Семинар
Мавлид ойи – Рабиул аввал ҳам кириб келди. Бу ойда бутун Ислом уммати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак таваллуд саналарини кенг нишонлайди, салавотлар айтилади, нашидалар куйланади.
Юртимизда ҳам ушбу ой муносиб тарзда ўтказилади. Лекин айримлар бу ойда ўтказиладиган мавлид тадбирларига бидъат-хурофотларни ҳам қўшиб юборишади. Ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” жоме масжиди мажлислар залида пойтахтимизда фаолият юритаётган отпнойилар учун семинар ташкил этилди.
Йиғилишни Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Зулайҳо Соатова кириш сўзи билан очиб бериш учун сўзни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусовга берди. А.Юнусов тадбирни Қуръон тиловати ва хайрли дуолар билан очиб берди.
Абдуқаҳҳор домла Юнусов Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббатли бўлиш мукаммал мўминлик белгиси экани тўғрисида гапириб, жумладан:
– Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларга отасидан ҳам, боласидан ҳам ва барча инсонлардан ҳам суюклироқ бўлмагунимча, сизлардан бирортангиз (комил) мўмин бўла олмайсизлар”, дедилар.
Ушбу ҳадисда комил мўмин бўлиш учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббатли бўлиш лозим эканлиги баён қилинганини, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам севишга ҳақли бўлганлар, – деди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги масъул ходими Анвар Якубов отинойиларнинг Тошкент шаҳри ижтимоий-маънавий муҳитини янада яхшилаш борасида олиб бораётган хизматлари беқиёс эканлигини таъкидлади.
Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Зулайҳо Соатова баракотли бу ойда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни сийратларини янада мукаммал ўрганиб, у зотнинг суннатларини давом эттириш ва салавотлар йўллаб, солиҳ амаллар қилишнинг савоби тўғрисида гапирди.
Учтепа тумани отинойилари иштирокидаги “Я, Расулуллоҳ, Сизни соғиндик” мавзусидаги маърузалар тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.
Йиғин сўнгида хайрли дуолар қилинди.