ВАТАННИ СЕВМОҚ – ҚАЛБ ФИТРАТИДИР

0
119

Бугун дунёнинг қайсидир бурчагида нотинчлик ҳукм сураётган бир пайтда минг бор шукрки, юртимиз тинч, эркимиз қўлимизда, ўз соҳамизда хотиржам ривожланиб бормоқдамиз. Мард ва жасур юртдошларимиз иссиқми совуқми, туну кун сарҳадларимизни ҳимоя қилиб, ушбу осойишта кунларга қайсидир маънода ўз ҳиссаларини қўшмоқда. 1993 йил 29 декабрда қабул қилинган қарорга биноан, 1993 йилнинг 14 январидан бошлаб юртимизда – “Ватан ҳимоячилари” куни сифатида нишонланиб келинмоқда. Бу кун халқимиз томонидан ўзига хос байрам – Ватанимиз тақдирини ўз тақдири деб билган мардлар байрами сифатида тантана қилинади.

Ислом дини таълимотида инсон ўзи яшаб турган ватанини, маҳалласи, оиласини ҳимоя қилиши энг улуғ ва мақталган амаллардан ҳисобланади. Ватан ҳимояси учун ҳарбийлар сафида туриш эса динимиз манбаларида улкан савобли амал сифатида таъкидланган. Бу борада Пайғамбаримиз (с.а.в.): Кечалари Аллоҳдан қўрқиб ёш ютган кўзни ва Аллоҳ йўлида кечалари посбонлик қилиб мижжа қоқмаган кўзни дўзах оташи куйдирмайди”, дея марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти). Дарҳақиқат, ҳаётини юрт фаровонлиги учун бахшида этган инсонларнинг холис хизмати сабаб эл обод бўлади, не-не эзгуликлар амалга оширилади. Қолаверса, инсоннинг қалбидаги имони Ватанини ҳимоя қилишга ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун ҳисса қўшишга ундайди. 

Буюк алломалардан бири: “Ватанни севмоқ қалбдаги асл, туғма табиатдир. Бу – инсонни ватанида яшаб турганда хотиржам, йироқда бўлганда соғинадиган, ҳужум қилинганда уни ҳимоя қиладиган, унга ҳурматсизлик қилинганда ғазабланадиган қилиб қўяди”, деган экан. Дарҳақиқат, Ватан ҳар бир инсон учун энг қадрли даргоҳдир. Инсон ўзи учун суюкли бўлган, илк қадамлари қўйилган заминга меҳр қўяди, уни кўз қорачиғидек авайлайди. Шунинг баробарида, юрт равнақи учун ўқиб-изланади, элининг фаровонлиги йўлида фаолият юритишни ният қилади.

Она Ватан туйғуси инсонга шижоат бахш этади. Эзгуликлар сари бошлайди. Яқинларга меҳрибон, мурувватли ва оқибатли бўлишга чорлайди. Ислом тарихини кўздан кечирганимизда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ватанига муҳаббатли бўлганларини кўрамиз. Буни Набий алайҳиссаломнинг: “Агар қавмим мени сендан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан сени ташлаб кетмаган бўлар эдим”, деганларидан билсак бўлади. Расулуллоҳ(с.а.в)нинг ушбу дуолари мазмунидан кейинчалик “Ватанни севмоқ иймондандир” деган ҳикмат вужудга келди. Али розияллоҳу анҳу: “Она Ватанни севиш туфайли дунё обод бўлган” деган экан.

Бу маълумотлардан қалбида имони бор киши Ватанни севиш, ардоқлаш, унинг тараққий этиб, гуллаб-яшнаши учун қўлидан келганича ҳаракат қилиш лозимлигини англайди. Юртининг сарҳадларини имконияти даражасида ҳимоя қилишни ўзининг шарафли бурчи деб ҳисоблайди.

Муқаддас динимизда ватанни ҳимоя қилиш муқаддас бурч, бу хизмати учун инсонга жуда катта мукофотлар ваъда қилинган. Жумладан: Имом Табароний ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулулоҳ (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таоло розилиги йўлида бир кун чегара ҳудудида посбонлик қилиш бир ой кечалари ибодат қилиб, кундузлари нафл рўза тутишдан афзалдир”. Ҳақиқатдан ҳам, Ватан ҳимоячиси бўлиш энг шарафли ва олий касб эканлигини яхши билган йигит-қизларимиз она юртига ҳар жиҳатдан муносиб фарзанд бўлишга ҳаракат қилади. Бу вазифалари билан улар нафақат ўз Ватанларини балки, энг яқинлари бўлмиш ота-оналари, қавму-қариндошлари, туғилиб ўсган масканларини ҳимоя қилган бўладилар.

Тарихдан маълумки, халқнинг тинчлигини таъминлаш ва ҳудудларни ҳимоя қилишга ўша юртнинг ўғлонлари сафарбар этилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳам бир жамоа кишилар сафарларда тунлари қўриқчилик қилиб чиққанлар. Бир ҳадиси шарифда келтирилишича,“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир киши вафот этганини билиб: “Қай бирингиз уни бирор яхши амал(ни бажараётган)ида кўргансиз?”, деб сўрадилар. Бир киши: “Мен у билан Аллоҳ йўлида бир кеча қўриқчи бўлдим”, деб айтди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва у зот билан ўтирганлар ўринларидан туриб, унга жаноза намозини ўқидилар. Қабрига қўйилгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан тупроқ тортдилар. Сўнг (майитга қараб): “Мен сенинг жаннат аҳлидан эканингга гувоҳлик бераман”, дедилар”. Юрт ҳимоясининг нақадар улуғ мақомга нойил этишини ана шу ҳадис исботлаб берган.

Алоҳида эътироф этишимиз жоизки, юртимиздаги бугунги тинч ва осуда ҳаёт, фаровонлик халқимизга туҳфа этилган энг азиз ва бебаҳо неъматлардандир. Ватан хавфсизлиги ҳимоячилари эса мудом ҳурмат ва эътиборда. Юртни ҳимоя қилиш нафақат ҳарбийларнинг, балки шу юртнинг ҳар бир ўғил-қизларининг ҳам олий вазифасидир. Дилида имони, ғурури бор инсон ўз она Ватани учун қилган ҳар бир хизматини беминнат, чин юракдан адо этади.

Ҳа, Ватанни ҳимоя қилиш – бу фақат қўлга қурол олиб, чегараларда ҳушёр туриш эмас, Ватаннинг моддий ва маънавий бойликларини, улуғ аждодлардан бизга мерос бўлиб қолган пурҳикмат анъаналарни, бағрикенг, саховатли халқимизнинг эзгу фазилатларини, тилимизни, динимизни, миллий қадриятларимизни, оналарни, оталарни, қоракўз ўғил-қизларимизни, ёшларнинг дунёқарашини, тоғу тошларни, сой-сўқмоқларни, қўйингки, Ватаннинг гул-райҳонидан новда-гиёҳигача, она-ер бағридан отилиб чиқаётган митти булоғидан бошлаб ҳайқириб оқаётган дарёсигача кўз қорачиғидек асрашимиз, бемаврид довуллардан ҳимоя қилишимиз, буларнинг ҳаммасини келгуси авлодларга бус-бутун етказишимиздадир аслида.

Ватан – муқаддас даргоҳ. Уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир мусулмон учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Абдуқаххор домла Юнусов

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг