АГАР ШУКР ҚИЛСАНГИЗ…

0
131

وَإِذْ تَأَذَّنَ رَبُّكُمْ لَئِن شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ وَلَئِن كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ
Ва Роббингизнинг «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир», – деб эълон қилганини ҳам эсланг». (Иброҳим сураси, 7 – оят).
Шукр неъмат берувчи Зотга мақтов сўзларини айтиш ва ул неъматни Аллоҳнинг розилиги йўлида сарфлашдан иборатдир. Берилган неъматга шукр этиш инсоннинг тўғри йўлда мустақийм эканлигини кўрсатади. Шукр қилувчи инсон Аллоҳ таоло ўзини доим кузатиб туришини ҳис этади ва неъмат берилганда зоҳир бўладиган манманлик, исроф ва шунга ўхшаш салбий ҳолатлардан холи бўлади. Натижада, ўзига берилган неъматлардан фойдаланиб, яхши амалларни кўпайтиради. Неъматга куфрона бўлиши эса, уни Аллоҳ томонидан берилишини тан олмаслик, унга ҳамд-у сано айтмаслик ва неъматни номаъқул йўлларда ишлатишдан иборатдир. Етган неъматга куфрона этиш уни берган зотга Аллоҳга куфр келтиришдир. Бундай одамлар “Неъматни менга Аллоҳ берди” демайди, Балки, унга ўз илмим, ҳаракатим ва усталигим туфайли эришдим, дейди. Шу сабабдан, ўзларидаги моддий имкониятларини ҳаром-хариш, манманлик, шухратпарастлик ва шунга ўхшаш салбий йўлларга ишлатадилар. Оқибатда қаттиқ азобга учрайдилар.
Шукроналар айтамиз, юртимиз мустақил бўлиб, мисоли дарё ўзининг азалий ўзанига қайтганидек бўлди. Ўзлигини топган халқимиз кечаги кунда йўл қўйган хатоларини бугун ҳақиқий таҳлилдан ўтказмоқда ва керакли ҳамда тўғри қадамни дадил ташламоқда. Зотан, соғлом, маънавиятнинг талаби шундай бўлиши ҳам мақсадга мувофиқ. Кўп минг йиллик тарихни бошдан кечирган халқимизнинг ҳар соҳада ўзига хос ва мос миллий қадриятларга, йўриқларга эгалиги шубҳасиздир. Аллоҳ таоло биз бандаларини ўзининг беҳисоб неъматларидан баҳраманд қилар экан. У ўз навбатида ана шу неъматларининг шукрини адо этиб бормоғимизга буюради. Роббимизни неъматларини катта-кичик демай уларни шукрини бажо келтиришимиз зиммамиздаги бурчимиздир. Аллоҳ таолонинг бизларга берган улуғ неъматларидан яна бири бу юртимизнинг тинч ва осойишталигидир. Ҳозирги кунда барчамиз ер юзининг баъзи жойларида бўлиб турган турли офат ва балолар ҳақида эшитиб, кўриб турибмиз. Юртимизни самовий ва орозий балолардан сақлаб турганлиги учун Аллоҳга беадад ҳамд ва шукрлар бўлсин.

Б. Мустафо,
“Эшонгузар” жоме масжиди ноиб имоми

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг