Соғлом бўлай десангиз: Беш набавий суннат йўли

0
1989

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Аллоҳга тавба қилинг ва хотиржамлик сўранг. Чунки соғлиқдан катта саодат йўқ”.

Ҳақиқатан, соғлик – буюк бахт. Бу неъматнинг қадрини аксар ҳолларда хасталаниб қолгандан сўнг англаб етамиз.

Қуйидаги беш маслаҳат эса соғлом турмуш тарзини кечиришга ва кўплаб касалликларнинг олдини олишга ёрдам беради.

  1. Танани тўғри озиқлантиринг – меъёрида овқатланинг.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бизга соғлиғимиз учун фойдали бўлган нарсалар билан озиқланишни буюрган.

“Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар” (Бақара сураси,168-оят).

Инсон организми тўғри ишлаши учун минерал, витамин, протеин ва бошқа моддалардан керагича озиқланмоғи лозим. Шунга эътиборли бўлмоғимиз лозимки, кўп овқат ейиш ҳам оғир касалликлар, хусусан, диабет, инфаркт, инсульт хасталикларини келтириб чиқариши мумкин. Овқатни меъёрида ейиш эса суннатдир.

Биз сизга ризқ қилиб берган пок нарсалардан енглар, унда ҳаддингиздан ошманг (Тоҳо сураси, 81-оят).

Ошқозонни овқатга тўлдиришдан кўра ёмонроқ нима бўлиши мумкин? Инсонга куч-қувватини сақлаш учун етарли миқдорда овқатланиш кифоя.

Овқатланганда ошқозоннинг учдан бирини – овқат билан, яна бир қисмини – сув билан, қолганини – ҳаво билан тўлдиринг”, деб таълим берганлар Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам.

  1. Ақлни озуқлантиринг – илм олинг.

Имом Термизий раҳматулоҳу алайҳдан етиб келган ҳадисларда илм олиш фарз экани кўп бора таъкидланган.

Ақлий фаолият нафақат зеҳнни оширади, балки бутун танани бошқарувчи мия фаолиятни ҳам яхшилайди.

Қуръони каримдан илк нозил қилинган сўзлар ҳам айнан, “Ўқи” дейилган. Бу билан инсоният илм олиш ва дунёни танишга даъват этилган.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Ким илм излаб йўлга чиқса, Аллоҳ уни жаннатга йўллаб қўяди. Албатта, фаришталар рози бўлиб толиби илм учун қанотларини ёзиб турадилар. Албатта, олим учун осмонлар ва ердаги нарсалар ва ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан афзаллиги, ойнинг бошқа юлдузлардан афзаллиги кабидир. Албатта, олимлар пайғамбарларнинг ворисларидир. Албатта, пайғамбарлар динор ва дирҳамни мерос қилиб қолдирмаганлар, балки илмни мерос қилиб қолдирган. Ким уни олса, жуда кўп насибани олибди” (Имом Термизий ривояти, саҳиҳ ҳадис).

  1. Руҳни озиқлантиринг – ибодат қилинг.

Аллоҳ таоло инсониятга динимизнинг устуни бўлган беш фарз ичида намозни беш вақт адо этишни буюрган. Намознинг охиратдаги фойдаси, савобидан ташқари, бу дунёда инсон соғлиги учун фойдали жиҳатлари битмас-туганмасдир.

Кўплаб илмий тадқиқотлар намоздаги ҳар бир ҳолатнинг инсон вужудига фойдаси борлигини исботлаб берди. Масалан, намозда саждага борилганда инсон танасидаги қон мияга одатдагидан кўпроқ келиб, мияни кислород билан таъминлайди. Натижада бош мия билан боғлиқ кўплаб касалликлар олди олинади. Намоз ўқилаётгандаги “жисмоний машқлар” умуртақа поғонаси касалликларининг олдини олишга фойда етказади. Шунингдек, бўғимга туз йиғилишига қаршилик кўрсатади ва тўқималарни мустаҳкамлайди.

Намозда диққатни жамлаш – жазавага туширмайди ва безовталикни камайтиради. Негаки, инсон танаси ибодат вақтида иммун тизимини кучайтиришга ёрдам берувчи ва жазавани пасайтирувчи гормонлар ишлаб чиқарар экан.

Мусулмонлар намозни Аллоҳ таолонинг амрини адо этиб, Унинг раҳматига эришиш мақсадида ўқийди ва шу аснода ҳолда соғлигига ҳам фойда етади.

  1. Қалбни озиқлантиринг – табассум қилинг.

Олимлар табассум қилган инсон танаси ўзидан эндорфин – бахтиёрлик гормонини ишлаб чиқаришини исботлашди. Эндорфин гормони иммун тизимини мустаҳкамлаш, оғриқни камайтириш, кайфиятни кўтариш хусусиятларига эга. Шунингдек, атрофдагиларга табассум қилиш – суннат. Биргина табассум билан инсон ҳам моддий ҳам маънавий яхшиликларга эга бўлади.

  1. Муносабатларни мустаҳкамланг.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: Сизларнинг энг яхшингиз аҳли оиласига яхши муносабатда бўлганингиздир” (Имом Термизий, Ибн Можжа ривояти)

Оиладаги илиқ муносабат, меҳр-муҳаббат, ғамхўрлик сиқилишларнинг тез ўтишига ёрдам беради. Бу – инсоннинг кайфияти яхши бўлиб, соғлом ҳаёт кечиришига асос бўлади.

Шу жиҳатдан, шариатимиз буюрганидек қавму қариндошга силаи  раҳмни кўпайтириш ва бу ишда бардавом бўлишдан аввало ўзимиз манфаатдор бўлар эканмиз.

Қосимхон Бойханов
“Шайх Зайниддин” жомеммасжиди имом ноиби

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг