Мусулмон киши ҳаётида Аллоҳ таоло зикрининг таъсири

0
1170

Қуръонда Аллоҳ таолонинг зикри ҳақида икки хил ривоят келган. Кўпинча, айрим дўстларимиз ушбу икки ривоятни бир бирига қарама-қарши деб ўйлайдилар. Баъзида улар бу ҳақида муаммо ҳам келтириб чиқарадилар.

Аллоҳ азза ва жалланинг Китобида ушбу сўзларни ўқиймиз. У зот айтади:

«Иймон келтирганлар ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлар. Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми»? Раъд, 28.

Демак Аллоҳнинг зикри қалбга ором ва ҳотиржамлик беради.

Лекин Аллоҳ таоло яна бошқа бир оятда айтади:

«Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчиларгина … мўминлардир». Анфол,2

Ҳўп, бу қандай бўлади?

Аллоҳнинг Китобида келган биринчи оятда зикр қалбга ором ва ҳотиржамлик киритишлиги ҳақида айтилди. Кейинги оятда эса зикр қалбларга қўрқув ва ҳавотир солиши айтилмоқда. Бу ерда ўзаро қарама қаршилик борми? Йўқ албатта.

Бу, инсон ўз нафсини Аллоҳ субханаҳу ва таолонинг зикри билан ушлаб туришида намоён бўладиган исломий тарбиядир.

 Аллоҳнинг зикри сизни ҳотиржам қилади. Бунинг маъноси шуки, сиз ризқингизни деб ҳавотир ва ташвишга тушмайсиз. Бориъ азза ва жалла сизнинг қалбингизга ҳотиржамлик солади. Ҳа шундай, Аллоҳ Қуръонда айтган:

“Аҳлингни намозга амр эт ва ўзинг унга сабр қил. Биз сендан ризқ сўрамасмиз. Биз сенга ризқ берурмиз. Оқибат тақвоникидир. Тоҳа, 132

Лекин мен бу нарсани қачон тушуниб етаман? Қачонки Аллоҳнинг зикрини кўпайтирсам. Аллоҳ таолони зикр қилишим, менинг Аллоҳга бўлган муроқабамни, унга бўлган муҳаббатимни уйғотади. Ана шунда мен Бориъ азза ва жалла менинг ризқимга кафолат берганини англаб етаман.

Аллоҳ таолони зикр қилишингиз сизни ҳотиржам қилади. Келажакдаги ҳаётингизда, оилангиздагилар билан бўладиган муносабатларингизда ва бошқалар билан бўладиган алоқаларингизда, одамлар билан ўртангизда ҳусумат пайдо бўлса, улар сизга ёмонлик қилса ёки таҳдид қилса, сиз буларнинг ҳеч бирига парво қилмайсиз. Нима учун? Чунки сизни Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлишингиз бу нарсаларга нисбатан сизда ҳотиржамликни пайдо қилади. Аллоҳ таоло Қуръонда айтган:

“Сен: “Бизга Аллоҳ ёзиб қўйган нарсадан ўзгаси зинҳор етмайди. У бизнинг хожамиздир”, деб айт”. Тавба, 52

Тушундингизми?!

Мисол учун одамлар орасидан Зайд исимли бир киши ўзининг ишхонасида ёки учрашувларида уни ёқтирмайдиган одамлар борлигини ва улар унга ёмонлик қилишмоқчи бўлаётганларини сезса, агар ўша Зайд исмлик одам Аллоҳнинг зикрини ўзига одат қилиб олган кишилардан бўлса, кўнгли тўқ, ҳотиржам  ҳолда ётади. Унинг қалбида бирор ташвиш ва ҳавотир ҳаракат қилмайди. Бу унга қаердан пайдо бўлди? Аллоҳ таолонинг зикр қилиши туфайли юзага келди. Демак, Аллоҳ таолонинг: «Иймон келтирганлар ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлар. Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми»? –

деган сўзидаги қалбларнинг ором топиши дунёингизга нисбатан, ҳаётингизга нисбатан, бошқалар билан бўладиган муносабатингизга нисбатан ором топишидир. Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган зотга қасамки, бу ҳақийқатдир. Лекин инсоннинг Аллоҳни зикр қилиши, ҳақийқий маънодаги зикр бўлиши керак.

Биз кишиларда доим бундай бўлади, деб ўйламаймиз. Айримлар қўлига тасбеҳни олиб, тилида нималарнидир айтади – балки у “астағфируллоҳ”, ёки “субханаллоҳ” калимасини айтаётгандир – лекин унинг фикри тарқоқ бўлади. Қўлида эса тасбеҳ, ҳали у билан гаплашади, ҳали бунга бир нарса дейди. Шуни зикр деб бўладими? Бу зикрга тақлид қилишдир. Аллоҳни зикр қилиш, ичингда эслашингдир:

“Роббингни эртаю кеч ичингда тазарруъла, қўрқиб овоз чиқариб гапирмай зикр қил”. Аъроф, 205

 Ҳа, қалб тилни ҳаракатлантиради. Бу ерда ҳаракатланаётган тил билан Аллоҳни зикри орқали тириладиган қалб ўртасида ўзаро бирлашиш бўлиши лозим. Биз ана шу зикр ҳақида гаплашмоқдамиз.

Агар сиз ўзингизга ушбу давони, яъни Алоҳнинг зикрини олган бўлсангиз, ҳаётингиздаги дунёвий сабаблар қандай бўлишидан қатъий назар қалбингизга ҳавотир ва ташвишни кирита олмайди. Чунки сиз ўзингизни яратувчингиз ва Мавлойингизга таслим қилгансиз. Сиз ўзингиз Аллоҳнинг Китобини доим ўқийсиз:

Аллоҳ сизлардан иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга уларни ер юзида худди улардан олдин ўтганларни халифа қилганидек халифа қилишни, улар учун Ўзи рози бўлган динни мустаҳкамлашни ва уларнинг хавф-хатарларидан сўнг омонликни бадал қилиб беришни ваъда қилди”. Ан-нур, 55.

“Эркагу аёл, ким мўмин ҳолида яхши амал қилса, Биз унга яхши ҳаёт кечиртирамиз ва, албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлармиз”. Ан-наҳл, 97.

Мўмин мусулмон одам Аллоҳнинг Каломига шубҳа қилиши мумкинми? Агар шубҳа қиладиган бўлса Аллоҳни зикр қилувчи саналмайди. Унинг иймони ҳам тақлидийдир.

Аллоҳ таоло: “Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлар”. – деганида, ана шу маънони назарда тутган. Лекин Бориъ азза ва жалла бу сўзни айтгандан кейин мана бу сўзни ҳам айтган: “Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчиларгина … мўминлардир”.

Қалбнинг титраши ташвиш ва ҳавотирдир. Аллоҳни зикр қилаётганингизда қалб ўзингиз борадиган қисматингиздан қўрқиб титрайди. Эртага қиёмат куни қандай тириламан? Аллоҳ таолонинг олдидаги ҳисобим қандай бўлади? Мен Аллоҳ таоло раҳм қилиб гуноҳларини кечиб юборган кишилардан бўламанми ёки савол жавоблари оғир бўлган, ҳеч нарсага арзимас ва қадрсиз бўлган ҳурмо данаги устидаги юпқа пўстлоқгача сўроқ савол қилинадиган кишилардан бўламанми? Қалбингиз ана шу нарсалардан қўрқиб титрайди.

Инсон Аллоҳ таоло Ўз Китобида айтганидек Унинг макридан омонда бўлолмайди. У тўғри юриши, фарзларни ўз ўрнида бажариши ва тақиқланган ишлардан сақланиши мумкин. Сиз ҳам ҳозир ана шу ҳолатдасиз, лекин эртага нима бўласиз билмайсиз. Қанча қанча тўғри юрган кишилар ёмонликка ундовчи нафс чангалига бўйсуниб йўлдан адашиб кетганлар. Қанча қанча йўлдан адашиб тойилган кишиларни умрларининг охирларида Аллоҳ танлаб олиб ўзи севган бандалари қаторига қўшиб қўйган. Сизни ҳотиржам бўлишга кучингиз етмайди. Банданинг ўз Роббиси азза ва жаллани зикр қилиши унинг нафсида ташқаридан қараганда бир бирига қарама-қарши бўлган ҳолатни пайдо қилаётган бўлсада, лекин улар бир бирини тўлдирувчидир.

Аллоҳ таолонинг зикри сизни ҳаётдаги дунёвий майишатларингизда ҳам ҳотиржам қилади. Аллоҳ азза ва жалла қайси бир инсонга Аллоҳни зикр қилишингиз каби бирор восита сабабли офият (саломатлик) неъматини берган бўлса ҳавотирга ўрин қоладими?  Фалончи сенга ёмон кўз билан қаради, фистончи сени тижоратингга, деҳқончилигингга ёки иш ўрнингга кўз олайтирмоқда, деса агар сен доимий равишда Аллоҳ таолонинг зикрини қиладиган кишилардан бўлсанг, сени ҳар қандай ҳолатда бу сўзларга эътибор беришинг мумкин эмас. Чунки сен Аллоҳ субханаҳу ва таоло билан биргасан. Аллоҳ билан бирга бўлсанг унга етишасан. Кейин сен: “Сен: “Бизга Аллоҳ ёзиб қўйган нарсадан ўзгаси зинҳор етмайди. У бизнинг хожамиздир”, деб айт.

Сени Аллоҳ таолони зикр қилишинг бир вақтнинг ўзида сенда ўзинг борадиган қисматдан қўрқиш ҳолатини пайдо қилади.

Алхамдулиллаҳ мен ўзимни ҳар куни назорат қилиб бораман, тўғри юраман, хато ва гуноҳ қилмасликка ҳаракат қиламан, лекин эй азиз дўстим, Аллоҳнинг бандалари орасида бирор киши: “Мен Аллоҳнинг олдида бирорта камчиликка йўл қўймаганман” дея оладими? Хатто анбиё ва Расуллар ҳам бундай демаганлар.

Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам нима дердилар? У киши айтардиларки: “Менинг қалбим ҳам (зикрдан тўхтаб) тўсилиб туради. Албатта мен ҳам ҳар куни Аллоҳ таолога юз марта истиғфор айтаман”.

Сиз эришган тавфиқга ўзингизни қўл меҳнатингиз билан етишдингизми ёки пешона терингиз билан топдингизми? Бу Аллоҳнинг ёрдами билан бўлдику. Бунга кимни фазли марҳамати билан эришдингиз? Аллоҳни фазли марҳамати билан эришдингиз. Сиз доим қарздорсиз, сиз доим камчиликка йўл қўясиз. Сиз ҳеч қачон: “Мен қилишим лозим бўлган барча ишни бажардим” – дея олмайсиз. Бу биричи жиҳат.

Иккинчи жиҳати эса, бизларнинг ҳеч биримиз маъсум эмас. Бунда Аллоҳ таолонинг ёрқин ҳикмати бор.

Баъзида инсонга ўзининг нафси ғолиб келади. Баъзиларимиз намоз ўқиётган вақтида унинг фикри бошқа нарсаларга, яъни молу дунёга ёки бир бирлари билан бўладиган муаммоларга, келажакда бўладиган ишларига чалғийди. Ҳолбуки, у Аллоҳ таолонинг олдида турибди. Аллоҳ таолони таниган одам ўзининг қилаётган ушбу ишидан эриб йўқ бўлиб кетиши керак. Бизнинг ҳеч биримиз: “Аллоҳнинг олдида камчиликка йўл қўйган эмасман” – дейишга кучи етмайди.

Сен оқибатинг қандай бўлишини билмайсан.

Демак шундай экан, Аллоҳ таолони зикр қилишнинг тарбиявий вазифаси ажойиб ва гўзалдир. Биринчидан, Аллоҳнинг зикри сизнинг қалбингизда Аллоҳни муҳаббатини уйғотади. Аллоҳни муҳаббати эса, унинг зикрини кўпайтиришингизни зиёда этади. Бу иккиси ўртасида ўзаро бирлашиш бор.

Иккинчидан, Аллоҳнинг зикри сизга ҳотиржамлик ва ором баҳш этади.

“Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми”?

Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий

Тошкент шахар “Эшонгузар” жоме масжиди имом хатиби
Абдуллоҳ Ғуломов таржимаси.

 

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг