1.Ислом тинчлик динидир 

0
115

Ўзбек халқимизнинг энг яхши кўрган ва энг кўп такрорлайдиган сўзи: «Илоҳо, хонадонларимизни тинч ва осойишта қил, юртимизни тинч ва обод этгин» — деб дуо қиламиз. Доно хақимизнинг «Қўшнинг тинч — сен тинч», «Бир кун уруш бўлган жойдан қирқ кун барака кетади», «Тинчлигинг — ҳурлигинг», «Уруш томошабинга осон» каби мақолларида ҳам тинчлик қанчалик бебаҳо неъмат эканлиги айтилади. Кексаларимизнинг насихатларида, оналар айтган аллаларда «тинч ухла», «тинчинг бузилмасин», «ороминг ҳеч йўқолмасин» деб бежизга айтилмайди.
Муқаддас Ислом дини — тинчлик дини, тинчликка тарғиб этувчи, тинчлик-хотиржамликка буюрувчи диндир. «Ислом», «Ас-салом», «силм», «салом» сўзлари бир ўзакдан олинган бўлиб, тинчлик-хотиржамликни ифодалайди. Муқаддас динимизнинг номи «Ислом», шиори «Ассалому алайкум»деб ҳаммага тинчлик, яхшилик тилашдир. Исломда тинчлик инсон қалбининг тинчлигидан бошланади.
Ислом дини инсон учун тинчлик ва омонлик динидир. Аллоҳ Таолонинг исмларидан бири ҳам «Ас-салом»дир. Қуръони Карим нозил қилинган кеча ҳам салом кечасидир. Аллоҳ Таоло бизларни тинчликка буюриб:

. يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا ادْخُلُوا فِي السِّلْمِ كَافَّةً وَلا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُبِينٌ (٢٠٨)
«Эй иймон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир», — деб марҳамат қилади.
Яъни бутун вужудингиз билан тинчлик ишига киришингиз, Ислом кўзлаган тинчлик бутун дунё тинчлигига қаратилган.
Исломда тинчлик бутун борлиққа қаратилган бўлиб, у билан бутун дунё тинчлигига эришилади. Унда барча қалблар тинч-ҳотиржам, оилалар тинч, қўни-қўшнилар тинч, қариндош-уруғлар тинч, жамиятлар тинч, ҳайвонот олами, наботот ва қўйингки, бутун дунё тинч бўлади.
Афсуски, Аллоҳнинг буюк неъмати тинчликдан ҳамма ҳам баробар баҳраманд эмас, чунки дунёнинг турли минтақаларида террорчилар томонидан ноҳақ қон тўкишлар содир этилмоқда, шаҳарлар вайронага айланмоқда, бегуноҳ инсонлар жабр кўриб болалар етим қолмоқда, аёллар кўчада қолиб, қариялар қаттиқ қийналмоқда. Бундай нохуш воқеалар қабиҳ ниятли бузғунчи, фитначи гуруҳлар томонидан амалга оширилиши биз мўмин-мусулмонларнинг ҳам қалбимизни қаттиқ ларзага солади. Уруш туфайли инсонлар ўртасида меҳр-оқибат, одамгарчилик унутилади, бошланган хайрли ишлар, улуғ мақсадлар қолиб кетади. Барчанинг ҳаётидан ҳузур-халоват, турмушидан ором-фароғат кўтарилиб кетади.
Динда ортиқча ғулув — чуқур кeтиш ёки ҳаддан ташқари бeпарволик, лоқайдлик қилиш кўплаб фитналарга сабаб бўлади. Пайғамбар (алайҳиссалом) бундай дeганлар:

اِيَاكُمْ وَالْغُلُوَّ فِى الدِيَنِ فَإنَّهُ أهْلَكَ مَنْ كَانَ قَبْلَكُمْ حَمَلَهُمْ عَلَى أَنْ سَفَكُوا دِمَائَهُمْ.

«Динда ортиқча ғулувга боришдан эҳтиёт бўлинглар. Чунки ғулувга бориш сизлардан олдин ўтганларни ҳалок этиб, қон тўкишга, харомни ҳалол қилишга олиб кeлди».
Ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар:

نِعْمَتَانِ مَغْبُونٌ فِيْهِمَا كَثِيْرٌ مِنَ النَّاسِ: الصِّحَّةُ وَ الْفَرَاغُ. (رَوَاهُ الْبُخَارِي)

«Икки азиз неъмат борки, кўплар бунинг қадрига етишмайди, булар саломатлик ва тинчлик-хотиржамликдир». (И. Бухорий ривояти)
Неъматнинг қадри у йўқолганда билинади, унинг йўқолмаслиги эса доимо шукрини қилиш билан бўлади. Шунинг учун бугунги тинч ва осойишта кунларимизнинг қадрини билишимиз лозим.

Хафизуллаев Закариё
«Камолиддин Ориф ал-Бухорий» жоме масжиди имом-хатиби

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг