Абу Дардо розияллоҳу анҳу

0
765

Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг асл исми Уяйма бўлиб, Хазраж қабиласига мансуб. У ҳижрий 2 йилда Исломни қабул қилди. Унинг мусулмон бўлиш тарихи ўзига хос. Абу Дардонинг ўраб қўйилган бути бор эди. Уни Исломга даъват қилиб юрган дўсти ибн Равоҳа ўзи йўқлигида бутини олиб синдириб ташлади ва чиқиб кетди. Абу Дардо уйга қайтиб, бутининг синиб ётганини кўргач жаҳли чиқиб кетди: “Агар бутнинг бирор каромати бўлсайди, ўзини ҳимоя қила оларди”, деди ва Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) ҳузурларига бориб мусулмон бўлди.

Абу Дардо саҳобалар орасида илми ва зуҳди билан ажралиб турарди. Авваллари тижорат билан шуғулланиб, кейинчалик ибодат ва илм олишга бел боғлади.

Абу Дардо Расулллоҳ (с.а.в.)нинг вафотларидан кейин Умар (р.а.)дан Қуръон ва суннатни одамларга ўргатиш учун бирор жойга юборишни сўради. Умар (р.а.) бунга рози бўлиб, Абу Дардони Шомга жўнатди. Абу Дардо дунёга муҳаббат қўймаган ҳолда, жуда камсуқум ҳаёт кечирарди. Уйига меҳмонга келган дўстлари ноқулайликлардан нолиганда: “Бизнинг бошқа уйимиз бор. Барчамиз ўша ерда тўпланамиз”, дерди. Умар (р.а.) ёки Усмон (р.а.) даврларида Шом қозилигига тайинланиб, ҳижрий 32 йилда вафот этган.

Бир умр тақво ва илм ичра ҳаёт кечирган Абу Дардони истараси иссиқ, соқолини бўяб, эгнига сариқ чопон кийиб юрувчи инсон дея таърифлашган.

Абу Дардо Қуръони каримни йод олиб, масжидда ҳар куни Қуръондан сабоқ берарди. У Шомда юзлаб ҳофизлар етиштирган. Тафсир илмининг ривожига камтарин бўлсада ҳисса қўшган ва баъзи оятлар тафсирини Расулуллоҳ (с.а.в.)дан эиштганидек етказиб берган.

Абу Дардо фиқҳ ва ҳадис илмларини пухта эгаллаган эди. Хусусан, фиҳқда фикрлари инобатга олинадиган саҳобалардан эди. У Шомдалигида Куфадан одамлар келиб у билан маслаҳатлашишарди.

У Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ўрганган ва эшитган барча нарсаларини мусулмонларга етказишга ғайрат қиларди. Зикр ҳақидаги ушбу машҳур ҳадисни ҳам Абу Дардо ривоят қилган: “Ҳар бир намоздан кейин 33 бора тасбеҳ, 33 бора ҳамд, 33 бора такбир айтинг” (Аҳмад ривояти).

Абу Дардо Расулуллоҳ (с.а.в.)дан яна кўплаб ҳадислар ривоят қилган. Ундан ҳадис ўрганганлар орасида Анас ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос каби йирик олимлар ҳам бор. Умумий ҳисобда Абу Дардо 79 та ҳадис ривоят қилган.

“Бир одам илм йўлида йўлга чиқса, Парвардигор унга жаннат сари йўл очади. Фаришталар унинг илм йўлида эканлигидан севиниб, қанотларини унга пояндоз қиладилар. Илм соҳиблари ҳаққига ердаги ва кўкдагилар мағфират тилайдилар. Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир” (Аҳмад ривояти).

Абу Дардо астойдил Аллоҳ зикрини қилар, одамларга гапиришни ўрганганлари каби сукут сақлашни ҳам ўрганишлари кераклигини тавсия қиларди. У керакли пайтда сукут сақлаш ҳам илм экани ва инсон тили туфайли жаннат ё дўзах сари йўл ҳозирлаши мумкинлигини уқтирарди.
Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!

Муроджон Тўлаганов
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти 3-курс талабаси

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг