МАНФААТЛАР МУШТАРАК, МАҚСАД ЯГОНА

0
171

Муносабат

“Шанхай ҳамкорлик ташкилоти” деганимизда, кўз ўнгимизда 9 та давлат, Эрон ҳам қўшилди) кўз ўнгимизда гавдаланади. Улар орасида Россия, Хитой, Ҳиндистон давлатлари ҳам борлиги ташкилотнинг мавқеи нақадар юксалаётганидан дарак беради.

Ташкилотга аъзо давлатларнинг умумий ҳудуди 34 миллион квадрат км.дан ортиқ. (Евросиё ҳудудининг қарийб 60 фоизи), умумий аҳолиси тахминан 3,4 миллиард киши (дунё аҳолисининг ярми), умумий ЯИМ (аъзо давлатлар ва Эрон) 23,5 триллион долларни (жаҳон ялпи ички маҳсулотининг чорак қисми) ташкил этади.

Бундай қудратли ташкилот тузилганига 21 йил бўлди. Орадан ўтган давр мобайнида томонларнинг манфаатлари ҳисобга олиниб, амалга оширилган ислоҳотлар яхши натижалар бера бошлади.

Бугун Шарқ гавҳари Самарқанд ана шундай йирик саммитга мезбонлик қилмоқда. Ўзбекистон ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Ер юзи сайқалида жамланишди.

Аслида, динимизда ҳам ҳамкорлик ва яхшлик йўлида бирлашига буюради. Аллоҳ таоло қуръони каримда шундай мархамат қилган: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг» (Моида сураси, 2-оят).

“Яхшилик” деганда, бу дунёдаги барча яхшиликларни – ростгўйлик, омонат, тоат-ибодат, сахийлик, шижоат ва ҳоказоларни тушунамиз. “Яхшилик” сўзи дунёдаги барча фазилатли нарсаларни ўз ичига олади.

Яхшилик ва тақводорлик йўлидаги ҳамкорлик эса бу дунёдами ёки охиратдами, саодатга эриштирувчи яхши нарсалар йўлидаги ҳамкорликдир. Аллоҳ таоло мазкур оятда ёмонлик ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилишдан қайтармоқда.

Ислом ҳидоятида тарбия кўрган ва унинг соф ва пок булоқларидан баҳра олиб улғайган мусулмон кишиси ўзи яшаб турган жамиятдаги барча инсонларга наф келтиришга, улардан зарарни даф қилишга саъй-ҳаракат қилади. Чунки у ҳақиқат, яхшилик, фазилат каби одоб-ахлоқ асосида тарбия олган.

Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Яхшилик қилишнинг барчаси – садақадир. Бир кишининг уловга минишида ёрдам беришинг яхшилик – эҳсондир. Бир кишига табассум ила яхши сўз айтишинг ҳам яхшиликдир, одамларга азият берадиган нарсани йўлдан олиб ташлашинг ҳам сенга яхшиликдир, икки киши ўртасида адолат билан ислоҳ қилишинг яхшиликдир».

Бугун мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, хонадонимиздаги осойишталик, дастурхонимиздаги тўкинлик Яратганнинг биз бандаларига кўрсатаётган чексиз раҳмати, фидоий инсонларнинг элим-юртим деб қилаётган эзгу меҳнатининг самарасидир. Зотан, ҳар бир кунини, ёки ҳар сониясини ўзгалар корини осон қилишга, ўксик қалбларнинг кўнглини кўтаришга бахшида этадиган инсонлар – чинакам фидойилардир. Инсонлар хизматида бўлиш, уларга имкон қадар ёрдам қўлини чўзиш ва ҳожатларини раво қилишда доимо саъй-ҳаракатда бўлиш қандай саодат.

Бу ҳақда Пайғамабаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб деганлар: “Банда модомики биродари ҳожатини раво қилар экан, Аллоҳ таоло унинг ҳожатини осон қилишда давом этади”.

Эзгуликни фақат моддий кўмак бериш ёхуд бирор жисмоний ёрдам кўрсатиш деб тушуниш бирёқлама тасаввур бўлар эди. Зеро, яхшиликнинг чек-чегараси йўқ. Меҳрга, мурувватга муштоқ кўнгилларни зиёрат этиш ҳам – бир яхшилик. Жалолиддин Румийнинг қалб тавофини каъба тавофидан машаққатли эканини таъкидлагани ҳам бежиз эмас:

Тавофи Байтул Халил кори осон аст,

Тавофи байтул Жалил кори мардон аст.

Яъни: “Халил (Иброҳим алайҳиссалом қурган уй)ни тавоф қилиш осон, бироқ Жалил Зот (аллоҳ)нинг бандаси қалбини олиш қийин”.

Дарҳақиқат, Самарқанд мезбонлик қилаётган саммит ташкилотга аъзо давлатларнинг фуқаролари учун бирдай манфаат келтиради, иншоаллоҳ. Чунки, қўшнилар билан яхши муносабатда бўлиш, уларни иззат-икром қилиш Набий алайҳиссаломнинг суннатларидир.

Мансур қори ЎРОЛОВ,

Сергели тумани “Нўғайқўрғон” жоме масжиди имом-хатиби

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг