Мянма раҳбари БМТ Бош ассамблеясида иштирок этишдан бош тортди

0
741

Роҳинжа мусулмонларига нисбатан қирғин ортидан бошига ёғилган танқид тошлари туфайли Мянма раҳбари Аун Сан Су Жи Нью-Йоркдаги БМТ Бош ассамблеясининг нақбатдаги сессиясида иштирок этишдан бош тортди.

Бу ҳақида «Демократия учун миллий лига» партиясининг матбуот котиби Аунг Шин маълум қилди. Бироқ бундай қарорнинг сабаби маълум эмас.
Шин Мянма раҳбари ҳеч қачон ўзига нисбатан танқидлардан қўрқмаганини ва айни дамда унинг янада муҳимроқ ишлари бўлиши мумкинлигини айтди.
Мянма номидан БМТ Бош ассамблеяси сессиясида мамлакатнинг вице-президенти Генри Ван Тио иштирок этиши кутилмоқда.

Аввалроқ роҳинжа мусулмонлари билан зиддиятни куч орқали ҳал этишга мадад бергани учун Мянма раҳбарини Нобель мукофотидан маҳрум этиш ҳақида (Тинчлик учун Нобель мукофоти унга 1991 йил берилганди) бутун дунё бўйлаб петиция уюштирилганди.

25 августдан бери маҳаллий буддист мутаассибларининг таъқибидан қочган Мянмалик 370 000 нафар роҳинжа мусулмонлар Бангладешга ўтган эдилар. Норасмий манбаларга кўра, сўнгги кунларда мамлакатда 4 мингдан ортиқ роҳинжа ўлдирилган, улар орасида аёллар ва болалар кўпчиликни ташкил этади. Бироқ ҳукумат бир неча юз киши ўлганини тан оляпти, бунинг учун масъулиятни эса «Аракан роҳинжаларини қутқариш армияси» номли жангари гуруҳга юклаяпти, гўёки бу гуруҳ полиция участкаларига ҳужум қилган. Бундан ташқари, ҳукумат мусулмонларни ўзлари яшаган уйларни ёқишда айблаяпти. Бангладешлик амалдорлар эса Мянма томонидан чегаралар миналанганини хабар қилдилар. Уларнинг сўзларига кўра, шу йўл билан улар роҳинжа қочқинларининг Мянмага қайтишига тўсқинлик қилмоқчилар.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича бош комиссари Зайд Раъд ал-Ҳусайн Мянмадаги мусулмонлар билан боғлиқ ҳолатни «этник тозалаш намунаси» деб атади.
Буддистлар етакчиси Далай Лама эса Аун сан Су Жини Ракхайн штатидаги инқирозни тинч йўл билан ҳал этишга чақирди ва Будда роҳинжа халқига ёрдам берган бўларди, деди.

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг