Туркия университети магистри диссертациясини Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг илмий меросига бағишлади

0
2755

Туркиянинг Бурса шаҳридаги Улудоғ (Uludağ Üniversitesi) университети магистранти Абдулҳафиз Абдураимовнинг битирув диссертацияси шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаёти ва илмий мероси, хусусан, «Тафсири Ҳилол» асарларига бағишланган.

Абдулҳафиз асли Қирғизистондан, бакалавр босқичини Қирғизистонда тамомлаб, магистратурани Бурса шаҳрида давом эттирмоқда. info.islom.uz  А.Абдураимов билан боғланиб, ушбу мавзунинг танланиши ҳақида суҳбатлашди:

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ. Аллоҳ таоло илмингизни зиёда қилсин. Диссертацияга танлаган мавзуингизни эшитиб, жуда хурсанд бўлдик. Унинг танланишига нима сабаб бўлди?

 – Ва алайкум ассалом. Ҳозир нима дейишга ҳам ҳайронман. Албатта шайх ҳазратларининг ҳаёт йўлини, асарларини ўрганиш ва ўргатиш ҳар бир толиби илм учун илм олишга иштиёқни кучайтиради. Албатта, бизнинг бу камтарона уринишимиз у зот ҳақида ҳали ёзилажак илмий ишлар денгизидан бир томчи, холос. Аммо имкон қадар бу ишнинг ҳаққини адо қилишга ҳаракат қиламиз. Бундан олинган фойдаларга аввало ўзимиз амал қилишга, фойдаланишга, қолверса, бошқаларга ҳам фойдаларини етказишга ҳаракат қиламиз. У зотнинг йўлларидан тўлиқ юра олмасак-да, баҳолиқудрат юришга ҳаракат қиламиз, иншааллоҳ.

Диссертацияга бу мавзуни танлаганингизда илмий раҳбарингиз бироз эътироз қилган экан. Шу ростми?

– Ҳа, чунки илмий раҳбарим Туркияда ёки араб давлатларида яшаган машҳур олимларнинг ҳаёти ва асарларини мавзу сифатида танлашни тавсия қилган эдилар. Лекин мен ҳазратнинг ҳаётлари ҳақида ёзиб, хомаки нусхани текширишга берганимда, ўқиб чиқиб, жуда катта таассуротлар олганини айтдилар. Ҳатто: «Бугунги кунимизда ҳам шу қадар етук, мана шундай катта муваффаққиятларга эришган олим борлигини асло кутмаган эдим. Демак, ҳозир ҳам мана шундай ишларни қилса бўлар экан, мана шундай инсонларни топса бўлар экан», дедилар.

Илмий раҳбарингиз билан таништирсангиз

– Илмий раҳбарим Улудоғ университетининг илоҳиёт факультети «Тафсир» кафедраси ўқитувчиси Жалил Кирас, яқинда профессорлик унвонини олдилар.

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг