Туркия мактабларида намозхоналар қурилади

0
1055

Туркияда янги очилаётган мактабларда намозхоналарнинг бўлиши белгилаб қўйилди. Мамлакат ҳукумати расмий ахборотномаси таълим вазирлигининг фармойишини эълон қилди, дея хабар бермоқда www.islamisemya.com.  Унга кўра, янги ўқув муассасаларини очишда янги қоидалар жорий этилади.

Ҳужжатга кўра, вазирлик томонидан аккредитациядан ўтган ҳар бир янги ўқув муассасида ўғил балалар учун ва қизлар учун алоҳида-алоҳида намозхона ва таҳоратхона бўлиши керак. Шунингдек  намозхоналар албатта қуёш нури тушадиган жойда бўлиши, ер тўла (подвал) ларда бўлмаслиги белгиланган.

Бундан ташқари янги ўқув муассасалари сейсмик хавфли, кўчки хавфи бор жойларга қурилиши мумкин эмас. Ёнилғи қуйиш шаҳобчаларидан камида 50 метр ва кўнгилочар масканлардан камида 100 метр масофада бўлиши лойиҳалаштирилиши лозим.

Янги фармойишда имом-хатибларни етиштирувчи диний таълим муассасаларининг қурилиши ҳақида ҳам сўз боради.

Авваллари имом-хатиблар лицейларининг очилиши 50 минг кишилик аҳоли пунктлари (шаҳар, туман, катта микрораён) дан бошланган бўлса, ҳозир бу чегара беш мингга (аҳоли пункти, кичик микрораён) туширилди.

Авваллари фақат хусусий мактабларда таҳоратхона ва намозхоналар бўлган.

2012 йил баҳорида Туркия парламенти Қуръон, Ҳадис ва араб тили фанларини бошланғич ва ўрта мактабларда ихтиёрий равишда ўқитишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини маъқуллаган эди.

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг