Оила — саодат маскани, жамият пойдевори

0
168

Долзарб мавзу

 Оила — ҳаёт абадийлигини, авлодлар бардавомлигини таъминлайдиган, миллий қадрият ва анъаналаримизни ўзида мужассам этган муқаддас маскан. У — Ватаннинг бир парчаси. Шу боис оилаларнинг тинчлиги, ҳотиржамлиги, фаровонлиги бутун мамлакатнинг осойишталиги, тараққиёти, тўкинлиги демакдир.

Шу боис халқимиз оилаларнинг мустаҳкамлигига, тотувлигига алоҳида эътибор қаратади. Ёшларга эсини таниганиданоқ бу маъвонинг муқаддаслигини англатиш, рўзғор тебратиш тутумларини, сир-асрорларини уқтиришга ҳаракат қилинади.

Бироқ таассуфки, ҳаёт пасту баландликлардан иборат. Турмушнинг аччиқ-чучугини тотишганда, баъзан ёш оилалар шошиб қолади. Эр-хотин билиб-билмай нотўғри йўлларга қадам босади, учраган қийинчиликларни енгиб ўтолмай, ўзаро тортишади, бир-бирини ранжитади. Оқибатда оиладан путур кетади.

Оиладаги тотувликнинг йўқолишига, ажралишларга аксарият ҳолларда ёшларнинг билимсизлиги, тажрибасизлиги, қизиққонлиги, ҳаётни енгил-елпи тасаввур қилиши сабаб бўлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 15 июнь куни “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш — давр талаби” мавзусида ўтказилган анжуманда бу ҳақда куюниб сўзлар экан, бу борадаги муаммоларнинг олдини олиш ва бартараф этишда дин арбоблари, нуронийлар, маҳаллалар фаоллари, ёшлар етакчилари, ҳокимликлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ҳамкорликда фаол ишлашга чақирган эди.

Бугун  мамлакатимизда оилавий ажралишларнинг олдини олиш, оилаларда соғлом муҳитни барқарорлаштириш, эрта турмуш қуриш ва оилавий низоларни бартараф этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Халқимизнинг диний билимларини бойитиш, аждодларимизнинг илмий мероси, азалий қадриятларимизни ўрганиш ҳамда кенг тарғиб этиш мақсадида диний таълим муассасалари, илмий марказлар очилмоқда.

Дарҳақиқат, динимизда ҳам оила тотувлиги сақлаш, ёшларнинг бу борадаги тушунча ва билимларини юксалтиришга жиддий аҳамият қаратилади.

Исломий тушунчаларга кўра, қиз бола гувоҳлар ҳузурида “Бағишладим”, деб ёки ишора билан розилигини билдирса, йигит кишининг “Қабул қилдим”, дейиши билан икковлари ўртасидаги инсоний алоқалар ичида энг муқаддаси бўлмиш оила риштаси боғланади.

Оиладаги эр-хотин муносабатлари, ўзаро аҳилликни сақлаш, юзага келган низоларни ҳал этиш, рўзғор юритиш тартиб-таомиллари Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари орқали белгилаб берилган.

Жумладан, Қуръони каримнинг Нисо сурасида шундай марҳамат қилинади: “Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар. Солиҳа аёллар итоаткор ва Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб(эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир. Бош кўтаришларидан хавф қилинган аёлларга ваъз-насиҳат қилинг, ётоқларида ҳижрон қилинг ва уринг. Агар итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманг. Албатта, Аллоҳ Олийдир, Улуғдир” (34-оят).

“Агар икковларининг оралари бузилишидан қўрқсангиз, унинг (эрнинг) аҳлидан бир ҳакам ва бунинг (хотиннинг) аҳлидан бир ҳакам юборинг. Агар улар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ уларнинг (эр-хотиннинг) орасини мувофиқлаштирур. Албатта, Аллоҳ ўта билувчидир, ўта хабардордир” (35-оят).

Энди оятларни батафсил таҳлил қилиб кўрайлик. Ҳа, жамият хайр-барака ила ривож топиб бориши учун унда тартиб-интизом, тинчлик-омонлик ҳукм суриши, раҳбар бўлиши лозим. Ислом таълимотига кўра, оила жамиятнинг асосидир. Шундай экан, оиланинг ҳам раҳбари бўлиши керак. Ана шу раҳбарлик эркакка берилди. Нима учун?

“Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар”. Демак, эркак киши оилага раҳбар қилинганининг иккита сабаби бор. Биринчиси — Аллоҳ таоло эркакни аёлдан афзал қилиб яратганидир. Дарҳақиқат, эркак киши жисмонан ҳам, ички ва ташқи қиёфаси, иродасининг мустаҳкамлиги, руҳий-нафсоний ва бошқа тарафлардан ҳам оила раҳбари бўлишга мос қилиб яратилган.

Иккинчи сабаб оила қуриш ва бу йўлдаги барча сарф-харажатлар эркак киши зиммасида эканидир. Бундай раҳбарлик улкан масъулиятдир. Ушбу масъулият эркак киши зиммасига оилага, жумладан, аёлга ҳомийлик қилиш, уни боқиш, муҳофаза қилиш вазифаларини юклайди.

Оятнинг мазмуни шуни кўрсатяптики, агар ушбу раҳбарликка эркаклар танланишидаги сабаблар бузилса, раҳбарлик уларнинг қўлидан кетади. Масалан, оила нафақаси эркак зиммасида эди, лекин эркак ҳеч бир сабабсиз уйда ўтириб, ўрнига аёлини ишлашга мажбур қилса, бечора хотин оиласини боқаман деб, бола-чақамни едириб-ичираман, эримга қарайман деб, бозорма-бозор, юртма-юрт сарсон-саргардон кезса, албатта, бундай оиладаги раҳбарлик ўз-ўзидан ўша аёл қўлига ўтган бўлади. Чунки молиявий бошқарув кимнинг қўлида бўлса, ҳал қилувчи қарор эгаси ҳам ўша бўлади. Бу, аввало, эркакни оила раҳбарлигига мос қилиб яратган Аллоҳ таолонинг иродасига қарши чиқиш ўлароқ, жамият низомининг бузилишига ҳам олиб келади. Инсоф билан ўйлаб кўрайлик, бугун тўйгача, тўй ва ундан кейинги кўпгина сарф-харажатлар асосан қиз томондан қилинмаяптими? Худди мана шу нарса турмушнинг илк кунлариданоқ эрнинг тилини қисиқ қилиб, оиладаги раҳбарлик ва масъулият келин қўлига ўтиб кетишига сабаб бўлмаяптимикан?!

“Солиҳа аёллар итоаткор ва Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб(эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир”. Биз “итоаткор” деб таржима қилаётган сўз ояти каримада “қонитатун” лафзи ила келган. Аслида кундалик араб тили муомаласида «итоаткорлик» сўзи бошқа феъллар воситасида ифода қилинади. Бу сўз эса ўз иродаси, ихтиёри ва муҳаббатига кўра итоат қилиш маъносини англатади. Демак, мўмина, солиҳа аёлларнинг биринчи сифати итоаткорликдир. Бу итоаткорликлари қўрқишдан, мажбурлашдан эмас, балки ўз масъулиятларини тушунганларидан келиб чиққан ихтиёрий муносабатдир.

Мўмина, солиҳа аёлларнинг хислатларидан яна бири шундаки, улар эрлари ёнларида турган пайтлардагина эмас, балки бирор сабаб билан оиладан узоқда бўлган чоғларида ҳам уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва обрў-эътиборларини муҳофаза қилади. Бундай муҳофаза уларнинг ўз фикрларига ёхуд эрларининг талабига биноан эмас, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг амрига кўра бўлади.

Имом ибн Жарир Тобарий ва Ибн Аби Ҳотим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Аёлларнинг яхшиси – назар солсанг, хурсанд қиладигани, амр қилсанг, итоат этадигани ва уйда бўлмасанг, сени ўз нафсида ва молингда муҳофаза қиладиганидир”, деганлар.

Юқорида келтирганимиз Нисо сурасидаги оятларда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло солиҳа аёлларни сифатлар экан, «Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб(эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир» деб, эр-хотин ўртасидаги оилавий сирни сақлаш муҳимлигига ишора қилмоқда.

Ҳар бир оилада эр-хотин ўртасида сақланиши лозим бўлган сир ҳам вужудга келади. Кўп ҳолларда ўртадаги сирнинг ошкор этилиши бу жуфтлик орасига совуқчилик тушишига, эл орасида ушбу оиланинг обрўси кетиши, натижада унинг бузилишига ҳам сабаб бўлади. Ривоятларнинг бирида хотини билан ноилож ажрашишга мажбур бўлган эридан хотинининг айбини сўрашганида: “Бировнинг айбини сўраб нима қиласизлар? Агар мен у билан қайта ярашиб кетсам, ўз хотинимнинг айбини бировларга очган ҳисобланаман, ярашмасам, бегона бир аёлнинг айбини фош қилган бўламан. У ҳам, бу ҳам одобдан эмас”, деган экан.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Улар сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз” (Бақара сураси, 187-оят).

Узун оятда келган ушбу қисқагина жумла билан Аллоҳ таоло олам-олам маъноларни баён қилган. Одатда либос – кийим бир неча муҳим мақсадлар учун ишлатилади. Агар кийим бўлмаса, ўша мақсадларга эришилмайди ва инсоннинг ҳайвондан фарқи ҳам қолмайди. Келинг, ўша кийимдан кўзланган мақсадлар ва эр-хотин орасидаги муносабатнинг унга ўхшатилиши ҳақида мушоҳада қилиб кўрайлик.

Биринчидан, либос, яъни кийим уни кийган кишининг айбини беркитиб туради. Қуръони карим эр-хотинни бир-бирига “либос” деб таърифлагач, улар ҳам бир-бирларининг айбларини беркитиб туришлари керак. Эр-хотин бир-бирининг айбларини очиши ўзаро муносабатларни бузувчи энг катта омилдир.

Иккинчидан, либос уни кийган шахсни зийнатлаб кўрсатувчидир. Шундай экан, Қуръони каримда ўзаро «либос» деб аталган эр-хотин ҳам бир-бирларини зийнатлашга ҳаракат қилишлари лозим.

Учинчидан, либос ўз эгасини ёзда иссиқдан, қишда совуқдан сақлайди. Бас, шундай экан, эр-хотин ҳам бир-бирларини ҳаётнинг иссиқ-совуқларидан асрашлари лозим бўлади.

Тўртинчидан, либос уни кийган шахснинг вужудига энг яқин нарсадир. Либос билан уни кийган киши орасида ҳеч нарса бўлмайди. Қуръони карим эр-хотинни бир-бирига “либос” деб билар экан, улар ҳам ўзаро энг яқин шахслар бўлиши ва ораларига ҳеч қандай бегона кирмаслиги керак. Зеро, эр-хотин бир-бирига танмаҳрамдир.

Бешинчидан, либос уни кийган шахсга турли нохуш нарсалар, ҳатто чанг ҳам юқмаслигига хизмат қилади. Бир-бирига либос ҳисобланувчи умр йўлдошлари ҳам бир-бирларига турли ёқимсиз нарсалар, ҳатто гард юқтирмасликка ҳаракат қилишлари зарур. Оилаларимиз тинчлиги ҳақида қайғурар эканмиз, ушбу маъноларни ҳаётга татбиқ қилиш ҳар биримизнинг бурчимиз, ҳатто энг аввало, бахту саодатимиз эканини ҳам унутмаслигимиз керак.

Бугун ҳар бир маҳалла идорасида яраштирув ҳайъати тузилган. Минг афсуслар бўлсинки, бу ҳайъатларнинг можароли ташвишлари кўпайиб бормоқда. Эр-хотин ёки қайнона-келин ўртасида кўтарилган жанжалнинг дарҳол оиладан ташқарига чиқиши доим ушбу оиланинг фойдасига эмас, зарарига хизмат қилади. Ва яна афсуслар ила айтамизки, арзимас нарса устида ўзаро тортишувлар оқибатида ҳатто Аллоҳ таолонинг буюк Аршини ҳам ларзага келтирувчи «талоқ» сўзига ёшларимизнинг тиллари осонгина айланиши жамият масъулларини жиддий хавотирга солмоғи керак.

Фараз қилайлик, оилалардан бирида ўзаро келишмовчиликлар содир бўла бошлади. Нима қилиш керак? Ўғлимиз дарров “Талоқ”, деб айтсинми? Йўқ. Юқорида тафсири келтирилган 34-оятда: “Бош кўтаришларидан хавф қилинган аёлларга ваъз-насиҳат қилинг, дейиляпти.

Мана шу ўринда аёллар эътироз билдиришлари мумкин: “Нима учун фақат биз, аёлларга насиҳат қилиниши керак? Ахир ҳар доим ҳам айб бизда бўлавермайди-ку!” Хулосага шошилмаслик керак, бу ерда ваъз-насиҳат зарбаси, аввало, эркакка етади. Чунки насиҳат қилувчи эркак айтаётганларига ўзи амал қилмаса, унинг гаплари хотинига таъсир этармиди?! Масалан, Аллоҳ таолога итоат этмаётган эр хотинидан ўзига нисбатан итоат талаб қилиши кулгили эмасми?!

Бу услуб фойда бермаса, энди навбат талоққа­ми? Йўқ, “ётоқларида ҳижрон қилинг” (Нисо сураси, 34-оят). Бу ҳолда аёлларга қаттиқ таъсир қиладиган ҳассос бир услуб — бирга ётмаслик, гаплашмаслик чораси қўлланилади. Ушбу усулда ҳам тарбияланувчи аёлга қараганда тарбия қилувчи эрдан кўп нарса талаб этилади. Чунки ҳижрон таъсир кўрсатиши учун унинг ўтида аввал ўзи куймоғи керак. Бу усул эрлардан кучли ирода ва сабр-тоқатни талаб қилади.

Юқоридаги кўрсатмаларнинг ҳаммасига амал қилиб кўрилди. Яхши натижа бўлавермагач, энди эрнинг тили «талоқ» сўзи билан намланишига рухсат бериладими? Йўқ! Оятда “ва уринг”, дейилмоқда. Бу ўз қадрини билмаган аёлларга таъсир ўтказиш учун қўлланиладиган ўзига хос тарбия усулидир. Шуни таъкидлаш лозим, яхши мусулмон хотинини асло урмайди. Чунки ҳадиси шарифда: “Сизларнинг энг яхшингиз хотинларингизга яхши муомала қиладиганингиздир”, дейилган.

Имом Бухорий ва Имом Муслим Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда эса: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз хотинларидан ва ходимларидан ҳеч бирини урмаганлар”, дейилади.

Ушбу маъноларни ҳар бир мусулмон аёл ва эркак яхши тушуниб олмоғи ҳамда ҳаётга татбиқ қилмоғи керак. Аёллар эрларига итоатсизлик кўрсатиб, уларга қарши бош кўтармаслиги, ҳадларидан ошмай, эрларини фавқулодда чора кўришга мажбур қилмаслиги зарур. Эрлар эса хотинларига яхши муомалада бўлиши, мабодо аёллардан баъзи бир хатолар ўтса, сабр қилиши, кечириши талаб этилади. Ана ўшанда улар мусулмонларнинг яхшиларидан бўлади.

Ушбу чораларни қўллаш билан оилавий муаммолар ҳал бўлиб қолса, “…уларга қарши (бошқача) йўл ахтарманг”, яъни кечиримли бўлиб, яна камчиликлар излашга киришмаслик керак. Масалан: “Сен ўзинг ярамас хотинсан, лекин болаларинг учун кечирдим”, каби гаплар яхшилик келтирмайди.

Баъзида бу чораларнинг ҳеч бири наф бермаслиги мумкин. Шундай ҳолатда талоқ айтса бўладими ёки маҳаллага чиқиш керакми? Шошманг: “…унинг (эрнинг) аҳлидан бир ҳакам ва бунинг (хотиннинг) аҳлидан бир ҳакам юборинг (Нисо сураси, 35-оят).

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, бундай ҳолда ҳам эр ўзи рози бўлган қариндошини, хотин ҳам ўзи рози бўлган қариндошини ҳакамликка тайин қилади. Ҳакамлар иложи борича қариндошлардан бўлмоғи яхши, лекин иложи бўлмаган тақдирда бегоналар жалб қилиниши ҳам мумкин.

Албатта, ушбу икки ҳакам мусулмон, эркак, одил, мукаллаф, диний аҳкомлардан хабардор, никоҳ, талоқ масалаларини тушунадиган кишилар бўлиши шарт. Уларнинг қариндошлардан бўлиши — эр-хотинни яхши билишлари, уларнинг оиласини сақлаб қолиш борасида бегоналардан кўра кўпроқ қайғуришлари, сир-асрорларини яширишлари юзасидандир. Бу чора ҳам исломда иложи борича оилани бузмасликка уриниш кучли эканини кўрсатиб турибди.

Демак, динимизда оилани асраб қолиш, сирларини сақлаб, унинг шаънини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Насиҳат, ҳижрон, уриш каби чоралардан ўтиб, ишга қариндошлардан ҳакамлар аралашувигача етиб келса-да, на талоққа ва на бирор сирни кўчага олиб чиқишга рухсат бор. Эр-хотин ўртасидаги муносабат тобора кескинлашиб, ҳакамлар ҳам орани ислоҳ қила олмаса, уларнинг ўзаро ҳаётлари жуда мураккаблашиб кетсагина, кейин маҳалладаги яраштирув ҳайъати томон йўл очилади.

Шу ўринда қайд этиш керакки, одам боласи ёлғиз яшай олмайдиган қилиб яратилган. Шунинг учун у оила қуришга, ўзига жуфт танлашга, эҳтиёжини шу жуфтидан қондиришга муҳтождир. Икки ёш ўзаро бир-бирларини ёқтиришиб, келишиб, муштарак буюк мақсад сари отланаркан, бу никоҳ аҳди орқали амалга ошиши лозим.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ислом дини аҳкомларини нозил қилар экан, инсон наслини пок сақлаш йўлини тутди ва никоҳга буюрди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак суннатларида никоҳга жуда кучли тарзда тарғиб этилади. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Эй ёшлар жамоаси! Сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Чунки у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу унинг учун бичилишдир”, деганларини эшитдим” (Бешовлари ривоят қилишган). Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, моддий, маънавий ва жисмоний жиҳатдан никоҳга қодир бўлган кишилар дарҳол уйли-жойли, оилали бўлишга ҳаракат қилмоқлари зарур экан.

Шунинг учун бола оила қуриш ёшига етганида, ота-онаси уни оилали қилиб қўйишга шошилмоғи керак. Акс ҳолда балоғатга етган бола ўз шаҳвоний нафсини гуноҳ йўллар билан қондиришга ўтади. Бу эса зинодир! Унинг яқинига ҳам йўлаб бўлмайди. Зино нафақат оилани, балки бутун жамиятни бузувчи жирканч иллатдир.

Ҳаётий тажрибалардан маълум бўлмоқдаки, ёшлар ўз вақтида оила қура олмасликларига сабаб иккита экан: ота-оналар орзуси ва ҳар хил бидъатлар. Орзу-ҳавас деган нарсани нотўғри тушунадиган ота-оналар дабдабали, эл оғзига тушадиган тўй қилиш учун йиллар давомида йиғинади. Ҳатто бу борада мақоллар ҳам тўқилди: “Қизни бешикка сол, сепини сандиққа”, “Қиз чиқарганга қирқ йил тегма”…

Чегара билмас орзу-ҳаваслар эвазига келадиган машаққатлар бора-бора оилада қиз туғилиши малол кўрилишига сабаб бўлиб қолмоқда. Ёки бидъат-хурофотларга кўр-кўрона эргашиш оила қуришдек хайрли ишнинг кечикишига сабаб бўлаётганига бир оз тафаккур назари билан қарайлик. Масалан, бир хонадонда тўй бўлмоқчи, тўйга саноқли кунлар қолган. Ўша оилада ёки унга қариндош оилаларда жаноза бўлиб қолса, тўй қолдирилади. Маййитнинг еттиси, қирқи ва йили ўтмагунча тўй ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Фараз қилайлик, баъзан оилаларда жанозалар кетма-кет бўлиб кетса, унда ёшларга жабр бўлмайдими? Ҳолбуки, динимизда эри вафот этган аёлдан бошқалар учун мотам кунлари уч кундан ошмаслиги кераклиги таъкидланган.

Аслиятдан четлашиш оқибатида бугун қизлар гўёки эрга эмас, қайнонага узатилаётгандек. Тўғри, қайнота ҳамда қайнона ота-она ўрнида бўлади. Лекин бу келин қайнонанинг қўлига худди бир хизматкордек боради, дегани эмас. Албатта, ҳамманинг ҳурмати ўз жойида, лекин шариатнинг ҳурмати ҳамманикидан баланддир.

“Мана бу ғорга кирма, унда заҳарли илон бор”, дейилса ҳам, ғорга кирган киши ё у гапга ишонмаган ёки илондан қўрқмаган бўлади. Гўзал ҳаёт қуриш учун қанча оят-ҳадислар айтилса ҳам, парво қилмаган инсон ё оят-ҳадисларга ишонмаган ёки ёмон ҳаётни танлаган бўлади.

Оила аҳллари ўзаро хуш муомалада, меҳр-муҳаббатли бўлиб, фақат яхшилик асосида маъруф йўлларда ҳаёт кечиришсагина, ҳаёт чинакам гўзал бўлади.

Хулосамизни икки дунё саодати дарвозасининг калити бўлмиш пурҳикмат ояти карима билан якунлаймиз: “…Улар ила маъруф ҳолатда яшанг” (Нисо сураси, 19-оят).

Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизий,

Тошкент шаҳар бош имом хатиби.

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг