МЎМИНЛИК ҲАҚЛАРИ

0
1736

Меҳрибон Роббимизнинг бизга ато қилган неъматларидан энг юксаги иймон неъматидир. Ихлосли қалб, сокин нафс, покиза кўнгил, саҳоватли юрак мусулмоннинг шарафли хислатларидандир. Қуръон ва Суннатга амал киши кўнглига мана шундай сокинликни беради. Аллоҳ таоло мўминларни ўзаро муҳаббатли бўлишга буюради. Расулуллоҳ алайҳиссалом мўминларни бутун умр гўзал хулқли ва ўзаро оқибатли бўлиш сари ундаганлар. Мўминнинг бошқа бир мўминда бир қанча ҳақлари бўлиб, уларга тўла риоя қилишга буюрилганмиз. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг бу мазмунда бир қанча ҳадислари бор:

“Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деб марҳамат қилганлар: “Мусулмоннинг мусулмонда бешта ҳаққи бор: Саломига алик олмоқ, бемор бўлса зиёрат қилмоқ, жанозасида қатнашмоқ, зиёфатга чақирса бормоқ ва акса уриб “алҳамду лиллоҳ” деса “ярҳамукаллоҳ” демоқ” (Муттафақун алайҳ).

Саломлашиш – икки мусулмон учрашганда саломлашиши мусулмонлик аломати ва одобларидандир. Таниган ва танимаган кишиларга салом бериш исломдаги энг яхши амаллардан эканлиги таъкидланади. Тўғри, бошқа дин ва бошқа ҳалқларда ҳам саломлашиш маъносидаги “ишларингиз қалай”, “яхшимисиз”, “анчадан буён кўришмадик” каби лафзлар бор. Лекин бирор сўз Расулуллоҳ алайҳиссалом бизга ўргатган “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ” (сизга сиҳат-саломатлик ва Аллоҳнинг раҳмати ва баракасини тилайман) калимасига ўринбосар бўлолмайди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.): “Сизларни бир-бирларингизга ўзаро муҳаббатли қиладиган амалга далолат қилайинми? Ораларингизда саломни кенг ёйинглар”, деб марҳамат қилганлар.

Беморлар зиёрати – ушбу амал жуда фазилатли ишлардан бўлиб, ҳадиси шарифга кўра: “Мусулмон киши қачон бемор биродарининг зиёратига борса, то у ердан қайтиб келгунича жаннат боғлари ичида сайр қилиб юрган бўлади”. Беморнинг зиёратига боришнинг ҳам ўзига хос одоблари бўлиб, жумладан, унинг ҳақига шифо сўраб дуо қилади, соғайиб қолганлигини айтиб кўнглини кўтаради, унинг ёнида кўп ўтирмайди, олдида таом емайди.

Мусулмоннинг биродари зиммасидаги ўта муҳим ҳақларидан яна бири вафот этганини эшитганда жанозасида қатнашишдир. Албатта, жанозада маййитнинг ҳақига Аллоҳдан мағфират сўраб дуо қилинади. Ушбу амал учун миқдори Ухуд тоғига тенг бўлган савоб берилиши кишиларни бу амалга ҳарислигини оширади.

Даъватига ижобат қилиш – мусулмон киши бир биродари томонидан бирор хайрли зиёфатга, хусусан никоҳ тўйига чақирилса, бориши шартдир. Дарҳақиқат, никоҳ тўйи кўпчилик билан ўтадиган зиёфат бўлиб, тўй эгаси уни ўз хурсандчилигини биродарлари билан баҳам кўриш мақсадида ташкил қилади. Таклифга жавобан тўйга ташриф буюриш билан биродарининг хурсандчилигига шерик бўлади. Хатто, ўша зиёфат куни нафл рўза тутган бўлсада, унга бориши, таом емаган тақдирда биродарининг ҳақига дуо қилиб ўтириши тавсия этилган.

Исломда мўмин-мусулмонларнинг бир-бирларига нисбатан ҳурмат ва бурчлари шу даражада юқори қўйилганки, ҳатто акса урганда ҳам унинг ҳақига Аллоҳдан раҳмат сўраб дуо қилиши биродарлик бурчи эканлиги айтилган. “Эснаш шайтондан, акса уриш Раҳмондан” деган мазмундаги ҳадис мавжуд бўлиб, акса урган киши “алҳамду лиллаҳ”, яъни Аллоҳга ҳамд бўлсин деса, уни эшитган киши “ярҳамукаллоҳ”, яъни сенга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин деб жавоб қайтариши вожиб бўлади.

Мазкур ҳақ-ҳуқуқларга риоя қилиш билан мўмин-мусулмонлар ўртасида меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва самимийлик ҳислари янада зиёда бўлиши билан бирга, улкан савобларга эришилади.

Динимизнинг гўзаллигини қаранг, мўмин банда ҳаёти давомида диндош биродарлари билан ҳусни-хулқда, иттифоқликда, фақат яхши амаллар билан яшайди. Бир мўминга берилган ҳақларни қарангки, ҳар кўрганда салом берса, хурсандчилигида шерик бўлса, даъватига ижобат қилса, маҳзунлигида далда берса, мусибатида тиргак бўлса, омонатини сақласа, унинг шаънини ўзининг шаънидек ҳимоя қилса!

Аллоҳ гўзал амал қилувчиларни севади!

Ҳабибуллоҳ Ҳамдамов                                                                                              Тошкент шаҳар “Валихўжа ўғли Норхўжа” жоме масжиди имом-хатиби                                                                                                                                                                      

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг