МАЪРИФАТЛИ ОТИНОЙИЛАРНИНГ НАВБАТДАГИ СЕМИНАРИ

    0
    100

    Бугун, 29 ноябрь куни, “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори асосида Сергели тумани, Янгихаёт тумани, Яккасарой туманлари отинойилари томонидан режалаштирилган ўқув семинари бўлиб ўтди.
    Ушбу тадбирни Тошкент шаҳар бош имом хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов Қуръон тиловати ва хайрли дуолар билан очиб берди.
    Семинар давомида, Абдуқаҳҳор домла Юнусов Ислом дини аёллар шаънини улуғлашини, аёлларнинг жамиятдаги мавқеълари тикланиб, бир қанча ҳақ-ҳуқуқларга эга бўлганликларини, Қуръони каримнинг ўндан ортиқ сураларида ва кўплаб ҳадиси шарифларда аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва уларга тегишли ҳукмлар келтирилганини айтиб ҳатто, Қуръони каримда алоҳида “Нисо” (“Аёллар”) деб номланган сура ҳам мавжуд. Буларнинг ҳаммаси Ислом динида аёлларга бўлган юксак эътибордир дея таъкидладилар.
    Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Зулайҳо Соатова баъзи «бидъат» ва «хурофот» амаллар халқимиз орасида илдиз отиб, ҳам диний, ҳам дунёвий урф-одатларимизга қоришиб кетганини, юртимизда бидъат ва хурофот одатлардан воз кечаётган, бошқаларга тушунтираётганлар ҳам борлигини, ҳатто айрим кишилар эса суннат билан бидъатнинг фарқини ажрата олмасдан хурофий ишларни Ислом дини одатларидан деб биладилар дея, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хурофий мункар ишларни қоралаб, айтган сўзларини эсга олдилар: “Азайимхонлик ва сеҳру жоду билан шуғулланиш Аллоҳга ширк келтириш билан барабардир”.
    Шундан сўнг, Сергели тумани отинойилари аёл кишининг ҳақ-ҳуқуқлари, Аллоҳга бандалик ва қурбат ҳосил қилиш ҳамда буюк шахслар камол топишида аёлларнинг катта меҳнати ётгани ҳақида маъруза қилдилар. Тадбир давомида, билдирилган фикр мулоҳаза ва таклифлар тингланди.
    Тадбир сўнггида, Абдуқаҳҳор домла отинойиларимизнинг олиб бораётган фаолиятларини эътироф этиб, Аллоҳ таолодан барчамизга шариатимиз кўрсатганидек, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам намуна бўлганларидек аёлларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ва чиройли муомала қилиш бахтини насиб қилишини сўраб дуо қилдилар.

    Тошкент шаҳар вакиллиги матбуот хизмати
    ✅ Улашинг | @VAKILLIKUZ

    Мулоҳаза билдириш

    Изоҳингизни қолдиринг!
    Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг