Кичик гуноҳни катта гуноҳга айлантирувчи сабаблар

0
1001

Билгил, шундай сабаблар борки, улар кичик гуноҳни катта гуноҳга айлантириб қўяди. Гуноҳдан тийилмаслик, гуноҳ қилишда давом этиш шундай сабаблар жумласидандир. Чунончи, айтилди: “Гуноҳ кичик бўлса ҳам, ундан қайтилмас экан, энди бу гуноҳ кичик дейилмайди. Гуноҳ бўлса ҳам, истиғфор бор экан, у гуноҳ катта ҳисобланмайди”.

Кичик гуноҳни доимий қилиб юрган кишидан кўра, битта катта гуноҳни содир этиб, дарҳол ундан қайтган ва қайта такрорламаган кишининг афв этилиши умидлироқдир. Бунинг мисоли шуки, сув томчилари давомли равишда битта тошнинг устига томчилаб турса, тошда из қолдиради. Агар ўшанча миқдордаги сувни бирданига тошнинг устига қуйилса, тошда из қолмайди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Амалларнинг яхшиси, гарчи оз бўлса ҳам, давомлисидир”, – деганлар (Бухорий, Муслим ривояти).

Нарсалар ўз зидди билан юзага чиқади. Гарчи оз бўлса ҳам, давомли бўладиган амал фойдалидир. Кўп бўлиб, тўхтаб қоладиган амалнинг қалбни нурлантириб, поклашдаги манфаати камдир. Шунингдек, кичик гуноҳ агар давомли содир этилса, қалбнинг қорайишини кучайтиради. Давомли кичик гуноҳларсиз тўсатдан катта гуноҳ қилиш кам учрайдиган ҳодиса. Масалан, зинокор аввало, аёлнинг кўнглига қўл солади, уни шаҳвоний суҳбатларга чорлайди, тегажоқлик қилади… Кейин иш зинога бориб тақалади. Аксинча бўлиши кам учрайди. Ёки кўнгилда душманлик ва нафрат сақламасдан туриб, дафъатан бировни ўлдириш ҳам деярли учрамайди. Билгилки, ҳар қандай катта гуноҳ олдинроқ ё кейинроқ содир бўлган кичик гуноҳлар билан қуршалгандир. Умр бўйи давом этган кичик гуноҳдан кўра, қайта такрорланмаган катта гуноҳнинг кечирилиши осонроқ кечса, не ажаб!

Гуноҳни арзимас билиб, назарга илмаслик ҳам кичик гуноҳни катта гуноҳга айлантирадиган сабаблардандир. Чунки, қандайлигидан қатъи назар, содир этилган гуноҳни банда катта деб билса, Оллоҳ наздида у гуноҳ шунча кичик бўлади. Зеро, гуноҳни катта деб билиш, қалбнинг ўша гуноҳдан қочишидан, уни ёмон кўришидан келиб чиқади. Бу қочиш қалбни гуноҳнинг шиддатли таъсиридан тўсади. Гуноҳни кичик санаш эса гуноҳ билан улфат тутинишдан келиб чиқади. Бу улфатчилик гуноҳнинг қалбдаги изини чуқурлаштиради. Қалбни тоат билан мунаввар айлаш биз учун матлуб, гуноҳлар билан қорайтириш ҳалокатдир.
Хабарда келади: “Мўмин қилган гуноҳини елкага ортилган тоғ деб билади, тоғ устига қулаб кетишидан қўрқиб юради. Мунофиқ эса қилган гуноҳини бурни атрофида визиллаётган, ҳайдаса учиб кетадиган пашша деб билади” (Бухорий ривояти).

Ўтган зотлардан бири: “Банданинг, кошки, қилган барча гуноҳим мана шу гуноҳимдек арзимас бўлса эди, деб ёзғиришининг ўзи кечирилмас гуноҳдир”, деган экан.

Оллоҳнинг улуғлиги ва қудратини билгани учун ҳам мўмин қалб наздида ҳар қандай гуноҳ улкан саналади, исённинг даҳшатли соясида кичик гуноҳни катта тасаввур қилади. Оллоҳ таоло баъзи пайғамбарларига: “Ҳидоятнинг озлигига эмас, ҳидоят эгасининг улуғлигига боқ! Хатонинг кичиклигига эмас, сен хатоларинг билан рўбарў бўладиган Зотнинг улуғлигига боқ!” деб ваҳий қилган эди. Бинобарин, орифлардан бири: “Кичик гуноҳ йўқ, балки ҳаққа қарши ҳар қандай ҳаракат улуғ гуноҳдир”, – деган эди. Шунингдек, Оллоҳ рози бўлсин, саҳобалардан бири тобеъинларга айтган эди: “Албатта, сизлар шундай амаллар қиласиз, кўз олдингизда улар гўё қилдан-да ингичка кўринади. Биз эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонида уларни улкан гуноҳ деб билар эдик”.
Ҳа, саҳобаларда Оллоҳнинг улуғлигини англаш маърифати комил эди. Уларнинг наздида кичик гуноҳлар Оллоҳ таолонинг улуғлиги қаршисида каттариб кетарди.
Шу сабабдан, олим кишининг катта деб билган гуноҳи жоҳил назарида арзимасдир. Айрим ишларда авом кишилардан содир бўладиган нуқсон кечирилади, лекин шу нуқсон орифлардан ўтса, кечирилмайди. Чунки, банда Яратувчисини қанчалик таниган сайин, қилган гуноҳининг юки шунча оғирлаша боради.
Қилган гуноҳига ичдан қувониш ва у билан мақтаниш, гуноҳга моҳирлигини неъмат деб ҳисоблаш ва гуноҳнинг бахтсизликка сабаб эканидан ғофил бўлиш ҳам кичик гуноҳни катта гуноҳга айлантиради.

Банда гуноҳ “ҳаловатини” тотгани сайин қалбнинг қорайиши зўраяди. Ҳатто гуноҳи билан ғурурланадиган, мақтанадиган, гуноҳ ишни эплаганига қувонадиган даражага боради. У дейди: “Кўрдингми, унинг обрўсини қандай тўкдим!” Баҳсу мунозарадан сўнг биттаси дейди: “Бопладим, ҳамма ишларини юзига солиб, шарманда қилдим!” Тижоратчи дейди: “Унинг молини ерга уриб, сохта молимни қандай ўтказганимни кўрдингми? Уни авраб, роса аҳмоқ қилдим-а!”

Бунга ўхшаш ҳаракатлар кичик гуноҳларнинг каттайишига сабаб бўлади. Банда гуноҳга берилса, шайтон ғолиб келиб, гуноҳ юкини унга ортади. Натижада бандага мусибат юзланади, Оллоҳ таолодан узоқлашгани, шайтонга мақлуб бўлгани учун афсус чекади. Бемор дори солинган идиш синиб қолса, қувонади, чунки у аччиқ дорини ичиш ғамидан халос бўлди. Лекин шифо-чи?

Оллоҳ таолонинг гуноҳларни ёпувчи, ҳилму марҳаматли, бандасига муҳлат берувчи Зот эканига енгил, эътиборсиз қараш ҳам кичик гуноҳни катта гуноҳга айлантирувчи сабаблардандир. Банда берилган муҳлат туфайли гуноҳи ортаётганини, кўпроқ нафратга сазовор бўлаётганини билмайди. У маъсиятларга имкон топаётганини Оллоҳ таолонинг унга кўрсатаётган инояти деб ўйлайди.
“Нега айтаётган сўзимиз сабабли Оллоҳ бизларни азобламаяпти”, дерлар. Уларга ўзлари кирадиган жаҳаннам кифоя қилар! Бас, нақадар ёмон оқибат (бу)!” (Мужодала, 8-оят).
Ўтган гуноҳини кимгадир айтиб, овоза қилиш ёки гуноҳни кимнингдир гувоҳлигида ошкора содир этиш ҳам кичик гуноҳни катта гуноҳга айлантирувчи сабаблардандир. Чунки, бу иш гуноҳни ёпувчи Зотга қарши жиноят ва гуноҳга гувоҳ бўлган ёки гуноҳни эшитган кишини ёмонликка ундовчи ҳаракатдир. Демак, битта гуноҳга бу иккита жиноят қўшилиб, жиноятлар сони ортади. Агар бунга “бошқаларни ҳам ўша гуноҳга тарғиб қилиш, шундай гуноҳ қилишлари учун имкон туғдириш” жиноятини ҳам қўшса, жиноятлар тўртта бўлиб, юк янада оғирлашади. Хабарда келади: “Барча кишининг гуноҳи афв этилади, илло, ушбу кишининг гуноҳи кечирилмайди: у кечаси гуноҳ содир этди. Оллоҳ унинг гуноҳини бекитди, гуноҳига парда ёпди. Эрталаб у Оллоҳ ёпган пардани очди – гуноҳини гапириб, барчага овоза этди” (муттафақун алайҳ).

Гуноҳни ёпувчи Оллоҳдир. Оллоҳнинг бу сифати бандаларига фазл ва неъмат бўлиб, меҳрибон ва раҳмли Зот шу сифати билан бандаларининг чиройли амалларини зоҳир қилади, хунук амалларини яширади. Шундай экан, Оллоҳнинг яширганини банданинг ошкор қилиши неъматга куфр келтиришдан бошқа нарса эмас.

Ўтганлардан бири: “Гуноҳ қилма! Агар қилиб қўйсанг, лоақал, бошқани унга тарғиб этма! Акс ҳолда, иккита гуноҳ содир этган бўласан”, деган экан. Оллоҳ таоло дейди:
“Мунофиқ эркаклар ва мунофиқ аёллар бир-бирларидандир. Улар ёмонликка буюрадилар, яхшиликдан тўхтатадилар” (Тавба, 67-оят).

Изидан одамлар эргашадиган олимнинг гуноҳкор бўлиши, жумладан, ипакдан либос кийиши, олтин эгарли маркабга миниши, султонларнинг шубҳали молидан олиши, уларнинг ҳузурига кириб туриши, улар ҳақида гапирганида тараддудланиши, инкор этиш лозим бўлган ўринларда ҳам уларни маъқуллаши, дилозорлик қилиши, беҳуда баҳс-га чорлаб, кимнидир таҳқирлашни қасд этиши, фақат дунёвий манфаат талабида илм билан машғул бўлиши ҳам кичик гуноҳни катта гуноҳга айлантирувчи сабаблардандир. Негаки, ушбу гуноҳларни қилаётган олимга одамлар эргашади. Вақти келиб, у олим оламдан ўтади. Лекин унинг ёмонликлари бу оламда узоқ вақт сақланиб қолади. Бас, гуноҳлари ўзи билан бирга кетган киши нақадар бахтли!
Хабарда келади: “Ким бир ёмонлик пайдо қилса, ўша ёмонликнинг ва унга амал қилганларнинг гуноҳи заррача камайтирилмасдан ёмонликни пайдо қилган кишининг зиммасига юкланади” (Муслим ривояти).

Оллоҳ таоло айтади:
“…Уларнинг қилган амалларини ҳамда (қолдирган) изларини ёзиб қўюрмиз” (Ёсин, 12-оят).
Оятдаги “асар” (яъни, қолдирган излари) лафзи ўзидан кейин қолдирган ёмонликларга ишорадир.
Ўтганлардан бири айтган экан: “Олим кишининг адашиши мисоли кемага талофат етишидай гап. Кемага талофат етса, кема ҳам, ичидаги одамлар ҳам сувга ғарқ бўлади”.

Исроилиётда шундай хабар ворид бўлган: “Бир олим киши бидъат пайдо қилиб, одамларни адаштирди. Кейин ўзига келиб, тавба қилди ва анча вақт бу амалнинг ислоҳи билан машғул бўлди. Шунда Оллоҳ таоло уларнинг пайғамбарига ваҳий нозил этиб: “Унга айтинг, бу гуноҳи ўртамизда бўлганида кечирардим. Лекин, бандаларимни адаштириб, жаҳаннамга киритган кишини қандай кечирай?!” деди.
Демак, олимларнинг аҳволи ўта хатарли. Уларнинг зиммасида икки вазифа бор: гуноҳни тарк этиш ва гуноҳни бекитиш. Уларга юкланган гуноҳлар икки ҳисса ошгани каби, уларга эргашганларнинг яхшиликларига қараб, савоблари ҳам икки ҳисса ортади. Агар олим дунё билан зийнатланиш ва дунёга берилишни тарк этса, қувват бўлгудек озгина таом билан, эски бўлса ҳам, пок кийим билан қаноатланса, олим ҳам, авом ҳам унга эргашади. Оқибат, уларнинг савобича савоб топади. Аксинча, олим дунёга кўнгил берса, авом муккасидан кетади. Фақат султонлар хизматига бел боғлаб, ҳаромдан бойлик тўплаган олимгина дунё билан фахр этади.
Хулоса шуки, мана шу тафсилотлар кичик гуноҳларни катта гуноҳга айлантирадиган сабабларни билишинг учун кифоя қилади.

Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Тавба китоби» китобидан
tazkiya.uz

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг