ТEРРОРИЗМНИ МОЛИЯЛАШТИИРИШ

0
1343

Савол:
 Уй мактаб, шифохона, кўприк, завод ва шу каби бошқа иншоотларни вайрон қилиш мақсадида террористик ҳаракатларни амалга оширадиган шахс ёки ташкилотни маблағ билан таъминлашнинг ҳукми нима? Шу мақсадда бойлик тўплаш жоизми?

Жавоб:
Саудия Арабистонидаги Катта олимлар ҳайъати терроризмни молиялаштириш масаласини кўриб чиқиб, қуйидагиларни хулоса қилган: “Терроризм тинчликка раҳна солиш билан ер юзида бузғунчилик қилишни ўз олдига мақсад қилган жиноят бўлиб, инсонларнинг ҳаёти, бойлиги, хусусий ва умумий мулкларга тажовуз қилиш, уй-жой, мактаб, шифохона, завод, кўприкларни вайрон қилиш ҳамда самолёт, маълум бир давлатга тегишли бўлган моддий бойликлар, жумладан, табиий газ ва нефть маҳсулотларини портлатиш ёки гаровга олиш каби бир қатор ҳаракатларда намоён бўлади. Бу каби бузғунчилик ва вайронагарчилик ишларининг барчаси шаръан ҳаром қилинган. Терроризмни молиялаштириш эса мазкур бузғунчиликларга кўмаклашиш ва уларнинг бардавомлигини таъминлаш ҳамда тарқалишига сабаб бўлади.
Шунингдек, мазкур ҳайъат терроризмни молиялаштириш жиноят эканлигини Қуръон, ҳадис ва шариат қоидалари билан исботлаб берган. Жумладан, Аллоҳ таоло шундай деган: «… Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! …» («Моида» сураси, 2 оят).
Бошқа бир оятда шундай дейилган: “Одамлар орасида шундай кимса ҳам борки, унинг дунё ҳаёти тўғрисидаги гапи Сизга қизиқарли бўлади. Дилидаги «имонига» Аллоҳни гувоҳ қилади, ваҳолаинки, ўзи(Исломга нисбатан) душманларнинг ашаддийсидир. (Олдингиздан) кетганида эса ерда фитна-фасод, экин ва наслларни ҳалок қилиш ишлари билан юради. Аллоҳ эса фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди” («Бақара» сураси, 204 205-оятлар).
Яна бир оятда қуйидагиларни ўқиш мумкин: «Ерни (Аллоҳ хайирли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин(унда), бузгунчилик қилмангиз! …» («Аъроф» сураси, 56 оят).
Али (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай деганлар: «Аллоҳ бидъатчига бошпана берганни лаънатлаган» (Саҳиҳ Муслим, 1978 ҳадис). Ҳофиз Ибн Ҳажар (раҳматуллоҳи алайҳ) мазкур ҳадисни шарҳлаб, шундай дейди: «Бидъатчи ва унга бошпана берган гуноҳда барорбардирлар». Шу ҳадис асосида «Воситаларга ғоянинг ҳукми берилади» деган исломий-шаръий қоида келиб чиққан. Шунингдек, ислом шариатида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга буюрилган.
Шулардан келиб чиққан ҳолда, Ҳайъат терроризмни молиялаштириш ёки террористик ҳаракатларни амалга ошириш ҳаром амал экани ҳамда унга шаръан жазо берилиши кераклиги ҳақида қарор чиқарган. Терроризмни маблағ билан таъминлаш, пул ажратиш, шу мақсадда пул тўплаш ёки бундай ишларда иштирок этиш ҳаром саналади. Ҳар қандай восита билан, хоҳ молиявий, хоҳ бошқа услубда бўлсин, терроризмга кўмаклашиш шаръан таъқиқланади. Бу каби бузғунчиликларни амалга оширганлар ҳаром амал қилган гуноҳкор саналадилар. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, муҳтожларга ёрдам бериш, уларнинг тиббий муолажаси ва таълим олишлари учун маблағ ажратиш терроризмни молиялаштириш саналмайди. Аксинча, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш ислом шариатида буюрилган амаллардан бўлиб, камбағалларнинг бойлардаги ҳақлари саналади.
______________________________________________________
Манба: Марказ ат-тамиз ал-баҳсий фи фиқҳ ал-қозоя ал-муъасира. Ал-мавсуъа ал-муяссара фи фиқҳ ал-қозоя ал-муъасира: Жиноятлар, ҳукм ва халқаро алоқалар қисми. – Ар-Риёд: Фиҳрист мактаба ал-Малик Фаҳд, 2014. – Б. 187 189.

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг