ЯШИЛ МАКОН – ТОШКЕНТ ШАҲРИ МИСОЛИДА

0
85

Аллоҳ таоло табиатни нега яшил рангда яратган? Нега дарахтлар, ўт-ўланлар ям-яшил? Нима учун табиатга, кўм-кўк боғу роғларга, тоғу дараларга қарасак, ором оламиз?
Чунки Буюк Мусаввир бўлган Раббимиз табиатни, набототни яшил рангда яратгани биз бандаларига раҳматдир, баракотдир.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, мазкур лойиҳа доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш белгиланган. Бундай кенг кўламли ташаббуснинг амалга оширилиши натижасида шаҳарларимиздаги яшил майдонлар ҳудуди ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга оширилиши режалаштирилган.
Келгусида республика ўрмон фонди ерларида яшил ҳудудларни барпо этиш, глобал иссиқ ва қурғоқчиликка чидамли янги дарахт турларини республикамиз ҳудудидаги иқлимлаштириш ва кўпайтириш бўйича илмий-тадқиқотларни олиб бориш масалалари муҳокама қилиниб, келгусидаги стратегик режалар белгиланди.
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг ўрмон хўжалиги ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, жумладан, ноёб манзарали ва мевали дарахтлар ҳамда доривор ўсимликларнинг кўплиги ва хилма-хиллиги билан ажралиб туради. Бугунги кунда ўрмон фондининг 300 дан ортиқ ўсимлик ва 180 дан ортиқ ҳайвон турлари “Қизил китоб”га киритилган. Бугунги кунда давлат ўрмон фонди ерлари ҳажми республика умумий ер майдонининг 25,2 фоизини ташкил этади. Ушбу кўрсаткич мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида 5,3 фоиздан ошмас эди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бир йиллик тадбир эмас. Унинг доирасида келгуси беш йилда 1 миллиард туп дарахт кўчат экилиши мақсад қилинган.
Ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент шаҳар вакиллиги раҳбарияти бошчилигида бир қанча ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Жумладан, бугун, 22 ноябрь куни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Устоз Раҳматуллоҳ қори Сайфуддинов бошчилигида вакиллик ходимлари, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, тажрибали домлалар ҳамда тумандаги масжид имом-хатиблари томонидан 15 туп манзарали дарахт кўчатлари экилди (ҳар бир туман бош имом-хатиби бир тупдан, шаҳар бош имом-хатиби уч туп).
Кўчат экиш жараёнида ўзбекларга хос ҳашарни, маълумки, халқимиз маънавиятида, қадриятларида бошқа халқлар ўрганса ва ўз тажрибасида қўллашга арзийдиган кўпгина ибратли тажрибалари мавжуд. Масалан, «ҳашар» деб аталган тадбир барчани бирдамликка, аҳилликка ва меҳр-оқибатга ундаши билан ажралиб туради. Ҳашар — бу халқимизнинг қадимий ва азалий қадриятларидан биридир. Унинг замирида ободлик, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, хайр-саховат ва бунёдкорликни кўрган хорижлик меҳмонлар (Малайзия давлатидан) бу савобли ишга хайрихоҳ эканлигини таъкидлашди, эсдалик учун Устоз Раҳматуллоҳ қори Сайфуддинов суратга тушишди.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бир киши Дамашқ кўчаларининг биридан ўтаётса, кўчат экаётган одамга кўзи тушибди ва унга: “Нега бу ишни қиляпсиз, ахир сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидансиз-ку?” дебди. Шунда у киши: “Шошма, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир кўчат экса, ундан одам ёки Аллоҳ яратган махлуқотлардан биронтаси еса, бунинг эвазига ўша (кўчат эккан банда)га садақа бўлади”, деб айтганларини эшитганман”, дебди” (Имом Аҳмад ривояти).
Ҳикматда айтилади: “Бизлардан олдин ўтганлар кўчат экишди, биз ундан едик. Энди эса, биз экамиз, уни кейинги авлодлар ейди”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига деҳқончилик, хусусан кўчат экишга тарғиб қила туриб бундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин” (Имом Бухорий ва Аҳмад ривояти).
Демак, кўчат экиш савобли амаллар сирасига кирар, у киши дунёдан ўтиб, амал саҳифаси ёпилгандан сўнг ҳам ҳаққига муттасил равишда савоб бориб туришига сабаб бўлади. Шундай экан, бизлар ҳам бу эзгу ишдан четда қолмайлик, ободончилик ва фаровонлик йўлида қўлимиздан келган чораларни кўрайлик!

Тошкент шаҳар вакиллиги матбуот хизмати

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг