Зикр ва сураларни крил алифбоси билан талаффуз қилсам намозимга зарари йўқми?

0
776

Савол:
Ассалому алайкум. Саволимни бошқа манода йўллабман. Айтмоқчи бўлганим араб тилини билмаганим туфайли намоздаги зикр ва сураларни китобдаги крил алифбоси билан талаффуз қилсам намозимга зарари йўқми. Қуронни крил алифбосида ўқиб бўлмаслигини ушбу сайтдан билдим.

Жавоб:
Ва алайкум ассалом! То араб алифбосини ўрганиб, ўз ҳарфида тўғри талаффуз қила оладиган бўлгунингизга қадар билганингизча ўқиб туринг. Имкон қадар фарз намозларни масжидда жамоат билан ўқисангиз янада яхши ва савоби ортиқроқ, мукаммалроқ намоз бўлади. Ҳозирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитанинг рухсати билан “Муаллим соний”нинг аудио дискли варианти чоп этилган. Китоб дўконларидан уни топиб, эшитиб, ортидан хоҳлаганингизча қайтариб, такрорлаб олиш мумкин. Чунки анча қулайликларга эга қилиб тайёрланган. Қақнус.уз сайтига кириб, программалар бўлимидан қидирсангиз, андроид жиҳозларга мослаб программалаштирилган шакли ҳам бор. Шуни топиб, араб алифбосини ўқишни, тўғри талаффуз қилишни ҳаракатида бўлинг! Чунки ҳар бир кишига Қуръони каримни намоз тўғри адо бўладиган даражада ўқий олиш фарзи айндир. Намоз бузиладиган даражада ўқий олмаслик гуноҳга сабаб бўлади. Намоз нуқс- камчилик билан адо бўлади. Аллоҳ барча мўмин-мусулмонларни Қуръони каримни тўғри ўқий олишга муваффақ этсин!

ЎМИ фатво ҳайъати.

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг