«Курдистон» лойиҳаси Яқин Шарқдаги янги беқарорликми?

0
968

info.islom.uz сайти мустақил бўлишга интилаётган Ироқ Курдистони давлати ҳақидаги таҳлилий мақолани эълон қилди. Мақолада давлатнинг юзага келиши минтақанинг ижтимоий-сиёсий вазиятига таъсири тўғрисида фикр юритилган:

Душанба куни Ироқ Курдистонининг мустақиллиги ҳақидаги референдум бўлиб ўтди.

Сайловлар ва референдум бўйича Мустақил олий сайлов комиссияси вакили Ширвон Зарарининг айтишича, референдумда 3,3 млн одам иштирок этди.

«Референдумда Ироқ Курдистонида овоз берувчи сифатида рўйхатга олинган 3 305 925 киши иштирок этди. Референдумда овоз бергани келганлар сони умумий овоз берувчиларнинг 72,16 фоизини ташкил этади», – деди Зарари.

Аввалроқ Rudaw номли курд телеканали айрим ҳудудлардаги овозларни ҳисоблашнинг дастлабки натижаларини эълон қилганди. Унинг маълумотларига кўра, Ироқ Курдистонининг айрим шаҳарларида 95 фоиз аҳоли мустақилликни ёқлаб овоз берган.

Шунингдек, алоҳида ҳудудларнинг сайловда иштироки борасида ҳам маълумотлар келтирилади. Унга кўра, Эбрилда 84 фоиз, Киркукда қарийб 79 фоиз, Дахукда 90 фоиз овоз берувчилар иштирок этган.

Курд референдуми нақадар легитим

Биринчидан, демократик йўллар билан легитим тарзда мустақил бўлиш учун расмий Боғдоднинг ёки ҳеч бўлмаса БМТ Хавфсизлик кенгашининг расмий ижозатини олиш, ё Хавфсизлик кенгашига аъзо давлатларнинг очиқ қўллаб-қуватловига эриши лозим эди. Буларнинг ҳеч бири рўй бермади, Барзани эса Ирбил ва Боғдод, шунингдек, Ирбил ва Анқара ўртасидаги эркакча келишувни бузиб, Ироқ армияси ИШИД билан овора пайтда мустақил бўлгиси келиб қолди.

Иккинчидан, референдум натижаларини олиб кўрайлик. Курдлар ҳуддудда кўпчилик бўлишига қарамай, сунний араблар ва туркманлар сони ҳам у қадар кам эмаски, референдумга овоз берувчи аҳолининг 80 фоизи келди ва улардан 90 фоизи «ҳа» жавобини берди дейиш мумкин бўлса. Унда араблар ва туркманлар қаерга кетди? Уларнинг овози ҳисобга кирмаган шекилли. Бошқа томондан Курдистоннинг ўзида Барзанига қарши Талабани уруғи қиёфасида кучли мухолифат бор ва улар ҳам мустақилликка қарши эди. Хўш, натижада нима бўлди?
Халқнинг демократия йўли билан ўз иродасини чиройли ифода этиши Яқин Шарқдаги диктаторларнинг классик сайловларига айланиб кетди, уларнинг Ғарб ўлчамларига кўра нақадар лигитим экани эса ҳаммага аён.
Ким тарафдор, ким қарши?

Яқин Шарқда ривожланиб бораётган жараёнлар, башқа ҳар қандай даврдаги исталган баҳсли тизим каби, бугун ҳам жаҳон ҳамжамиятини тарафдор ва қаршилар аталмиш икки қутбга бўлиб юборди. Албатта, мустақил Курдистон Сурия, Ироқ, Эрон ва Туркия каби давлатларнинг ҳудудий яхлитлигига жиддий хавф туғдиради. Айниқса Туркия учун бу масала жуда жиддий аҳамиятга эга, чунки курдларнинг кўпчилиги айнан шу мамлакат ҳудудида истиқомат қилади.

Бошқа томондан эса, Курдистон мустақиллигини бевосита ё билвосита ёқлаётган мамлакатлар орасида халқаро муносабатларнинг янада йирик иштирокчилари, масалан, АҚШ, Россия, Буюк Британия, ЕИ давлатлари, хусусан, Германия бор. Яқин Шарқда Курдистонни қўллаётган давлатлар эса – араб кўрфазининг айрим монархиялари ва Исроил.

Бу мамлакатларни воқеаларнинг айнан шу тарзда ривожланиши кўп жиҳатдан қониқтиради ва бу ерда асосий омил айни ҳодисалар туфайли уларнинг Туркия ва Эрон сингари геосиёсий рақиблари доимий танг ҳолатда туришидир. Бошқа томондан эса, у давлатларнинг қўллаб-қувватлаши ортидан мустақилликка эришган Курдистон ва унинг «эрксевар» курд аҳолиси ўз нажоткорларига нисбатан доимий таъзим ва қуллик бажо келтириб туришлари ҳам тайин.

Шарқона бозор ёки геосиёсий танглик Курдистонда референдум ўтказилиши унинг мустақиллик эълон қилишини англатмайди. Албатта, референдум ўтказиш ва ўз мутақиллигини эълон қилиш орасида фарқ катта бўлмаса ҳам, мустақиллик эълон қилмаса нега референдум ўтказади деган савол туғилиши табиий. «Мустақилликни эълон қилиш» Ирбил ва Боғдод, шунингдек, алоҳида равишда Ирбил ва Анқара ҳамда Ирбил ва Теҳрон ўртасидаги савдолашув натижаларига боғлиқ бўлса керак.

Ирбил учун ҳозир энг муҳими мухториятнинг Пешмерга ҳарбийлари томонидан қўриқланаётган хавфсизлигини сақлаб туриш, бу хавфсизлик нефть савдоси орқали молияланади, нефть эса жаҳон бозорига Туркия орқали чиқади. Шу сабабли Курдистоннинг барча расмийлари Туркия билан муносабатлар ҳақида жуда эҳтиёткорлик билан гапиришди. Агар Туркия иқтисодий чекловларни қўйса, бир-икки ой ўтмай курдларнинг яна музокаралар столига ўтириш ва конструктивроқ оҳангда гаплашишдан бошқа чораси қолмайди, чунки ўша Пешмердаги жангчиларини тўйдириш ва кийинтириш керак.

Аммо юқорида таъкидланганидек, Курдистон мустақиллиги ортида йирик ўйинчилар турибди, агар улар Туркия ва Эронга ўчакишиб Курдистонни қўллай бошласалар, бу Яқин Шарқда янги уруш бошланганидан дарак бўлиши мумкин. Курдлар ва уларнинг ҳомийларига қарши уруш ИШИДга қарши урушдан шиддатлироқ ва хавфлироқ бўлади, чунки курдлар ИШИД каби террористлар тўдаси эмас, маҳаллий халқдир.

Бошқа томондан, ҳақ гапни айтиш керак: Эрон ва Туркияга Ироқнинг ҳудудий хавфсизлигини деб урушга кириш у қадар фойдали эмас. Янада чуқурроқ мушоҳада қилсак, Курдистон омили бу мамлкатлар учун уларнинг ҳудудий яхлитлигини бузиб, шубҳа остига қўйиши мумкин бўлган «Троя оти» ролини ўйнаши мумкин. Шу сабабли урушнинг олдини олиш чоралари тез орада кўрилса керак.

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг