Кўзни тийиш – иймонни асраш демакдир (2-қисм)

0
1318

Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида Набий алайҳиссалом: “Одам боласининг пешонасида зино қилмоқ насибаси ёзиб қўйилган бўлиб, у бундан қочиб қутула олмайди. Кўзнинг зиноси (бегона аёлларга) қараш билан, қулоқнинг зиноси (фахш, бузуқ сўзларни) эшитиш билан, тилнинг зиноси (фахш, бузуқ сўзларни) гапириш, қўлнинг зиноси ушлаш, оёқнинг зиноси қадам ташлаш билан бўлади. Қалб рағбат қилади ва хоҳлайди. Фарж эса уни тастиқлайди ёки ёлғонга чиқаради”, – дедилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Мен ушбу ҳадисдан кўра нохушроқ гапни эшитмаганман” – деган эканлар.

   Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Учта кўз дўзах ўтини кўрмайди: Аллоҳ йулида кечқурун навбатчилик қилган кўз, Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўз ва Аллоҳ ҳаром қилган жойлардан кўзини тийган кўз”, дедилар.

    Аҳмад «Муснад»да, Ибн Ҳиббон ўз «Саҳиҳ»ида, Ҳоким «Мустадрок»да ва бошқалар Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Менга олти нарсага кафолат берсангизлар, мен сизларга жаннатнинг кафолатини бераман. Гапирсангиз, рост гапиринглар, ваъда берсангиз, вафо қилинглар, омонатни адо қилинглар, авратларни номаҳрамлардан сақланглар, кўзингизни (бегоналардан) пастлатинглар ва қўлингизга эрк берманглар”.

    Азиз биродарим, Набий алайҳиссаломнинг кафолатларига диққат қилинг: “Менга (ўзларингиз томондан) олти нарсанинг кафолатини беринглар, мен сизларга жаннатнинг кафолатини бераман”.

    Жаннатга етишиш учун олти амалнигина бажариш қандай енгил! Уларни ким ҳаёти давомида адо этса ва ўлимига қадар уларга риоя қилса, бас, унинг учун жаннат кафолатлангандир.

   Яна бир ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Эй Алий, бир қарашга (иккинчи) қарашни  эргаштирмагин, албатта, биринчи қарашдан бошқаси сенга эмасдир”, дедилар. (Термизий ривояти).

    Дарҳақиқат, инсон биринчи қарашликни мақсад қилмаган ҳолда, унинг кўзи бехосдан тушиб қолиши мумкин. Жарир ибн Абдуллоҳ Набий алайҳиссаломдан бехосдан кўз тушиб қолишлик ҳақида сўраганида, у зот: “Кўзингни олиб қочгин”, дедилар. Чунки биринчи қарашда қалб (шаҳватга) тайёр бўлмайди. Аммо иккинчисида одамнинг хаёли кетиб, унга гуноҳ ёзилади.

Кўзни тийишнинг фойдалари:

Кўзни тийишда жуда кўп фойдалар, жумладан, Ибн Қаййум раҳматуллоҳи алайҳнинг сўзларига кўра, унинг 10 та фойдаси бор. Улар қуйидагилар:

  1. Қалбнинг ҳасрат аламидан қутулиши. Чунки, ким кўзини тиймаса, ҳасрати давомли бўлади.
  2. Кўзни тийиш қалбга нур ва зиё келтиради. Ўша нур кўзда, юзда ва бутун аъзоларда зоҳир бўлади. Чунки, кўзни тиймаслик юзга ва аъзоларга зулматни олиб келади.
  3. Соғлом фаросат келтиради. Бу фаросат қалбдаги нурдандир. Шужоъ Кирмоний шундай деганлар: “Ким зоҳирини суннатга эргашиш билан, ботинини доимий муроқаба билан обод қилса, кўзни ҳаромдан тийса, нафсини шаҳватлардан тийса, ҳалолдан еса, фаросати хато қилмайди”.
  4. Бандага илм йўллари ва эшиклари очилади. Илм олиш сабаблари ҳам у бандага осон бўлади. Бу ҳам қалбдаги нур сабаблидир. Агар қалб нурланса, унда маълумотларнинг ҳақиқати зоҳир бўла бошлайди. Ким кўзини тиймаса, қалби кирланади ва у зулмат билан қопланади.
  5. Қалб қувватини, саботини ва шижоатини олиб келади. Баъзи шайхлар шундай дейишган: “Одамлар азизликни подшоҳлар эшигидан изладилар ва уни фақат Аллоҳнинг тоатида топдилар”.
  6. Кўзни тийиш қалбга назар билан ҳосил бўладиган лаззат ва хурсандчиликдан кўра улканроқ лаззат, хурсандчилик ва хотиржамлик олиб келади. Иффат лаззати гуноҳ лаззатидан улканроқ ва ширинроқдир.
  7. Кўзни тийиш қалбни шаҳватга асирликдан қутқаради. Чунки, шаҳватига асир бўлган банда эса ҳеч бир гуноҳдан қайтмайдиган бўлади.
  8. Кўзни тийиш банданинг юзига жаҳаннам эшикларидан бирини ёпади. Чунки, назар охири дўзах билан якунланувчи фаҳшга олиб борадиган шаҳватнинг эшигидир. Агар кўз тийилса, фаҳшга тушилмайди, фаҳшга тушилмагач, дўзах эшиги ҳам ёпилади.
  9. Кўзни тийиш ақлни қувватли, зиёда ва саботли қилади. Кўзни тиймаслик эса ақлнинг камайишига, оқибатни ўйлаб иш қилиш қобилиятининг йўқолишига олиб келади.
  10. Кўзни тийиш қалбни шаҳват зикридан, ғафлат мудроғидан халос этади. Кўзни тиймаслик эса Аллоҳдан ва охират кунидан ғофилликни кучайтиради, мустаҳкамлайди.

Ибн Қаййум раҳимаҳуллоҳнинг фикрларига яна қуйидагиларни ҳам қўшимча қиламиз:

  1. Кўзни тийиш Аллоҳнинг муҳаббатини пайдо қилади. Ҳасан ибн Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Кўзингни Аллоҳнинг ҳаром қилган нарсаларидан тийгин. Бу иш Аллоҳнинг муҳаббатини пайдо қилади”.
  2. Кўзни тийиш ҳикматни олиб келади. Абул Ҳусайн Варроқ шундай дейдилар: “Ким кўзини ҳаромдан тийса, бу иши сабабли Аллоҳ унинг тилига эшитувчиларини ҳидоятга бошлайдиган ҳикматни беради”.
  3. Кўзни тийиш қалбни фойдали нарсалар ҳақида тафаккур қилишга, қиёмат куни асқотадиган ишлар билан машғул бўлишга бўшатиб беради.

    Ибн Масъуд розияллоҳу анҳугача  кўтарилган саҳиҳ ҳадисда айтилади: “Ҳар куни тонгда икки фаришта айтар экан: Вайл бўлсин аёллар сабабидан эркакларга ва Вайл бўлсин эркаклар сабабидан аёлларга бўладиган (бузуқ ишларда). (Ҳоким ривояти).

    Анас розияллоҳу анҳу бир кишига: “Агар бир аёл ёнингдан ўтса, то ўтиб кетгунича кўзингни юмиб тургин” – дедилар. Вакий роҳматуллоҳи алайҳ айтадилар. “Суфён Саврий билан хайит намозини ўқишга уйдан чиқдик. У менга: “Бугунги қиладиган биринчи ишимиз, кўзимизни ерга қаратиб юрамиз”, – деди. Айтинг-чи, эй азиз дўстим, биз кўчага чиқа туриб шундай ният қиламизми?

    Ибн Қаййум роҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Назар қилиш инсон тушиб қоладиган умумий воқеаларнинг бошидир. Номаҳрам аёлларга қараш фикр ўзгаришини туғдиради, сўнг фикр ўзгаришлиги кўрган нарсани ўйлашликни туғдиради, у ҳақида ўйлашлик эса шаҳватни юзага чиқаради, шаҳват эса хоҳишни туғдиради, тақво бўлса-чи, қатъий истакни ўзгартиради, бу ишлардан қайтарувчи тақво бўлмаса бузуқ иш содир бўлади”. Яна айтиладики, кўзни номаҳрамлардан четлатишдаги сабр ўзидан кейинги аламли пушаймондан енгилроқдир.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло уч тоифа одамга жаннатни ҳаром қилди: ароққа муккасидан кетган кимсага, ота-онасига оқ бўлган кишига ва даюсга», дедилар. (Термизий ривояти).

    Даюс – ўз аҳли-оиласи (хотини, қизи ва опа-сингиллари)нинг туруш-турмушига бефарқ кимсадир. Муҳаммад Хижавий: “Номаҳрамларга кўп қарашлик балоларнинг аслидир, чунки кўп қарашлик фаржнинг элчисидир”, – деган экан. Ҳақиқатан ҳам, ҳаётдаги кўп фаҳш, зино ишлар қарашликнинг ғолиб келишидан юзага чиқади.

    Ҳали бу кўзларимиз, Қиёмат кунида ўзимизга қарши гувоҳлик беришини билишимиз лозимлигидан ушбу оят далолат беради: “Бас, қачонки улар келишгач уларнинг қулоқлари, кўзлари ва терилари улар қилиб ўтган ишлари ҳақида ўзларига қарши гувоҳлик берур” (“Фуссилат” сураси, 20-оят).

    Аблуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий алайҳиссалом: “Аллоҳдан хақиқий ҳаё билан ҳаё қилинглар”. Бизлар Аллоҳ таолодан уяламизку, дейишди. Бу ҳаё эмас, лекин ким Аллоҳдан чиндан ҳам ҳаё қилса, бошни ва уни ўраб олган нарсаларни сақласин, қоринни ва уни ўраб олган нарсаларни сақласин…… деб”, марҳамат қилдилар.

   Умар розияллоҳу анҳу: “Бировларнинг аёлларига қараманглар, шунда сизнинг аёлингизга ҳам қарашмайди”, – дедилар.

Кўзни тийишга ёрдам берадиган омиллар:

Кўзни тийишга ёрдам берадиган омиллар кўп. Қуйида улардан муҳимларини келтирамиз:

  1. Аллоҳ азза ва жаллага тақво қилиш, Унинг иқобидан қўрқиш.
  2. Кўзни тиймасликка олиб борадиган ҳамма сабаблардан қутулиш.
  3. Кўзни тиймаслик афсус ва надоматга олиб боришини билиш. Ҳасан раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Ким кўзининг тизгинини бўш қўйиб юборса, надомати узоқ бўлади”.
  4. Назар икки кўзнинг зиноси эканини билиш.
  5. Турли фикр ва васвасаларни тарк қилиш. Токи бу фикрлар қасдга, ундан кейин амалга айланмасин. Ким биринчи назардаёқ кўзини тийса, сон-саноқсиз офатлардан тийилади. Агар назарни такрор қилса, унда қалбига шаҳват уруғи экилишидан қутула олмайди. Уруғ экилгач, уни суғуриб олиб ташлаш жуда қийин бўлади.
  6. Шукрни адо этиш. Неъматга ҳақиқий шукр қилиш уни берган Зотга ўша неъмат ила итоат қилиш, ўша неъмат ила исён қилмасликдир. Кўз ҳам Аллоҳнинг бандага берган энг улкан неъматидир.
  7. Рўза тутиш. Кўзни тийишга ёрдам берадиган кучли омиллардан бири рўза тутишдир.
  8. Аёллар ҳақидаги хунук нарсаларни ўйлаш. Улар ҳам туфлашади, бавл қилишади, ғоит (ҳожат) қилишади, улардан ҳам тер ва бошқа сабабларга кўра бадбўй ҳидлар чиқади. Шунинг учун Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Агар бирортангизни бирорта аёл ажаблантирса, унинг ўлиб, чиришини эсга олсин!” деган эканлар.
  9. Аллоҳ ҳалол қилиб берган йўл билан тасалли топиш. Бунга, аввало, уйланиш киради. Шаҳват шунда ҳалол йўл билан қондирилади. Қолаверса, қуйидаги ҳадисда келадиган ҳолат ҳам кўзда тутилган.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир аёлни кўриб қолдилар. У аёл у зотни ажаблантирди. Зайнабнинг олдига келиб, ундан ҳожатларини бажо қилдилар ва: “Албатта, аёл шайтон суратида келади ва шайтон суратида кетади. Агар сизлардан бирортангиз бир аёлни кўриб, ажабланса, аҳлига келсин. Чунки, бу иш нафсидаги нарсани қайтаради”, дедилар. (Муслим ривояти).

     Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадиснинг шарҳида шундай деганлар: “Ҳадиснинг маъноси – албатта аёл ҳаво, фитна, шаҳват дея зикр қилинади. Бунга сабаб Аллоҳ таоло эркакларнинг нафсларини уларга мойил бўладиган, уларга назар солиб лаззатланадиган қилиб яратганидир. Шунинг учун, аёл киши заруратсиз эркаклар орасига чиқмаслиги керак. Худди шунингдек, эркаклар ҳам улардан ва уларнинг либосларидан кўзларини тийишлари, улардан мутлақо юз ўгиришлари лозим”.

  1. Аллоҳ таолога дуо қилиб бу фитнадан паноҳ беришини тилаб, У Зотдан ёрдам сўраш. Пайғамбар алайҳиссалом дуоларида: “Аллоҳим, мен Сендан қулоғимнинг ёмонлигидан, кўзимнинг ёмонлигидан, тилимнинг ёмонлигидан ва қалбимнинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман” , дер эдилар.

(Абу Довуд ривояти).

  1. Ёмон хотимадан ва ўлим пайтидаги надоматдан қўрқиш.
  2. Яхшиларнинг суҳбатида бўлиш ва ёмонларнинг суҳбатини тарк этиш. Чунки, табиат аралашувдаги кишиларнинг хислатларидан ўғирлайди. Худди қуйидаги ҳадиси шарифда айтилгандек: “Киши ўз биродарининг динида бўлади. Сизлардан бирингиз ким билан биродарчилик қилаётганига қарасин!”. (Абу Довуд ва Термизий ривояти).

 

Шариатда номаҳрамларга қараш рухсат берилган ўринлар

Динимиз таълимотига кўра, номаҳрам аёлларга шаҳват билан қараш кўз зиноси ҳисобланади. Аммо уйланаётган йигит қизга назар солишига шариатда рухсат берилган, ҳатто тарғиб қилинган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида эдим. Бир киши келиб, ансорлардан бир аёлга уйланаётганини айтди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Ўша аёлга назар солдингми?” дедилар. У: “Йўқ”, деди. Шунда у Зот: “Бор, унга назар сол. Зеро, ансорларнинг кўзларида бир нарса бор”, дедилар.  (Муслим ривояти).

Муслим ривоят қилган ҳадисда Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: Уйланмоқчи бўлиб, бир аёлга совчи қўйган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Уни кўрдингми?» деб сўрадилар. Мен: «Йўқ», дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен уни кўргин, бу, албатта, ораларингизда яқинлик ҳосил қилади, – дедилар.

Бу ривоятларда уйланмоқчи бўлган йигит қизнинг юзига қараши жоиз экани маълум қилинмоқда. Жумҳур уламоларнинг фикрларига кўра, уйланишдан олдин қизнинг юзига назар солиш мустаҳабдир. Яна бир жиҳатга эътибор қаратиш керак. “Рухсат” дейилганда, юзи ва икки кафтига қараш жоиз.

Аёлнинг ушбу аъзолари аврат ҳисобланмайди. Яна, ҳожат тушганда номаҳрам аёлнинг юзига қараш мумкин. Масалан, олди-сотди, гувоҳлик бериш ва бошқа узрли ҳолатларда.

Хулоса шуки, кўзни номаҳрамлардан пастлатиб юриш ҳозирги кунимизда мушкул бўлгани билан, уни амалга оширса бўлади. Муҳими, қалбимизда тақво бўлса бас, тақво эса ушбу эслатмаларни ўқиб, унга амал қилиш билан ҳосил бўлади. Валлоҳу аълам.

Дониёр Файз

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг