Унутилаётган муносабатлар: силаи раҳм

0
2026

Инсон дунёга келгач, энг аввало оиладан, сўнг жамиятдан ажралиб, ёлғиз ўзи яшай олмайди. Шундай экан, инсонлар бир-бирлари билан яқин алоқада бўлиб, ўзаро муносабат ўрнатишга ҳаракат қиладилар. Лекин ғарб мамлакатларидан фарқли ўлароқ шарқда қариндош-уруғчилик ва қўни-қўшничилик каби қадриятлар алоҳида аҳамиятга эгадир. Шариатимиз ҳам биз мўмин-мусулмонларни бир-бирларимизга яхшилик қилишга, қўни-қўшни, қариндош-уруғлар билан аҳилчиликда яшашга ундайди. Аксинча, мусулмонлар ўртасидаги муносабатларнинг узилиши ва бир-биридан юз ўгириш каби салбий иллатларни қоралайди. Динимизда бу инсоний муносабатлар ибодат даражасига кўтарилиб, у «силаи раҳм» деб аталади.

Тўғри, кўпчилигимиз силаи раҳм ҳақида озми-кўпми биламиз, лекин унга ҳар доим ҳам амал қиламизми? Эслаб кўрайлик-чи, яқин қариндошларимизни охирги марта қачон бориб зиёрат қилдик? Ота-онамиз тирикликларида уларни иззат-икром қилиб, улардан кейин амма-хола, амаки-тоғалар билан алоқаларни  янада мустаҳкамлаб,  уларни мунтазам зиёрат қилиб, озми-кўпми совға-саломлар билан кўнгилларини кўтариб, дуоларини олиб юришга қанчалик аҳамият бераяпмиз? Дарҳақиқат, бундай самимий муносабатлар ёшлар ўртасида ёддан кўтарилган бўлса ҳам, кексалар бор уйда ҳозир ҳам сақланиб қолган. Чунки илгари силаи раҳмга катта эътибор берилиб, бундан ҳеч қандай моддий манфаатдорлик кўзда тутилмаган. Инсонлар ўртасида меҳр-оқибат кучли бўлиб, холис ният билан бир-бирларини йўқлаб борганлар. Ҳозирги кунга келиб бу тушунчалар унутила борилаётгани ҳақиқатдан йироқ эмас. Энг ачинарлиси шуки, ҳозир бирор яқинингиз ёки дўстингизни йўқлаб борсангиз, сизнинг ёнингизга чиққунича ҳаёлан: “У бекорга келмаган, менда бирор юмуши бор ёки пул сўраб келган бўлса керак”, деб ўйлайди. Энди ўзингиз айтинг, бундай аянчли ҳолга келиб қолишимизга ўзимиз айбдор эмасмизми? Бунинг сабаби турли баҳоналар билан бир-биримизни йўқлашни ортга суриб, ҳатто бир-биримиздан фақат қандайдир манфаат илинжида яшашга ўрганиб қолаётганимиз эмасми?!

Шу ўринда бир нарсани эсга олсак. Болалигимизда ота-оналаримиз қариндошларимизни йўқлаб борсалар, албатта бизни ўзлари билан олиб кетишар эди. Энди билсак, бунинг орқасида бизни болаликдан улар билан яқинлаштириш орқали насл-насабимизни танитиш, меҳр-оқибатга ўргатиш, вақти келганда бу муносабатларни янада мустаҳкамлаш каби ҳикматлар ётар экан. Бу ҳикматлар ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Насабларингизни ўрганинг! Зеро, силаи раҳм аҳлга муҳаббат, мол-дунёнинг кўпайиши ва умрнинг зиёда бўлишига сабабдир»

(Термизий ривояти).

Ҳозирги кунда яқин қариндошларникига ҳам турли мулоҳазаларга бориб болаларни бирга олиб бормаслик натижасида улар бир-биридан узоқлашиб ёки ўз яқинларига нисбатан лоқайд бўлиб, уларнинг қадрига етмасликларига олиб келмоқда. Бунинг натижасида уларда силаи раҳм тушунчасига бўлган эътибор ҳам камайиб бормоқда. Агар шундай ҳолат давом этаверса, бундан кейин мусулмончиликка хос бўлмаган иллат ҳамма ўз ҳолича яшаш, яқинларини йўқлаб бормаслик оқибатида фарзандларимиз тошбағир, ҳиссиз бўлиб қолишлари аниқ-ку. Улар улғайганлари сари ўз яқинларининг ғам ташвишларига бефарқ бўлиб, уларнинг яхши-ёмон кунларида ҳамдард бўлишдан узоқлашиб борадилар. Ўз яқинларига шундай муносабатда бўлган кишилардан бошқаларга нисбатан қандай меҳр-оқибат кутиш мумкин? Аслида эса, қариндош-уруғлар билан борди-келди қилиш вожиб бўлиб, алоқани узиш гуноҳи кабиралардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло деди: «Агар (иймондан) юз ўгирсангизлар, яқинки, сизлар ерда бузғунчилик қилурсизлар ва қариндош-уруғларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узурсизлар! Ундай кимсаларни эса Аллоҳ лаънатлагандир, бас уларнинг (қулоқларини панд-насиҳат эшитишдан) кар, кўзларини эса (Тўғри йўлни кўра олмайдиган) кўр қилиб қўйгандир. Ахир улар Қуръон ҳақида фикр юритмайдиларми?! Балки дилларида қулфлари бордир, (шунинг учун у дилларга Қуръон нури етмаётгандир)?!»

(«Муҳаммад» сураси 22-24 оятлар).

Аллоҳ таоло тавбага улгурмаган гуноҳкор инсоннинг жазосини қиёмат куни бериши аниқ, лекин шундай гуноҳлар борки, Аллоҳ таоло шу дунёнинг ўзида ҳам бу гуноҳларнинг жазосини беради. Булар жумласига ота-онага оқ бўлишдек оғир гуноҳ киради. Ота-онага оқ бўлган инсонлар шу дунёнинг ўзидаёқ хор бўлиши аниқ. Қариндош-уруғчиликни узиш ҳам шундай гуноҳлардан бўлиб, бу гуноҳ учун жазо ҳам савобу мукофотлар ҳам тезлатиб берилиши ҳадисларда баён этилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таолога қилинган тоат-ибодатлар ичида силаи раҳмдан кўра савоби тезроғи йўқ, тажовузкорлик ва силаи раҳмни узишдан кўра жазоси тезроғи йўқ, ёлғон қасам хонадонларни қуритади (яъни, улардан аҳиллик ва баракани кўтаради)»

(Байҳақий ва бошқалар ривояти).

Силаи раҳмга қандай амал қилишларига кўра инсонлар уч тоифага бўлинадилар. Биринчи тоифадаги инсонлар ўзидан ҳеч бир яқини хабар олмаса ҳам,  у йўқлаб бораверади. Бу ҳолат шундай одамлар учун фазилатдир ва у ҳақиқий силаи раҳм сирасига киради.

Иккинчи тоифадаги инсонлар эса “сендан угина, мендан бугина” қабилида  йўл тутадилар. Бу тоифадагилар фақат сиз йўқлаб борсангизгина, сизни ҳам йўқлаб келади. Бошқа пайт эса буни ҳаёлига келтирмайди. Бундай одамларни “ҳисоб-китобли одамлар”, дейиш мумкин. Ва бу турдаги силаи раҳмнинг савоби бор-йўқлиги шубҳалидир. Чунки, амал холис Аллоҳ таолонинг розилиги учун бўлгандагина, ибодат саналади ва савобга, ажру-мукофотга сабаб бўлади.

Учинчи тоифадаги инсонлар бефарқ ва лоқайд бўлиб, ҳатто ўз яқинларини ҳам қадирламайдилар. Бошқалар уни доим йўқлаб турсалар ҳам, улар ҳеч кимни бориб кўришни  хоҳлашмайди. Бундай одамлар қариндош-уруғчиликни узган одам ҳисобланиб, силаи раҳмнинг орқасидан келадиган савоблар ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Қуйидаги ҳадис фикримизни тасдиқлайди: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Раҳм (қариндошчилик алоқаси) Аршга осилиб, илтижо қилади: «Ким мени боғласа, Аллоҳ унга (алоқа) боғласин, ким мени узса, Аллоҳ ундан (алоқасини) узсин»

(Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Азиз ўқувчи, юқоридаги фикрларимиздан сўнг силаи раҳмнинг савоб ва фазилатлари ҳақида оз-моз билиб олдингиз. Энди қариндош-уруғлар орасида учраб турадиган айрим салбий муносабатлар юзасидан ҳам фикрлашсак. Қариндош-уруғлар, айниқса туғишган ака-ука, опа-сингиллар ўртасида кўплаб учраётган келишмовчиликлар ҳам ҳозирги кундаги энг оғриқли ҳолатлардандир. Улар арзимаган гап-сўзлар, «деди-дедилар», гина-кудурат сақлаш оқибатида бир-бирлари билан нари-бери бўлаётганларига ҳаммамиз гувоҳмиз. Баъзида ака ёки опалар: «ука-сингилларим мени келиб йўқласин, чунки мен каттаман», деган кибрли ўйларга ҳам боришларини қандай изохлаш мумкин? Ахир, акаларнинг сингилларини йўқлаб боришлари силаи раҳмнинг гўзал кўриниши эмасми?! Яқинлар ўртасидаги бундай келишмовчиликларга бир-биридан моддий манфаат кутиш билан бирга, ғурурга берилиш, кибрлилик каби салбий одатлар ҳам сабаб бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Қариндошлар орасидаги мансабдор ёки бадавлатроқлари силаи раҳмни унутиб, яқинларининг ўзини доим йўқлаб туришларини талаб қилади. Уларни гўё шундай қилишга мажбур деб ўйлаб, «бир куни барибир менга иши тушади», дейишгача борадилар.

Бундай ўта ачинарли ҳолатларнинг янада авж олиб кетишининг олдини олмасак, бундан кейин аҳволимиз қандай бўлиши ҳақида бош қотирадиган пайт келди, азизлар. Агар ҳозир бу иллатнинг олдини олмасак, биздан кейин болаларимиз ҳам шу ҳолатга кўникиб, охир-оқибат ўз ота-оналарининг яқинларини ҳам танимайдиган, уларни умуман йўқламайдиган даражага борадилар. Ахир, бу биз учун фожиа-ку. Бизнинг ота-боболаримиз азал-азалдан силаи раҳмга амал қилиб, инсонлар учун фарз бўлган амалларни авлоддан-авлодга етказганлар.

Юқорида айтилган салбий одатлар, яъни гина-кудурат, кек сақлаш бизга хос эмас-ку. Ахир, яқин жигарлар ёки дўстлар бир-бирларининг айбини кечириб, турли гап-сўзларга кўз юмиб, ўзаро дийдорлашиб турсалар, улар орасидаги меҳр-оқибат кучайиб боради. Чунки, кечиримлилик, раҳмдиллик уларни янада яқинлаштиради. Бундай фазилатларнинг қанчалик улуғлигини ушбу ҳадис мазмунидан ҳам яққол англаб оламиз.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашиб, у зотнинг қўлларидан тутдим ва: «Ё Расулаллоҳ, менга энг фазилатли амаллар ҳақида хабар беринг», дедим. «Эй Уқба! Сен билан алоқасини узган яқининг билан алоқангни тикла. Сени маҳрум этган кимсага сен инъом эт. Сенга зулм ўтказганни афв қил», дедилар»

(Имом Аҳмад ривояти).

Ҳаётда шундай одамлар ҳам учрайдики, қариндошлари билан кўришишни кўнгилларига тугиб қўядилар-у, лекин камхаржликлари туфайли уларникига қуруқ қўл билан боришни ўзларига эп кўрмайдилар. Ва бу савобли ниятларини амалга оширишни орқага сураверадилар. Натижада бу нотўғри ўйлари билан улардан узоқлашиб бораверадилар. Яна шундай одамлар ҳам борки, қариндошлари билан фақат муроса учунгина борди-келди қиладилар. Яъни, улар силаи раҳмни фақат маломатга қолишдан ёки қарздор бўлишдан қўрққанлари учунгина ўзларига яхшилик қилган одамга “бу яхшилигини қайтармасам бўлмайди”, деб ўйлайдилар ва буни ўзлари учун мажбурият деб ҳисоблайдилар. Ваҳоланки, бу фикрнинг нотўғрилигини қуйидаги ҳадиси шарифдан ҳам англаб олсак бўлади. Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: «Қариндошлар билан муроса учун алоқа қилиш ҳақиқий силаи раҳм эмас, ҳақиқий силаи раҳм улар алоқани узишган тақдирда ҳам, уни боғлаган кишидир»

(Имом Бухорий ривояти).

Шундай экан, қариндош-уруғчилик бир-биридан тама қилиш ёки манфаат кутиш билангина эмас, балки дийдорлашиб туриш орқали мустаҳкамланади. Уламоларнинг айтишича, қариндош-уруғларнинг бир-бирларини йўқлаб боришлари учун муайян вақт тайинламаган. Яъни улар ўзларининг вақт ва имкониятларидан келиб чиқиб дийдорлашиб туришлари ўринлидир. Бунинг иложи бўлмаса, телефон орқали ҳам салом-алик қилиб, хабарлашиб туриш мақбул бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саломлашиш билан бўлса-да, қариндошлик алоқасини жонлантириб туринглар», дедилар.

(Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қариндошлари билан алоқа қилсин»

(Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Одамзотнинг амаллари ҳар пайшанба(дан) жумага ўтар кечаси – Аллоҳга арз-кўндаланг қилинади, қариндошлари билан алоқани узган одамнинг амали қабул бўлмайди» (Аҳмад ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қариндошлари билан алоқасини узган одам жаннатга кирмайди»

(Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Ё Расулаллоҳ, мен бир ёмон гуноҳ қилдим, қандай тавба қилсам бўлади?» деб сўради. У зот: «Онанг борми?» деб сўрадилар «Йўқ», деди. «Холанг борми?» деб сўрадилар. «Ҳа», деди. «Унга яхшилик қил», дедилар

(Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Киши отасининг вафотидан кейин унинг дўсту ёрлари билан борди-келди қилиши унга қилган энг катта яхшилиги бўлади»

(Муслим, Термизий, Абу Довуд, Аҳмад ривоятлари).

Хулоса ўрнида айтадиган гапларимиз шулардан иборатки, биз ҳозирги кунда энг долзарб бўлган силаи раҳм мавзусини имкон қадар кенгроқ қамраб олиш орқали, одамларга кўзгу тутдик, халос. Шояд, улар ўзларининг бу борадаги хато ва камчиликларини тушуниб етиб, тўғри хулоса чиқарсалар. Айрим кибрли, манман инсонлар инсофга келиб, қариндош-уруғчилик фарзларига амал қилсалар. Бизнинг муддаоимиз жамиятимизда илдиз отиб бораётган бундай иллатларга ўз вақтида барҳам бериш ҳақида эслатма бериб, одамларни огоҳликка чақиришдан иборат эди. Сиз, азизлар, буни тўғри англаб етдингиз, деган умиддамиз.

Дониёр Файз

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг