Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Қайси бир хотин эридан (унга нисбатан) кўнгилсиз бўлиши ёки унинг воз кечишидан қўрқса, ўрталарини ислоҳ қилиб олишларида уларга гуноҳ йўқдир. Сулҳ (ажралишдан) яхшироқдир. Нафсларга бахиллик (қизғанчиқлик) битилган. Агар (хотинларингизга) яхшилик (чиройли муомала) қилсангиз ва тақволи бўлсангиз, албатта, Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир (яъни ажрини берур)»(Нисо сураси, 128-оят).
Ойша розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Ушбу ояти карима эри у билан узоқ яшашни истамайдиган, турли баҳоналар ахтариб, ундан ажрашмоқчи бўлаётган аёл ҳақида нозил бўлган” (Аҳмад ибн Воҳидий Найсобурий, “Асбоб ан-нузул”).
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг ривоят қилишича, ояти каримада аёл муросаю мадора йўлини танлаб, фарзанд туғиб бериш иштиёқида бўлса-да, аммо эри уни ёқтирмаса, шунда унга: “Мени талоқ қилманг, сиздан бошқа суянчим йўқ”, дейдиган нозик хилқат эгаларининг шаъни ҳимоя қилинган (Аҳмад ибн Воҳидий Найсобурий, “Асбоб ан-нузул”).
Ояти каримада келган “баъл” сўзи эр деган маънони англатади. Шу билан бирга, лалми ерга нисбатан ҳам мазкур сўз ишлатилади. “Нушуз” эса эрнинг хотинига жафо қилиши, нафақа ва яшаш жойидан маҳрум этиши, меҳр-шафқат кўрсатмаслигидир. Айрим ҳолларда жеркиб бериши ёки уришини ҳам ифодалайди (Имом Замахшарий, “Кашшоф”).
Ояти каримадаги “шуҳҳа” сўзи бахиллик, қизғанчиқлик, хасислик каби маъноларни англатади. Демак, нафс қизғанчиқ қилиб яратилган. Шу боис у доимо ўзини ўйлайди. Аллоҳ таоло инсонга “нафс” деб аталувчи бир хислатни бериб қўйганки, у фақат роҳат-фароғат, шахсий манфаатни жалб қилади, бахиллик, ҳасад, кўролмаслик каби салбий сифатлар унда мужассам.
Инсон бутун умр ўз нафси билан курашиб ўтади. Шу кураши сабабли ажру савоб ва улуғ мартабаларга эришади. Оятда нафс[1]нинг энг ашаддий жиҳатларидан бири бу бахиллик бўлиб, у оилавий можароларнинг асосий сабаби қилиб кўрсатилмоқда. Мана шу бахилликни енгган одам оилада хотиржамликка, ҳаётда фаровонликка эришади.
Оила жамиятнинг ажралмас бўлаги бўлиб, қатъий қонун-қоидаларга асосланади. Наслнинг соғлом, солиҳ ва бардавом бўлиши, шу тариқа жамиятнинг таназзулга учрамаслиги учун Аллоҳ таоло уни Ўз ҳимоясига олган ҳамда унинг биринчи омили сифатида муросаю мадора қилишни белгилаб берган.
Ҳадиси шарифда: “Мўмин (эр) одам мўмина (хотини)га ғазаб қилмасин. Агар у (аёл)нинг хулқидан бири ёқмаса, бошқаси хурсанд қилади”, дейилган (Имом Бухорий ривояти).
Муҳаббат, раҳмат, меҳр-шафқат каби хислатлар оиланинг таянчидир. Бу борада ҳазрат Умар розийаллоҳу анҳунинг хотинини ёқтирмагани учун талоқ қилмоқчи бўлган кишига айтган сўзлари жуда муҳим: “Ҳолингга вой! Оилангни муҳаббатдан бошқа нарсалар устига қурдингми? Риоя қани, уят қаерда қолди?”
Эътибор қилинса, ҳазрат Умар розийаллоҳу анҳу танбеҳидан оила қуришдан мақсад ҳавойи нафс эмас, балки солиҳ фарзанд – насл қолдириш, Аллоҳ амрига мувофиқ жуфт бўлиб яшаш экани маълум бўлмоқда.Баъзи эркакларнинг арзимас нарса боис хотинини уриши ва куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилиши кишини ташвишга солади. Арзимас айб топиб, фарзандларингиз онаси, кечалари ухламай бола катта қилган, саҳар туриб уйингизни супурган, кийимингизни тозалаб, сизга ширин таомлар тайёрлаб берган заифа аёлга ғазаб қиласизми? Албатта, аёл кишининг айби бўлиши мумкин. Хатолар такрорланмаслиги учун унга яраша шароит яратиб бериш эркак кишининг вазифаси эканини унутмаслик лозим.
Ҳадиси шарифда: “Яхшиларингиз (аёлларни) ҳеч қачон урмайдиганингиз”, дейилган (Имом Ибн Можа ривояти). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларни аёлини уришдан қатъий қайтарганлар. Бундан аён бўладики, мусулмонлар орасида яхшилардан бўлишни истаган ҳар бир ий[1]мон эгаси танмаҳрамига нисбатан фақат мулойим, меҳрибон ва вафодор бўлишга интилиши лозим.
Нисо сурасида: «…Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балки сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин» (19-оят), деб амр қилинган.
Мухтасар айтганда, мўмин киши аёлини қадрлаши, у билан муросаю мадора қилиши, ҳикматларда айтилганидек, уйлангунча иккала кўзини катта очиши, уйлангандан кейин бир кўзини юмиши, яъни аёлининг хатоларини кечириб яшаши лозим. Шундагина оилалар мустаҳкам бўлади.