 йилда мустамлакачиларга қарши курашда енгилади. Уни Қўқон хони Худоёрхон буйруғига кўра, русларга тутиб берилади. Туркистон генерал губернатори Фон Кауфман бу истеъдодли ўзбек саракардасини ўз хизматига олади. Губернатор маҳкамасида таржимонлик қилади. Унга полковник унвони берилади. Туркистонда хукм сурган адолатсиз тузумга қарши Жўрабек қалбида нафрат уйғонади.
Жўрабек Қаландарқори ўғли 1876 йилда Петербургга шарқшунослар конгрессига вакил қилиб юборилади. Бу анжуманда Жўрабек кўпчилик шарқшуносларни лол қодирган чиқишлар қилади. Жўрабек шарқ олимлари меросини қунт билан ўрганади ва илм маърифатга катта аҳамият беради. Унинг нодир асарларининг бой кутубхонаси бизга мерос бўлиб қолди. Жўрабек узоқ йилги хизматлари учун 1901 йилда рус армияси генерал майори унвонига кўтарилади.
1905 йили Россияда инқилоб бошланганда Жўрабек вазиятдан фойдаланиб, дўсти Бобобек билан Туркистонда озодлик учун курашади. 1906 йили 16 ноябрдан 29 декабргача генерал Жўрабек тўрт марта зиёлилар мажлисини ўтказади. Бу мажлисларда Туркистон халқларига сиёсий ва иқтисодий эркинликлар яратилиши талаб килинган. Орадан 26 кун ўтгач, яъни 1906 йил 24 январга ўтар кечаси Жўрабек ўзининг Қорасувдаги боғида сирли равишда ўлдириб кетилади. Чунки Чор Россия амалдорлари ундан қўрқар ва қутулиш йулини тутган эдилар.Кейинчалик Жўрабек қўлёзмалари коллекцияси шарқшунослик институтида, сўнгра Миллий университетнинг асосий кутубхонасига ўтказилган. Бу қўлёзмалар Жўрабекнинг ғоят кенг билимли зукко шахс эканидан далолат беради. Тумандаги маҳалланинг ҳозирги идораси Жўрабекнинг Қорасув бўйидаги дала ҳовлисида жойлашган. Унинг биноси кўчмас маданий обеъкт сифатида мухофазага олинган.
Юртимиз мустақиликка эришгач 1991 йилда масжид биноси кенгайтирилган. 2015 йилда бахтсиз ҳодиса туфайли келиб чиққан ёнғин оқибатида масжиднинг асосий хонақоҳ қисмига жиддий шикаст етди. Шундан сўнг масжидни тўлиқ қайта қуриш ишлари бошланади.
Қисқа муддат 7 ой давомида гўзал шарт-шароитларга эга фусункор масжид бунёд бўлди. 2016 йил 7 октябрь, муборак жума куни. Аллоҳнинг инояти билан қуриб битказилган ва мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан қайта қад ротлаган янги масжиднинг очилиш маросими ўтказилди. Мазкур муборак масканга кенг жамоатчиликнинг таклиф ва истакларини инобатга олиб, халқимиз учун суюкли ва фидоий инсон, мустақиллигимиз, миллий ўзлигимиз тимсоли, таниқли давлат арбоби, Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов хотираларини қадрлаш мақсадида “Ислом ота” номи берилди. Янги масжиднинг очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов юртимиз мусулмонларини янги очилган масжид билан муборакбод этаркан, қуйидаги сўзларни билдирди:
«Бугун нотинчликлар авж олган бир вақтда юртимизда тинч-осойишта ҳаёт барқарор тургани сабабли биз мана бундай биноларни қуришга муваффақ бўляпмиз. Бу Аллоҳнинг улуғ неъмати, марҳаматидандир. Масжид қурилишида ёрдам қилган, ҳисса қўшган, қурувчилар ва халқимизга чуқур миннатдорчилигимизни билдирамиз. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барча мусулмонларга ушбу масжидни муборак айласин!”.
Аллоҳнинг марҳамати ила Тошкент шаҳри яна бир шундай гўзал, салобатли, ҳамма шароитлари мавжуд бўлган масжидга эга бўлди. Шунингдек, масжидда турли маънавий-маърифий тадбирларни ўтказишга мўлжалланган 80 кишилик мажлислар зали ҳам қурилди. Чиндан ҳам, масжидлар намозгоҳ бўлиши билан бирга ҳалқимиз маънавият маркази, таълим-тарбия маскани ҳамдир. Аллоҳ таоло масжидларимизни халқимизга дину диёнат нурларини таратадиган, эзгуликка, илму маърифатга чорлайдиган масжидлардан бўлишини насиб этсин.
Имом-хатиб – Раупов Жасурбек Тўраевич
Имом-ноиби – Дўлаев Фахриддин Қутбиддинович
Имом-ноиби – Мирсолиҳов Миркамол Мирқуронович
Имом ноиби – Ҳусанов Фазлиддин Мусаходжаевич
Манзил: Яшнобод тумани, Жўрабек маҳалласи Фарғона йўли кўчаси, 51 уй. Телефон: +99871 299 58 82. Масжид веб сайти: islomota.uz