РАҲМДИЛЛИК ЮКСАК ТУЙҒУДИР

0
651

Раҳмдиллик – инсон табиатидаги энг гўзал туйғу бўлиб, айнан мана шу туйғу орқали инсон ўзгаларнинг ғам-андуҳларини ҳис қилади, уни бартараф этишга ошиқади, хато ва камчиликларига ўкинади ва доимо тинчлик ва хотиржамлик бўлиши орзуси билан яшайди. Ер юзидаги барча мавжудот ва махлуқотларнинг ўзаро меҳрибон ва раҳмдилликлари Аллоҳ таолонинг уларга Ўз раҳматидан берган бир бўлагининг тажаллисидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

«Аллоҳ таоло Ўз раҳматини юз бўлак қилди ва ундан бир бўлагини ерга нозил қилди. Ана шу биргина бўлак туфайли махлуқотлар бир-бирига меҳр кўргазади, ҳатто ҳайвон ҳам боласини босиб олишдан қўрқиб, туёғини кўтаради» (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таолонинг гўзал исмларининг аксари раҳмат, карам, фазл ва афв маъноларидан келиб чиққан бўлиб, бу Парвардигоримизнинг башариятни мағфират қилиши улардан интиқом олиши ва ғазабланишидан кўра кўпроқ содир бўлишини англатади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: «Албатта, раҳматим ғазабимдан ғолибдир», деган бўлса (Имом Муслим ривояти), Қуръони каримда эса бандаларига: «Роббим! (Гуноҳларимизни) мағфират қил ва раҳм айла! Сен раҳм қилувчиларнинг яхшисидирсан», деб айтинг», деб таълим берган (Муъминун сураси, 118-оят).

Ислом дини таълимоти инсонларни нафақат одамзодга нисбатан, балки атрофимиздаги барча мавжудотларга ҳам бирдек меҳрибон бўлишга тарғиб қилади. Ҳатто жамият учун хавф туғдирадиган унсурларни бартараф этиш ҳам, зарарли ҳайвон ёки ҳашаротларни ўлдиришга изн берилиши ҳам қайсидир маънода инсоният учун қилинган меҳрибончиликнинг бир кўринишидир. Жарроҳ ҳам жароҳатни даволаш учун беморнинг танасига тиғ уради, аъзоларини кесади ва албатта, буни фақат беморни даволаш мақсадида, унга нисбатан раҳм-шафқат юзасидан қилади.

Инсон шунчалик ожиз бандаки, гоҳида билиб ёки билмай гуноҳ ишга қўл уриб қўйганда тавба ва истиғфор билан бирга Аллоҳ таолонинг «Ғофурур Роҳийм» сифатидан умид қилади. Бу эса ҳар бир инсон Аллоҳнинг нақадар кечиримли ва марҳаматли Зот эканини эътироф этишини англатади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: «Аллоҳнинг хулқлари билан хулқланинглар», деб марҳамат қилганлар. Аллоҳнинг марҳаматидан умидвор бўлган одам ўзгаларга ҳам марҳаматли бўлиши лозимдир. Мана шуни таъкидлаган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларга раҳмли бўлмаган кимсаларга Аллоҳ ҳам раҳм қилмайди», деганлар (Имом Бухорий ривояти). Бошқа бир ҳадисда эса: «Кимки жаннатда ўзи учун бинолар қурилишини, даражалари кўтарилишини ҳоҳласа, зулм қилганни авф этсин, бермаганга берсин ва орани узганга силаи раҳм қилсин», деганлар (Имом Ҳоким ривояти).

Юқоридагилардан хулоса қиладиган бўлсак, ўзгаларга раҳмдил ва мурувватли бўлиш энг улуғ фазилатлардан бўлиб, ҳар бир инсон ўзида мазкур фазилатни зиёда бўлишига ҳаракат қилмоғи лозим. Зеро, раҳмдиллик туйғуси қонимизга шунчалик сингиб кетганки, ўзаро меҳр-оқибат, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат ҳамда кечиримли бўлиш ҳисси ҳалқимизга хос фазилатга айланган.

Шунинг ифодаси ўлароқ, ҳар йили Конституция байрами ёки истиқлол байрами арафасида Юртбошимиз томонидан авф эълон қилинади. Бу йил ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига биноан, инсонпарварлик тамойилларига амал қилган ҳолда, турли жиноятлар билан жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни авф қилиш ҳақида қарор эълон қилиниб, уларга қилган хатоларини бундан кейинги ҳаётларида Ватанга, халққа хизмат қилиб оқлаш учун имконият берилди. Бундай оталарча ғамхўрликнинг асли ҳам юқорда айтилган раҳмдиллик, меҳр-мурувват фазилатларига бориб тақалади.

Меҳрибонлик, раҳмдиллик Аллоҳ таолонинг сифатидир, Роббимизнинг пайғамбарларига ато этилган фазилатдир, хусусан, охир замон пайғамбари ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хос бўлган энг улуғ хислатлардандир. Аллоҳ таоло бу ҳақиқатни Қуръони каримда кўп марта таъкидлаган: «Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сизни ардоқловчи, мўминларга мушфиқ, меҳрибон Расул келди», «Сени оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик» (Тавба сураси, 128-оят; Анбиё сураси, 107-оят).

Аллоҳ таоло бу неъматни Ўзининг суйган бандаларигагина беради. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳ раҳмли бандаларигагина раҳм қилади», деганлар».

Шундай экан, ҳар биримиз ўз аҳлимизга, атрофимиздагиларга, бутун инсониятга раҳмдил, меҳрибон бўлишимиз лозим. Бу дунёнинг ўткинчи матоҳлари учун ҳеч нарсадан тап тортмай, қон тўкаётган, юртларни вайрон қилиб, харобага айлантираётганлар кўпайиб қолган ҳозирги кунда динимизнинг раҳмдиллик, меҳр-мурувват ҳақидаги илоҳий кўрсатмалари айниқса долзарб аҳамият касб этмоқда. Бинобарин, яхши ниятлар билан ўстираётган фарзандларимизни, ёш авлодни халқимизнинг минг йиллик қадриятлари, инсонийлик, саховат, кенгбағирлик каби фазилатлар руҳида тарбиялашимиз лозим.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг меҳрибонлик, раҳмдиллик сифатлари билан сифатлаб, икки дунё саодатига эриштирсин.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имомхатиби

 

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг