Мазҳаблар ҳақида замонавий фатволар (2-қисм)

0
876

Энди эътиборингизга шайх Ибн Боз ва у кишининг ҳамфикрларининг фиқҳий мазҳаблар ҳақидаги 1997 мелодий сана охирларида чиқарган баъзи фатволарини тақдим қиламиз:
3897 рақамли фатводан
Олтинчи савол:
Тўрт имомлар орасидаги хилофнинг ҳукми қандоқ?
Ёлғиз Аллоҳга ҳамд бўлсин. Унинг Расулига ва У кишининг Олию асҳобларига саловоту саломлар бўлсин. Ва баъду:
Жавоб:
Тўрт имомлар орасидаги хилоф уларнинг илм ва фаҳмдаги ихтилофларига боғлиқдир. Улардан тўғри топганларига икки ажр, хато қилганларига бир ажр бордир. Ал-Авзоъий, Суфён ас-Саврий, Исҳоқ Ибн Ро-ҳавайҳ ва бошқа мусулмон уламолар ҳам шунга ўхшашлар.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Набиййимиз Муҳаммадга ва У зотнинг Олию асҳобларига Аллоҳнинг саловоту саломлари бўлсин.
Илмий баҳслар ва фатво бўйича доимий қўмита.
Абдулазиз Ибн Абдуллоҳ Ибн Боз – Раис.
Абдурраззоқ Афифий – Раис ноиби.
Абдуллоҳ Ибн Ғидайян – Аъзо.
Абдуллоҳ Ибн Қаъуд – Аъзо.
4272 рақамли фатводан
Тўртинчи савол:
Ҳар бир мазҳаб имомининг ўзидан бошқасига хилоф қилганини кўрамиз. Кўпинча улар орасидаги жан-жал баъзи намозхонларнинг тарки намоз қилишига олиб боради. Ушбу мавзуъда шофий ва кофий жавоб умидидамиз. Бир мазҳабга эргашайликми? Иш тўғри бўлиши учун қандоқ қилиб мазҳабларни мувофиқлаштирамиз?
Ёлғиз Аллоҳга ҳамд бўлсин. Унинг Расулига ва У кишининг Олию асҳобларига саловоту саломлар бўлсин. Ва баъду:
Жавоб:
Тўрт мазҳаб имомлари орасидаги фиқҳ фаръидаги мавжуд хилоф ҳадиснинг баъзи имомлар наздида саҳиҳ бўлиб, бошқаси наздида саҳиҳ бўлмагани ёки ҳадис бирларига етиб, бошқаларига етмагани каби хилофга сабаб бўлувчи омилларга бориб тақалади.
Мусулмон кишига улар ҳақида яхши гумонда бўлиш вожибдир. Улардан ҳар бирлари мужтаҳиддир. Ўзларидан содир бўлган фиқҳий уринишларда ҳақни талаб қилгандирлар. Улардан ким тўғри топган бўлса икки ажр: ижтиҳоди ажрини ва тўғри топгани ажрини олади. Ким хато қилган бўлса, бир ажр, яъни ижтиҳоди ажрини олади.
Мазкур тўрт имомларга тақлид қилишга келсак. Кимнинг ҳақни далилдан олишга имкони бўлса, унга далилдан олиш вожиб бўлади. Кимнинг имкони бўлмаса ўз наздидаги энг ишончли аҳли илмга тақлид қилади. Фарълардаги бундоқ хилофлар ихтилоф қилувчиларни бир-бирларининг ортларидан намоз ўқишни ман қилмаслиги керак. Аксинча, баъзилари баъзиларининг ортидан намоз ўқимоқлари вожибдир. Саҳобалар, розияллоҳу анҳум, фаръий масалаларда ихтилоф қилсалар ҳам бир-бирларининг ортларида намоз ўқир эдилар. Тобеъинлар ва уларга яхшилик ила эргашганлар ҳам шундоқ қилганлар.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Набиййимиз Муҳаммадга ва У зотнинг Олию асҳобларига Аллоҳнинг саловоту саломлари бўлсин.
Илмий баҳслар ва фатво бўйича доимий қўмита:
Абдулазиз Ибн Абдуллоҳ Ибн Боз – Раис.
Абдурраззоқ Афифий – Раис ноиби.
Абдуллоҳ Ибн Ғидайян – Аъзо.
Абдуллоҳ Ибн Қаъуд – Аъзо.
(Фатволар «Мажаллату ал-Буҳус ал-Исломия»нинг 51 сонидан сўзма-сўз таржима қилинди.)
Шу ерда икки оғиз изоҳ беришга тўғри келади. Иккинчи фатводаги, «Кимнинг ҳақни далилдан олишга имкони бўлса», деган ибора ким ижтиҳод қилиш даражасига етган бўлса, деганидир. Ҳамма уламоларнинг иттифоқ қилишларича, ҳозирда ижтиҳод даражасига етган шахс йўқ. Энди ҳамма нарса равшан бўлган бўлса, ажаб эмас. Ушбу ҳужжатлар билан танишиб чиқилганидан сўнг ўз-ўзидан бир неча ҳақли савол пайдо бўлади. Хўш, ҳозирда мазҳабни инкор қилаётганлар кимга эргашяптилар ўзи? Нима асосда фаолият олиб бормоқдалар ўзи? Мазҳаб боши имомларга нисбатан беодоблик қилишга нима ҳақлари бор? Агар улар ўзлари даъво қилаётганларидек, шайх Ибн Боз ва у кишига ҳамфикр шахсларга тақлид қилаётган бўлсалар, нима учун уларнинг юқорида зикри ўтган фатволарига амал қилишмайди?

Аслида фиқҳий мазҳаблар ҳақида ихтилофларга аталган асарда бунчалик кўп гапириш ният йўқ эди. Фиқҳ илми ва фуқаҳолар ҳақида «Ислом мусаффолиги йўлида» номли китобчамизда ва бошқа мақола ва маърузаларимизда, хусусан, «Ҳадис ва Ҳаёт» номли китобимизда қисман айтиб ўтганмиз. Аллоҳ насиб этса, келажакда бу муҳим мавзуда батафсил сўз юритиш имкони ҳам бўлиб қолар деган умиддамиз. Аммо ҳозирги ихтилофларга сабаб бўлаётган бош омиллардан бири айнан шу масала бўлгани учун бир оз бўлса ҳам тўхталиб ўтишни маъқул топдик.

ТАРИХДАН САБОҚ ОЛАЙЛИК

Азиз ва муҳтарам диндошлар. Сиз билан биз мусулмонлар ўз миллатимиз, умматимиз тарихини яхши ўрганишимиз ва бу муҳташам тарихдан ўзимиз учун керакли сабоқлар олиб боришимиз лозим. Жумладан, бир марта содир этилган хатони қайта такрорламаслигимиз керак. Ана шундай такрорланмаслиги лозим ишлардан бири ўзаро ихтилоф қилмасликдир. Тарихимизга назар соладиган бўлсак, ихтилоф доимо катта мусибатларга сабаб бўлган.
Тарихимизни яхши ўрганган ҳар бир киши ҳозирги кундаги ихтилофлар ва улар туфайли келиб чиқаётган мусибатларни кўриб, эски ҳодисалар айнан такрорланаётганини билиб, қаттиқ афсус қилади.

Қадимги тарихимизга назар солишни давом эттирадиган бўлсак, мусулмон уммати айни ўзаро ихтилофларга чек қўйиш учун омма халқ фиқҳий мазҳабларга эргашиши лозимлигини қаттиқ таъкидлаган эди. Ҳамма бир хил бўлиши, бир хил ўйлаши мумкин бўлмаганидан ҳам бир эмас, тўрт фиқҳий мазҳабни ҳақ, деб тан олган эди. Шу билан бирга эътироф қилинган мазҳабларга эргашувчилар бир-бирларини ҳурмат қилишлари лозимлиги қайта-қайта таъкидланган эди. Қолаверса мазҳаблараро ихтилоф қилиш ҳаромлигига алоҳида аҳамият берилган эди.

Ўтган азизларимиз ўзларининг яшаб турган ҳолатларидан келиб чиқиб, хусусан, ўша замоннинг мустабид ҳокимлари шариатни ўз хоҳишларига буришга тамаъ қилмасинлар, деб ижтиҳод эшигини беркитган, ҳамма муайян фиқҳий мазҳабга эргашсин, деган иттифоққа келган эдилар. Бутун бошли Ислом уммати бу ижмоъни мамнуният билан қабул қилган эди.

КИШИЛАРНИНГ ФИҚҲДАН УЗОҚЛАШИШ САБАБЛАРИ

Аммо яхши ният билан қилинган бу иш замон ўтиши билан суиистеъмол қилинди. Мазҳабларга ҳурмат-эҳтиром ўрнига ноўрин мутаассиблик қилинган ҳоллар ҳам бўлди. Натижада турли фиқҳий мазҳаблар атбоълари орасида ҳар хил ихтилофлар, келишмовчиликлар ва ноқулай ҳолатлар вужудга келди. Жуда оз бўлса ҳам содир бўлган бу ноқулай ҳолат ҳозиргача мазҳаб мухолифлари томонидан, мазҳаб орага тафриқа солувчи энг бош омил, деган маънода ишлатилиб келмоқда.
Аммо фиқҳий мазҳабларга ноўрин таассуб қилишликнинг зарари бу билан тамом бўлиб қолмайди. Салафи солиҳ уламоларимизнинг ижтиҳоднинг келажаги ҳақидаги кўрсатмаларига ҳам ноўрин мутаассиблик қилинди. Уларнинг бу нозик масала мустабид ҳукмдорлар ва уларга ёқиш учун ҳар нарсага тайёр чаламуллаларга ўйинчоқ бўлиб қолмаслиги йўлида қабул қилган ижмоълари ўз ўрнида ишлатилмади. Маълум усулий қоидалар ва муҳим ижтиҳодлар дахлсизлиги ҳақидаги кўрсатмалар жамики фиқҳ китобларидаги ҳамма сўзлар дахлсиздир, деган маънода талқин қилинди. Натижада асрлар оша фиқҳ масалалари ўрта асрдан олдинги ҳолида музлаб қотиб қолди. Замон, макон ва омиллар ўзгариши билан мусулмон уммати ҳаётида ҳам содир бўладиган турли янги масалаларни ҳал қилиши лозим бўлган улкан омил ҳаракатсиз қолди. Бориб-бориб фиқҳ китобларимизни йиллаб диний таҳсил олган кишилар ҳам осонликча тушуна олмайдиган ҳолга етилди. Кишилар маломатдан қўрқиб фиқҳий китобларимиздаги замон ўтиши билан эскириб, истилоҳдан чиқиб кетан сўзлар ўрнига бошқа муродиф сўзни алмаштиришга ҳам журъат қила олмас эдилар.

Ҳозирга келиб барча исломий илмларда замон руҳи эсиб турибди. Тафсир, Ҳадис, Сийрат, Улумул Қуръон, Улумул Ҳадис ва бошқа бир қанча Исломий илмлар бў-йича кўплаб янги асарлар битилди ва битилмоқда. Мазкур асарларда ўқувчи ўзининг барча замонавий саволларига жавоб топади. Бу асарлар кишиларни жалб қилишнинг ҳамма услубларини ҳисобга олиб битилгандир. Аммо фиқҳ ҳақида бу гапларни айта олмаймиз. Бир-иккита жузъий ва ўта содда уринишларни ҳисобга олмаганда деярли ҳеч нарса қилингани йўқ. Улкан Исломий илм бўлмиш фиқҳ илмидаги асрлардан буён давом этиб келаётган бу турғунлик оқибатида кишиларда фиқҳдан четлаш юзага келди. Ўзининг замонавий муаммоси ҳақида жавоб излаб фиқҳга мурожаат қилган одам унда бир неча асрлик гапни кўрганидан кейин шундоқ бўлиши ҳам табиий бир ҳол. Наҳотки ўтган мужтаҳидларимиз раҳматуллоҳи алайҳимларни кўз қорачиғимиздек эъзозлаган, уларни бош устига қўйган ҳолимизда, уларнинг ижтиҳодларига тил тегизмай туриб, баъзи масалаларимизни ҳал қила олмасак. Ҳеч бўлмаса, эски китобларимизни замонавий истилоҳларга ўгириб, халқ оммасига тушунарлироқ тилда тақдим қилсак бўлади-ку!

Камина ходимингиз бундан бир неча йиллар аввал бир мақоламда ушбу маънога бир оз ишора қилиб ўтган эдим. Ўшанда баъзи аҳли илмлар буни мужтаҳидлар мақомига журъат эмасмикин, дея мулоҳаза ҳам қилган эдилар. Мен уларга бундоқ хаёлдан умуман йироқ эканимни баён қилиб берган эдим. Энди эса кўпчилик уламолар билан бўлган суҳбат ва баҳсларда ушбу фикр ҳамда мулоҳазаларни қўллаш ҳолати кўпайиб бормоқда. Баъзи кишилар фиқҳга янгича ёндашмоқ зарурлиги ҳақида китоб ҳам ёздилар. Келажакда фиқҳ илмида ҳам аввалги пайтлар каби жозибадорлик пайдо бўлса ажаб эмас, деган умиддамиз.

Демак, диний масалалардаги ихтилофларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар фақат бир томонлама эмас экан. Фиқҳни маҳкам ушлашлик чегарадан чиқиб, мутаассибликка ўтиб кетиши ҳам бу ишда қўл келди, десак хато бўлмаса керак. Ҳозирда айни шу нарса одамларни, айниқса ёш авлодни фиқҳ илмидан узоқда қолишларига сабаб бўлаётгани ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бир нарсани билмаган одам унга яқин бўлиши қийин. Фиқҳдан узоқда қолган кишилар уни танқид қилиши ҳам шундан келиб чиқаётган бўлса ажаб эмас. Мусулмонлар ҳаётидаги барча муаммоларни ўз вақтида шариат юзасидан ҳал қилиб, ҳукмини айтиб бериши лозим бўлган буюк илм – фиқҳ илми бугунги кунимизда ҳаётдан орқада қолиб тургани афсусланарли бир ҳолдир. Худди ана шу ҳолат ҳозирда фиқҳни баъзи ҳукмдорлар ва чаламуллалар ўзига хос хизмат қилдиришига ҳам сабаб бўлмоқда.

НИМА ҚИЛМОҚ КЕРАК?

Ушбу ва бу ерда айтилмаган яна бошқа омилларни эътиборга олган ҳолда фиқҳ илмини ўрганиш, ўтган буюк фақиҳларимиз қолдирган улкан илмий меросдан унумли фойдаланиш ва мусулмонлар оммасига бу илмни замон руҳига мос равишда етказишни илмий ва тўғри равишда йўлга қўймоқ зарур. Ана шунда фиқҳ ҳақидаги ихтилофлар ҳам барҳам топиши учун катта бир қадам қўйилган бўлади, иншааллоҳ.
Умуман олганда эса мусулмонлар иложи борича диний саводларини ўстириш устида ишламоқлари лозим. Аҳли илмлар эса илмни пухта эгаллаш пайида бўлишлари, кишиларни ихтилофга солиш ўрнига уларни ихтилофдан чиқариш ҳақида қайғуришлари лозим. Агар баъзи бир масалада турли фикрда бўлиб қолсалар, уни дарров халқ оммаси ичига олиб чиқмасдан, аввал ўзлари илмий мажлисларда ҳал қилиб олиб, бир фикрга келганларидан кейингина кўпчиликка эълон қилишлари лозим. Қисқасини айтадиган бўлсак, ҳаммамиз бир тан, бир жон бўлиб, ихтилофга қарши курашмоғимиз зарур. Ихтилофга олиб борадиган ҳар бир йўлни, сўқмоқни яхшилаб тўсмоғимиз лозим.

Ҳар бир мусулмон банда Аллоҳ таолонинг:
«Албатта, мўъминлар биродардирлар. Бас икки биродарингиз орасини ислоҳ қилинг», деган оятига доимий равишда оғишмай амал қилмоғи керак. Ҳамма дин қардошлари билан биродарлик алоқаларини борган сари мустаҳ-камлаб бормоғи лозим ва лобуддир. Шунингдек, ҳар бир мусулмон банда икки биродари орасига ихтилоф тушиб қолганини билиши билан дарҳол уларнинг орасини ислоҳ қилишга ўтмоғи даркор.

Азиз диндошлар! Бизлар ўзаро ихтилофларимиз барча мувафақиятсизликларимиз манбаи эканини тушуниб етмоғимиз лозим.

Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло Ўзининг абадий дастури, Қуръони Каримда биз мусулмон бандаларига хитоб қилиб: «Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетади» дегани бежиз эмас. Ҳа, Улуғ Аллоҳ тўғри айтади, ихтилоф мусулмонларни тушкунликка учратади, куч-қувватларини кетказади. Агар тушкунликка учрамайлик, куч-қувватимиз кетмасин, десак ихтилоф қилмайлик.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Сиз билан биз умматларига хитоб қилиб: «Ихтилоф қилманглар. Албатта, сиздан аввалгилар ихтилоф қилдилар ва ҳалок бўлдилар», деганлар. Агар ўтган умматларга ўхшаб ҳалокатга дучор бўлмайлик, десак ихтилоф қилмайлик.

Бир-биримиз ила ихтилоф қилиш учун сарф қилаётган ақл-заковат, илм-маърифат, куч-қувват ҳамда вақту имкониятларимизни бошқаларни динимизга, ибодатга даъват қилишга сарфлайлик.

Ушбу камтарона сатрларга нуқта қўйишдан олдин, тарих давомида Аллоҳнинг инояти ила кўплаб қийинчиликларни шараф билан енгиб чиққан мусулмонлар бу сафарги қийинчиликларни ҳам енга олишларига ишончимиз комил эканини таъкидламоқчиман.

Аллоҳ биз билан! Аллоҳ мусулмонлар жамоаси билан! Ва охирги дуоимиз, оламларнинг Роббиси Аллоҳга ҳамд бўлсин, демоқдир.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
fiqh.uz

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг