НОМИНГ ЎЧСИН УРУШ…

0
1018

Шу кунларда Европада муҳожирлар сони бир миллиондан ошиб кетди. Қайси муҳожирлар? Англаганинггиздек, Сурия ва Ироқ ҳудудларида инсоният тарихида мисли кўрилмаган, шафқат билмас, муаззам қадриятларни топтагувчи ўта хатарли, нотинч вазиятдан қочиб, сув йўллари орқали Европа соҳиллари томон ҳаёт излашга,  паноҳ топишга мажбур бўлган муҳожирлар.Европа Иттифоқи давлатлари истибдод жабрдийдаларига бошпана беришда қўшимча-чора тадбирлар ва маблағ ажратишига мажбур бўлмоқда. Германия ҳукумати мамлакатимизда муҳожирлар сони 10,9 миллион етди, деб хабар бермоқда. Бу уч йил олдингидан 1 миллион кўпроқ, ва охирги 10 йил ичида энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Европа ҳамжамияти ҳозирда мигрантлар оқимини камайтириш чораларини кучайтирмоқда. Қочоқларнинг аянчли қисматидан кўрган кечирганларини бизга Европалик фотосуратчи мухбир Даниэль Эттер сўзлаб беради:“Тонгда биз тўрт кишилик  резина сол қайиқни кўрдик. Айни пайтда, унда 12 киши бор эди. Ортиқча юкнинг оғирлигидан сол шишган эди. Хайриятки, у чўка бошлашидан аввал уни учратдик. Аввалги икки кун каби, мен Юнонистоннинг Кос оролида сузиб келаётган муҳожирларни кутаётган эдим.Қайиқ сузиб кела бошлади. Бу қайиқ аввалгиларидан кўп фарқ қилмас, лекин ундаги кишилар кечинмалари, ҳис-туйғулари, фарқли эди. Мен буни ҳеч қачон унутмайман. Қайиқ қирғоққа яқинлашиб келганида, икки йигит сувга сакраб солни қирғоққа судраб чиқишди. Жабрдийдалар ичида ўрта ёшлардаги бир киши алоҳида эътиборимни тортди. Юз-кўзларидан узоқ сафардан ҳолдан тойганлиги очиқ-ойдин билиниб турар эди. Унинг оиласи ниҳоят хавфсиз жойга етганида, хотини билан йиғлай бошлади…Улар болаларини қучоқлашди ва йиғлашди… Бутун журналистлик фаолиятим давомида мен ўзимни ҳеч қачон бу қадар йўқотиб қўймаганман… Бу кўз ёшлари қийин ҳолатдан ўтишга эришдик дея оқаётган гўёки “қувонч” ёшлари эди…Улардан ўтаётган ватанжудолик изтироблари, дарбадарлик кечинмаларини сўз билан таърифлаб бериш жуда қийин…Мен бу одамлар ҳақида ҳеч нарса билмайман аммо уларнинг ҳолатининг ўзи менга улар учун ҳамма нарсани айтди.Мен уларни қуруқликка олиб чиқишда ёрдам бердим ҳамда қочоқлар ҳужжатларини қайд этиш учун белгиланган махсус пункт томон кузатиб қўйдим. Йўлда улар бошқа қайиқда келган қариндошлари билан учрашишди. Эртаси куни, мен улар ҳақида кўпроқ билишни хоҳлаганимдан, бу оилани излай бошладим. Порт яқинидаги, оддий чодир ичидан уларни топиш насиб этди.  Оила аёли Нада Адел  Сурияда инглиз тили фанидан дарс беришини, унинг эри Лоит Мажид уч нафар фарзанди: Аҳмад, Мустафо, Нурия юртларидаги нотинч вазият туфайли 6500 доллар йўл харажатлари эвазига Сурияни тарк этишга мажбур бўлганларини билиб олдим.Кенжа  фарзандлари  Нуриянинг иситмаси бор эди. "Йўл давомида у тинмай йиғлаб борар эди," – дейди онаси. Европа жамияти мигрантлар оқимининг ўсиб бораётганидан хавфсираётган бир пайтда, қучоғида икки боласи билан ночор йиғлаётган ота сурати ижтимоий тармоқларда минглаб изоҳлар қабул қилди. Бегона кишилардан сон-саноқсиз хабарлар оқими доимий равишда келиб турибди. Ўнлаб одамлар ёрдам бериш, ҳатто уй-жой билан таъминлаш истагини билдириб чиқмоқдалар. Энг самимий хабарлардан бири, Ливия қирғоқ бўйи ҳарбий кемасида хизмат қилаётган ирландиялик денгиз офицеридан келди. Айтиш жоизки, бу ерда, (Шимолий Африка қирғоқларида) оғир шароитларда Европа томон қочиб ўтаётган муҳожирлар сони, Туркия ва Грециядаги вазиятдан кўра кўпроқ хавфли. Бу йилнинг ўзида, турли ҳисоб-китобларга кўра, 2000 дан зиёд киши сув йўлидан ўтиш чоғида ғарқ бўлган. "Биз бу йили ёзда  3400 нафар кишининг ҳаётини сақлаб қолишга муяссар бўлдик", дея хабар беради ирланд зобити. "Бу отанинг қайғуси ва болаларига бўлган қайноқ меҳри, биз қайиққа олиб чиққан саноқсиз одамлар қисмати тасвирини намоён этмоқда”, дея қўшимча қилади зобит.Афсуски, мен бу оилани йўқотиб қўйдим. Улар билан кўпроқ қола олмаганим, имконим қадар ёрдам бера олмаганимдан надоматда эдим. Лекин, соҳилдаги ўша биринчи учрашув менга, менинг ҳаётимга жуда кўп,кўп сўзларини айтди…”Бугун Сурия ва Ироқ ҳудудида дин ниқоби остида ҳадсиз бузғунчиликлар қанчадан-қанча инсонларни ватанидан, яқинларидан, келажакка қурган орзу-умидларидан, шодликларидан жудо қилмоқда. Улар биз каби ҳаётдан роҳат олиб, фаровон жамиятларда фарзандларини бағриларига босиб яшашаликни исташмасмиди? Ё бунга ҳақли эмасмидилар? Дарров жавобимиз юракларимизни чертади. Албатта, албатта ҳақли эдилар! Мазлумнинг дуоси ижобат. Аниқки, уларни бу кўйларга солаётган, мамлакатга уруш ўчоқларини олиб кирётган кимсаларни умрбод лаънатлаб ўтадилар.     Шу тобда ўйларимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Ул Зотнинг асҳобларини ўз юртларида кечирган қийинчиликлари, мушрикларнинг кўрсатган зулм қамчилари эгаллаб олди. Қанчалар оғир, қанчалар изтиробли бир ҳолатда Сарвари Коинот (с.а.в.) буюк рисолат юкини умматга омон етказиш учун Мадинага кўчиб ўтишга мажбур бўлдилар. Ул Зот Макка чегарасига етганларида ортларига қараб: “Эй туғилган она юртим, агар ўз қавмим мени мажбур қилмаганида, сени тарк этмас эдим”, деб айтдилар.  Ватандан, бошпанадан, яқинларидан жудо бўлишлик-улкан мусибатдир. Ҳар ишга қодир Тангримиздан бугунда ана шундай қийинчиликларни бошдан кечираётган кишиларга омонлик, офият сўраймиз. Зеро, Ўзи асраса, хор қила олгувчи йўқ.     ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги ҳодимиЗоиржон СОДИҚОВ

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг