Таҳлил: Нима учун Қуддус Исроилнинг пойтахти эмас?

0
1367

АҚШ президенти Доналд Трамп 6 декабр куни Қуддусни Исроилнинг пойтахти деди ва мамлакат элчихонасини ушбу шаҳарга кўчириш жараёнини бошлади.
Мазкур ҳаракат жаҳон етакчилари томонидан глобал айбловларни келтириб чиқарди.

Исроил 1967 йилги Сурия, Миср ва Иордания билан уруш якунига кўра Шарқий Қуддусни эгаллаган, муқаддас шаҳарнинг ғарбий ярми эса 1948 йилдаги Араб – Исроил урушида қўлга олинганди.
Исроилнинг Шарқий Қуддусни босиб олиши амалда бутун шаҳарнинг унинг назорати остига ўтишини таъминлади. Бироқ, Исроил ҳукуматининг Қуддусга буткул эгалиги халқаро ҳамжамият, шу жумладан, АҚШ томонидан эътироф этилмади.
Қуддуснинг мақоми Фаластин – Исроил можаросини ҳал этишга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг муҳим нуқталаридан бири бўлиб қолмоқда.

Халқаро ҳамжамият позицияси
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1947 йилги тарихий Фаластинни яҳудий ва араб давлатлари ўртасида бўлиш режасига биноан, Қуддусга махсус мақом берилди, у халқаро суверенитет ва назорат остига олиниши керак эди. Махсус мақом Қуддуснинг учта Иброҳимий дин учун аҳамиятли эканига асосланган эди.
1948 йилги урушда БМТнинг Фаластинни ажратиб олиш бўйича тавсиясига биноан, сионистик кучлар шаҳарнинг ғарбий қисмини назоратга олишди ва бу ҳудудни ўз давлатларининг бир қисми деб эълон қилишди.
1967 йилги уруш пайти Исроил Қуддуснинг ўша пайтда Иордания назорати остида бўлган шарқий ярмини эгаллаб олди ва халқаро ҳуқуқни бузган ҳолда қонунчилигини кенгайтириб, Шарқий Қуддусни ўз юрисдиксиясига киритиб олишни жадаллаштирди. 1980 йилда Исроил «Қуддус қонуни»ни қабул қилиб, «Яхлит ва бирлашган Қуддус Исроилнинг пойтахтидир» дея эълон қилди ҳамда Шарқий Қуддусни қўшиб олишни расмийлаштирди.

Бунга жавобан БМТ Хавфсизлик Кенгаши 1980 йилда қабул қилинган 478-сонли қонунни бекор қилди. Шарқий Қуддуснинг ноқонуний қўшиб олиниши халқаро қонунларга асосланган қатор тамойилларни бузади, жумладан, халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра, истилочи давлат ўзи босиб олган ерда суверенитетга эга бўлмайди. Халқаро ҳамжамият Шарқий Қуддусни ишғол қилинган ҳудуд сифатида расман тан олади. Бундан ташқари, дунёдаги ҳеч бир мамлакат Қуддусни Исроил пойтахти сифатида тан олмайди. АҚШ ва Россия бундан мустасно. Россия Ғарбий Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олган ва Шарқий Қуддусни «бўлажак Фаластин давлатининг пойтахти» деб билади.
Ҳозирги вақтда Исроилда элчихоналар унинг иқтисодий пойтахти Тел-Авивда жойлашган бўлса-да, айрим мамлакатлар Қуддусда ўз консуллик идораларига асос солганлар.

Қуддусдаги фаластинликлар 
Исроил амалда Шарқий Қуддусни аннексия қилган бўлса-да, у ерда яшаётган фаластинликларга Исроил фуқаролиги берилмаган. Бугунги кунда Шарқий Қуддусда 420 минг фаластинлик «доимий истиқомат» гувоҳномаларига эга. Шунингдек, уларда миллий идентификация рақами бўлмагани ҳолда, Иорданиянинг вақтинчалик паспортларини олиб юрадилар. Яъни улар тўлиқ Иордания фуқаролигига эга эмас, Иорданияда ишлаш учун рухсатнома олишлари керак ва давлат хизматларидан фойдаланиш ҳамда таълим учун чегирмалар олиш каби имтиёзлардан маҳрумлар.
Фаластин Қуддусида яшайдиганлар эса асосан фуқароликсиз ва қонуний ноаниқлик қамалида қолганлар – улар на Исроил, на Иордания ва на Фаластин фуқароларидир.

Исроил Шарқий Қуддусдаги фаластинликларни, ўша ерда туғилган бўлишларига қарамай, қонунан ҳаққи бўлгани учун эмас, давлат хайрихоҳлиги туфайли у ерда яшаётган муҳожирлар сифатида кўради. Улар яшаш жойларини сақлаб туриш учун қатор талабларни бажаришлари керак ва доимо ўз яшаш жойларини бекор қилишларидан қўрқиб турадилар. Маълум вақт давомида Қуддусдан ташқарида (бошқа давлатдами ёки шунчаки Ғарбий қирғоқдами) яшаган ҳар қандай фаластинлик она юртига қайтиш ва у ерда истиқомат қилиш ҳуқуқини йўқотиши мумкин.

Асосий ҳаёти Қуддусда экани ва у ерда доимий яшашини исботлаб бера олмаганлар ўз она шаҳарида яшаш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Бунинг учун улар қатор ҳужжатларни, жумладан, мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат, ижара шартномаси ва маош ҳақида маълумотномаларни тақдим этишлари керак. Бошқа мамлакатнинг фуқаролигини олсалар ҳам, Қуддус фуқаролигини йўқотадилар.
Ҳолбуки, бутун дунёдаги яҳудийлар Исроилда яшаш ҳуқуқига эгадирлар ва Исроилнинг «Қайтиш қонуни» доирасида ҳеч бир муаммосиз бу мамлакат фуқаролигини олишади. Исроил 1967 йилдан буён 14 минг фаластинликнинг фуқаролик мақомини бекор қилди.

Аҳоли яшаш пунктлари
Исроилнинг Шарқий Қуддусни тартибга солиш лойиҳаси ҳам унинг шаҳар устидан назоратни кучайтиришига йўналтирилган бўлиб, халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра ноқонуний ҳисобланади.

БМТ ўзининг қатор резолюциялари орқали Исроилнинг шаҳарни тартибга солиш лойиҳаси тўртинчи Женева конвенсиясига зид эканини кўп бора тасдиқлаган. Ушбу конвенсияда истилочи давлатнинг ўзи босиб олган ҳудудга аҳолисини кўчиришини тақиқланади.

Бунинг бир қанча сабаблари бор: истилонинг вақтинча бўлишини таъминлаш ва истилочи давлатнинг ҳарбий бошқарув воситасида узоқ муддат ҳукмронлик қилишига йўл қўймаслик; фуқароларни уларнинг ресурслари ўғирланишидан ҳимоя қилиш, апартеиднинг ва ҳудуддаги демографик таркиб бузилишининг олдини олиш.
Шунга қарамай, 1967 йилдан буён Исроил Шарқий Қуддусда яҳудий исроилликлар учун ўнлаб тураржой мажмуаларини қурди, улар яҳудий тураржойлари сифатида танилган ва айримлари ҳатто Шарқий Қуддусдаги фаластинликларнинг маҳаллалари ўртасида қурилган.

200 000 га яқин Исроил фуқаролари Шарқий Қуддусда армия ва полиция ҳимояси остида яшаб келмоқдалар, энг йирик тураржой мажмуасида эса 44 000 исроиллик яшайди.

Кўпинча фаластинликларнинг маҳаллалари орасига сочиб ташланган бундай мустаҳкам тураржойлар фаластинликларнинг ҳаракатланиш, шахсий ҳаёт дахлсизлиги ва хавфсизлик ҳуқуқларини чеклайди.

Исроил Қуддус ўзининг ягона ва яхлит пойтахти эканини уқдирса ҳам, у ерда яшаётганлар учун воқелик бошқача бўлиши мумкин эмас.

Фаластинликлар апартеидга ўхшаш шароитда яшаётган бўлсалар-да, исроилликларда давлат томонидан кафолатланган хотиржамлик туйғуси бор.

Манба:info.islom.uz

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг