Ота-она розилиги-улуғ мартаба

0
2044

Бу ёруғ дунёда ота-оначалик инсонга яқин ва энг меҳрибон киши бўлмайди. Қуръони каримнинг “Исро” сурасида “Парвардигорингиз ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишингизни амр этди”, деган оят келади. Ва умуман олганда Қуръонда Аллоҳ таоло 18 маротаба ота-онага яхшилик қилишга буюргани хусусида бир хил мазмундаги оят қайта-қайта нозил бўлган. Бу эса, муфассир олимларимиз изоҳлашича, ота-она хизмати, унинг розилигини топишлик фарзанд учун нақадар муҳим эканлигидан далолатдир.“Биз ота-онага яхшилик қилишни буюрамиз”, дейди Аллоҳ. Буйруқ бу-фарз. Бу фарзни бажармасак, Аллоҳ таоло бошқа фарз амалларимизни қабул қилмайди. “Ота-она розилиги билан Аллоҳ таолонинг розилиги бир-бирига боғлиқдир.”, дейдилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Пайғамба­римиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Қайси бир солиҳ фарзанд ўз ота-онасининг юзларига меҳру шафқат назари ила боқса, Ҳақ таоло у кишининг ҳар бир қилган назарига бир ҳаж қилганнинг савобини бергай. Шунда саҳобалар сўрадилар: «Ё Расулуллоҳ, бир кунда юз марта боқса ҳам, юз ҳажнинг савоби ёзилаверадими?» Ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ таоло карами кенг, улуғ зотдир ва ажру савобларини яхши бандаларидан дариғ тутмагай», деб жавоб бердилар. (Имом Байҳақий ривояти)Имом Бухорий ҳазратларининг “Ал адаб ал муфрад” китобларида келтирилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:“ Агар инсон ота-онасининг хизматини қилса, уларнинг розилигини топса ва ўтганларидан кейин ҳам уларнинг ҳақига дуо қилиб турса, Аллоҳ таоло унинг хонадонини мунаввар қилади. Аммо ота-она эсланмаган хонадонда Аллоҳнинг нури ўчади”, деб огоҳлантирганлар. Хонадонимиз, қалбларимиз мунаввар бўлиши учун, ота-оналаримизни рози қилишимиз керак. Агар хонадонда эҳсонлар қилинса, намоз ўқилиб, рўзалар тутилса, Ҳаж зиёратлари, закот ибодатлари адо этилсаю, ота-онага бееътибор бўлинса, бошқа ибодатларнинг фойдаси бўлмайди, азизлар.Ота–она хизматининг катта-кичиги бўлмайди. Айтайлик, дастурхон тўри албатта улуғлар жойи бўлиши лозим. Таомнинг аввли уларга сузилиши керак. Таомга кексалардан олдин қўл узатиш ҳам одобдан эмас. Булардан ташқари, оила даврасидаги ҳар қандай тадбир маслаҳати ота-она билан бўлиши шарт. Бунда хайрли оқибат бор. Кузатган бўлсангиз, эл назарига тушган, мартабаси улуғ кишиларнинг ҳаммаси ота-онасининг розилигини топган, дуосини олган кишилардир.  Ота-онасини ранжитган фарзанд ҳар қанча тадбиркор, топарман-тутарман бўлсин, пул, мол-дунё топиши мумкин, барака топмайди. Топганида барака бўлмайди.Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Ё Расулуллоҳ, қайси амал Аллоҳга энг суюмли?”, деб сўрадим. Ул Зот: “Вақтида ўқилган намоз”, дедилар. “Кейин қайси?”, дедим. “Ота-онага яхшилик қилиш” дедилар. Бунинг акси ўлароқ, ота-онага итоатсизлик-Парвардигор наздида энг оғир гуноҳ саналади. Ота-она дилини оғритган фарзанд оқ қилинади, бу эса икки дунёсини ҳам бой бериш демакдир. Бундай ўнгланмас гуноҳга йўл қўйган фарзанд ҳолати Бобораҳим Машрабда шундай таърифланган эди: Кечаю кундуз агар Қуръон тиловат айласанг,Шабни рўз айлаб мудом тақвойи тоат айласанг,Мисли Ҳотамдек бўлиб, хайру саҳоват айласанг,Каъбайи мақсудни минг бор зиёрат айласанг,То отанг рози эмас, тавбанг қабул бўлмас сени.Дини имонинг билан урсанг бу йўлда дасту по,Зўри бозинг бирла этсанг ўттиз уч минг хонақо,Осмондин тушса Исо, қилса ҳаққингга дуоМуршидинг Хизри замон бўлса, бўлолмас раҳнамо,То Отанг рози эмас, тавбанг қабул бўлмас сени. Ҳазрат Навоий ота-она хизматини фарзи айн дейдилар: “Бири эрур макрумати волидайн, Билки мунунг қилмоғидур фарзи айн”. Ва сўзларининг давомида ота-она фарзанд ҳаётини нурга кўмгувчи, унга ҳарорат ва ҳаёт бахш этгувчи ой ва қуёшга ўхшатилади. Шундай экан: “Сўзларидан чекма қалам ташқари, Хатларидин қўйма қадам ташқари”, дея таъкидлайдилар.Сир эмас, биздаги оилавий муносабатларга , ота-она ва фарзандлар ўртасидаги вобасталикка кўплаб дунё халқлари ҳавас билан қарашади. Биз динимиз таълимотига, отамерос қадриятларимизга садоқат руҳида тарбия топганмиз. Қариялар эъзозда, фарзандлар ардоғида кексалик гаштини сурадилар. Фарзанднинг ота-онага эътиборсизлиги, уни ҳимоясиз қолдириши каби ҳолатлар бизнинг ахлоқий қоидаларимизга ёт ва у қаттиқ қораланади. Ҳатто бу таомил давлатимиз бош Қомусида ҳам ўз қонуний ифодасини топгандир. Бундан ташқари, жорий йилимизнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб аталиши, махсус Давлат дастури қабул қилиниб, шу асосда ёши улуғларимиз учун кўпдан-кўп имтиёзлар берилгани, уларга моддий-маънавий ёрдамлар кўрсатилаётгани… булар барчаси азалий диний-миллий қадриятларимиз Ватанимизда Давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигининг ёрқин ва хайрли ифодасидир.Шундай экан, кексаларимиз хизматида кўпроқ бўлишга интилайлик. Биринчи навбатда, ота-оналаримиз, қўни-қўшни маҳалла-кўй, узоқ яқиндаги нуронийларимиз зиёратини мунтазам адо этайлик. Чунки Парвардигор шунга амр этади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатлари шундай, алломаларимиз шунга чақирадилар. Ўтмишда ота-боболаримиз ҳар бир эзгу ишга қўл уришдан олдин кексалар фотиҳасини олишган. Уларнинг маслаҳат йўл-йўриқларига амал қилишган. Унутмайликки, юртимиз тинчлиги, шаҳар-қишлоқларимиз кундан-кунга чирой очиб, ризқ-рўзимиз, файзу баракамиз ортиб бораётгани, ёшларимизнинг ҳар жиҳатддан етук, салоҳиятли бўлиб камолга етишаётгани, халқимиз эришаётган самаротлар…барча-барчаси бу, шубҳасиз улуғларимизнинг заҳматли меҳнати, нуроний кексаларимиз, ота-оналаримизнинг шукрона дуолари сабабидандир.  Анвар қори ТУРСУНОВ      Тошкент шаҳар бош имом-хатиби  

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг