Истиқлолимизнинг 24 йиллиги муборак бўлсин!

0
1113

                                                                                                                                                            بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِБизларни йўқликдан бор этган, махлуқотларининг мумтози, Ўзининг ер юзидаги ўринбосари этган Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таолога битмас-туганмас ҳамду-саноларимиз бўлсин! Ҳидоят йўлбошчимиз, муаллим Пайғамбаримиз Сарвари коинот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга чексиз дуруду-саловотларимиз бўлсин! Ассалому алайкум муҳтарам юртдошлар, азиз диндошлар! Аллоҳ Таолога беадад шукурлар бўлсинким, мана 24 йилдирки тинчлик-осойишталик, мустақиллик неъматида яшаб келмоқдамиз. Қисқа муддат ичида эришган ютуқларимиз, қўлга киритган зафарларимиз кўлами, эътирофини жаҳон жамоатчилиги тан олиб бораётганлиги бизга сир эмас.Бугун шуни аниқ ишонч билан айтиш керакки, халқимизнинг асрий орзулари ушалган ушбу шодиёна кунларга осонликча етиб келганимиз йўқ. Неча йиллар мобайнида халқимиз диний эътиқоди ва қадриятларидан мосуво бўлди, ҳақ-ҳуқуқлари топталди. Мустақилликка эришибгина, ўзлигимизни, бой тарихимизни, дунё тамаддунида ўз сўзини айтган улуғ аждодларимизни танидик. Уларнинг бебаҳо маънавий меросларига эга бўлдик. Энг улуғ саодатки, фарзандларимизни уларнинг ҳаёт йўллари, қолдирган илмий-ахлоқий асарлари ила тарбиялаб келмоқдамиз. Чунки, улуғ бобокалонларимиз номини қайта тиклаш мустақилликка эришган дастлабки кунларимизда давлатимизнинг ўз олдига қўйган ривожланиш йўлидаги вазифаларидан бири эди. Шу ўринда, улуғ маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг “Ойинаи миллат эрур тил ва адаб” деган ибратли сўзлари ёдимизга тушади. Чиндан ҳам, ҳар бир халқ, миллатнинг дунёда борлигини кўрсатиб турадиган, унинг кўзгуси она тили ва ахлоқий анъаналари, маънавий қадриятларидир. 1989 йилда Ўзбек тилига давлат тилининг берилиши ҳақидаги Қонуннинг қабул қилиниши эса мустақиллик сари қўйилган биринчи қадам эди.Истиқлол неъмати туфайли бугун инсоний қадриятларимизнинг асосини ташкил этган Ислом дини таълимотларидан элимиз яна баҳраманд бўла бошлади. Алҳамдулиллоҳ, бугун диний ва дунёвий билимларни эгаллаш учун барча шарт-шароитлар, қулайликлар яратиб берилаяпти. Масжидларимиз кундан-кунга обод бўлиб, ибодатларимизни ўзаро тотувликда, бирдамликда адо этиб бораяпмиз. Айниқса, Рамазон ойларида масжидларимиздаги хатми қуръонлар файз-футуҳ билан, ҳавас қилгулик шароитларда йилдан-йилга тароват тарата бораяпти. Буларнинг барча-барчаси юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, осойишталик, ўзаро бағрикенглик сабабидандир. Шубҳасиз, Аллоҳ Таоло ўзи назар солиб турган бу жаннатмакон диёримиз бугун дунёдаги энг тинч ва обод юртлардан бири бўлиб турибди. Бундай улуғ инъомнинг қадрига етиш, ватаннинг конига яраш, шу масканда яшаётган ҳар биримизнинг бурчимиздир азизлар. Зеро, биз ўз фарзандларимизга ҳамма нарсанинг энг афзалини, яхшисини илинамиз. Унутмайликки, барча ютуқлар яхшиликлар тинчлик, осудалик бўлсагина қўлга киритилади. Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр ва мурувватларининг самимий бўлиши ҳам асосан хотиржамликка боғлиқдир. Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим.Шу ўринда Иброҳим алайҳиссаломнинг Қуръони Каримда келтирилган дуолари ёдимизга тушади: وَإِذْ قَالَ إِبْرَاهِيمُ رَبِّ اجْعَلْ هَذَا الْبَلَدَ آَمِنًا وَاجْنُبْنِي وَبَنِيَّ أَنْ نَعْبُدَ الْأَصْنَامَ(Эй, Муҳаммад!) Эсланг, Иброҳим айтган эди: «Эй, Раббим! Бу шаҳарни (яъни, Маккани) тинч қилгин, мени ва авлодларимни санамларга сиғинишдан йироқ қилгин!  (Иброҳим,35) Демак, юртга тинчлик, омонлик сўраб дуо қилишимиз биз мусулмонларнинг вазифаларимиздандир. Аллоҳдан сўраймизки, бу серқуёш ўлкамизни доимо ўз паноҳида асрасин! Баднийятли кимсалар тажовузидан, зулмидан ҳамиша Ўзи ҳимоя қилсин! Мустақил ватанимиз равнақи, юртимиз тинчлиги, халқимизнинг аҳил-иноқлиги, бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги янада мустаҳкам бўлсин!  Барчаларимизга икки дунё саодатини насиб айласин! Омин! Анвар Қори ТУРСУНОВ Тошкент шаҳар бош имом-хатиби  

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг