“АЙИРМА СИДҚИМИЗНИ ЗОТИМИЗДИН”

0
239

Инсон метин каби сақлаши лозим бўлган қуйидагича эътиқодий қоида бор.

أن يَرَى خوفَ الخاتمةِ من الله تعالى حقًّا

яъни: “Инсон сўнгги нафасидаги ҳолатини ўйлаб, Аллоҳ таолодан хавф қилишни ҳақ деб эътиқод қилиши лозим”.

Мўмин инсон хотимаси – жон топширар вақтида ёмон оқибат билан оламдан ўтишидан Аллоҳ таолодан паноҳ тилаши ва бунинг ҳақлигига ишониши лозим. Чунки ҳеч бир инсон дунёдан мусулмон ҳолатида вафот этадими ёки йўқми, буни билмайди. Олдин ўтган бандалар орасида дунёда мусулмон бўлиб яшаб, вафот этар чоғида Аллоҳ таолога иймонсиз йўллиққанлар қанча. Аллоҳ таоло барчамизни дунёдан иймонсиз кетишимиздан сақласин! Шунинг учун дуоларимизда:

أللّهمّ يسّر علينا في آخر عمرنا حسن الخاتمة والإيمان

“Эй, Аллоҳ! Умримиз охирида гўзал хотима ва иймонни осон айла!” дейишимиз керак.

Сўнгги нафасдан қўрқувда бўлиш барча мусулмонларга фарздир. Бу хусусида Аллоҳ таоло бундай дейди: «Улар Аллоҳнинг макридан хотиржам бўлиб қолдиларми?! Бас, Аллоҳнинг макридан фақат зиён кўргувчи қавмгина хотиржам бўлур» (Аъроф сураси, 99-оят).

Аллоҳ таолодан хавфда бўлиш қуйидаги ояти каримага кўра фарздир. Аллоҳ бундай дейди: «Эй мўминлар! Аллоҳдан қўрқинглар ва (ҳар бир) жон эрта (Қиёмат куни) учун нимани (яъни қандай эзгу амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Ҳашр сураси, 18-оят).

Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло бундай дейди: “Бир бандада иккита хавфни ва иккита хотиржамликни жамламайман. Қачон банда дунё ҳаётида Мендан қўрқса, охиратда унга хотиржамлик бераман. Қачон банда дунё ҳаётида Мендан хотиржам бўлса, охиратда уни қўрқитаман”.

Мазҳаббошимиз Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи айтади: “Мўмин кишидан иймон олиб қўйиладиган энг кўп ҳолат бу жон топширар чоғда  бўлади. Шундай экан, мўмин охирги сафарида, сўнгги нафасида қандай бўлишидан қўрқиб яшамаса ва ўзича хотиржам бўлса, у адашади”[1].

Сўфи Оллоёр раҳматуллоҳи алайҳи ушбу масала – дунёдан иймон билан ўтишни Яратгандан сўраб, қуйидагича муножот қилган:

Илоҳий, эътиқоди пок бирлан,

Мани оғишта қилғил, хок бирлан.

Дилим содиқ тилимға бўлди қоил,

Бу сўздин қилмағил, бир зарра мойил.

Мазмуни: “Илоҳим! Мени пок эътиқод билан жонимни ол ва тупроққа қўшаётган вақтингда ҳам шу ҳолда иймон билан қўйилишимни муяссар эт. “Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ” калимасини дилим ила тасдиқлаб, тилим билан иқрор этганим рост. Бу сўздан, яъни “Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ” калимасини эртаю кеч такрорлаб юришни насиб эт. Мени бундан заррача ҳам адаштирмагин”.

Худовандо, Ўзингни ҳурматингдин,

Кариму Ғофиру Саттор отингдин.

Бу мискинларға мўмин исм қилдинг,

Жамоат аҳли суннат қисм қилдинг.

Ўшал отдин айирмағил ҳамиша,

Агар чандики бўлсак журмпеша.

Мазмуни: “Эй Яратган Аллоҳ! Зоти покинг ҳурматидан ва саховатда чексиз – Карим, бандаларинг гуноҳларини кечирувчи – Ғофир, айбу хатоларни яширувчи – Саттор Зотсан. Мана шу исм сифатларингни ҳурмати ҳаққи Сендан ёлвориб сўраймиз: “Биздек ғариб мискинларга мўмин деган исмни бериб Аҳли сунна вал жамоага мансуб айладинг. Гарчи гуноҳ-маъсиятни қанчалар касб этиб олган бўлсак-да, мўминлик ва Аҳли сунна вал жамоага муносиблик исмидан ҳеч қачон айирмагин”.

Малак келса жасаддин олғали жон,

Қилур шайтони малъун қасди иймон.

Қилурда жони ширин жисмдин нақл,

Азиз жон аччиғидин кам бўлур ақл.

Кўнгил шахбозини қилмоқ учун сайд,

Қилур ҳар ёнда шайтон ҳийлаву кайд.

Мадад Сан қилмасанг ул дамда ё Ҳай,

Урар тирноғимизға ул лаъийн най.

Мазмуни: “Жасаддан жонимизни суғуриб олишга вакил қилинган ўлим фариштаси келганида малъун шайтон иймонимиздан айириш қасдида бўлади. Ширин жон жисмимиздан чиқар паллада бу дамнинг ҳаддан ортиқ қаттиқ ва аччиқлигидан ақл зойил бўлади. Кўнглимизнинг энг азиз гавҳари, қимматбаҳо қуши – иймонни овлаш учун яъни иймонсиз кетишимизни хоҳлаб шайтон ҳар томонлама ҳийла-ю найранг қилади. Эй тириклиги абадий бўлган Зот! Ўшандай оғир дамда Ўзинг бизга ёрдам бермасанг шайтони лаъийн тирноғимизга яъни иймонимизга қамиш санчади”.

Худовандо, тирикда, жон чиқарда,

Лаҳадда, ҳашрда, кўприк ўтарда.

Жамиъи ерда мўмин отимиздин,

Айирма сидқимизни зотимиздин.

Ҳамиша нафс ила шайтон каминда,

Мани озғурмағил дунёву дийнда.

Тилоким бул, аё Суббуҳу Қуддус,

Қулингни қилмағил расвою маъюс.

Мазмуни: “Эй бутун оламлар Парвардигори! Тириклигимизда, жон чиқар вақтимизда, қабрда, савол-жавоб учун Маҳшарда йиғилганимизда, Сирот кўприги узра ўтаётганимизда, қаерда бўлмайлик, бизнинг зотимиздан иймонимизни айирмагил. Нафс ва шайтон доимо пистирмада туриб йўлимизни пойлайди. Эй Раббим! Бизни дунё ва динда адаштирмагин. Эй Пок Зот! Эй Қуддус Зот! Менинг тилагим шундан иборатки, қулингни кўнглини ноумид маъюс, Ҳолини расво айлама”.

Худовандо, йонгилдим, турфа ёздим,

Шайотин макри бирлан йўлдин оздим.

Пушаймонман паришон ўткан ишдин,

Баҳору тийрамоҳу Ёзу қишдин.

Ёмон ишдин ҳама ъузвимни пок эт,

Кўнгил мулкин мақоми дарднок эт.

Яна шарманда қилма қайта бошдин,

Уётлиғ қилмағил дастору фашдин.

Мазмуни: “Худовандо, шайтонни ва нафсни макрига алданиб янглишдим. Турли гуноҳларга ботдим. Йўлдан оздим. Сенинг ёдингни қилмай, зикринг айтмай, Сени унутиб, фаромуш ишларимдан, гуноҳ ва маъсият билан ўтган баҳору қишларимдан, умримнинг беҳуда кетган фурсатларидан энди минг-минг пушаймонман. Барча аъзоларимни қилган гуноҳларидан пок қил. Қалбимга муҳаббатингни жо айла. Кексайган чоғимда, салла кийиб, оппоқ соқолим кўксимга тушганда уятга қўйма”.

Хулоса эса ҳар бир банда дунё ҳаётида яшар экан Аллоҳнинг макридан хотиржам бўлмасин! Зеро, сўнгги нафас онлари иймон билан дунёдан кетиш ҳал қилувчи босқич эканлигини билган ҳолда доимо Аллоҳдан қўрқувда ва гўзал умидлар ила ибодатларга полвон бўлайлик! Дунё ва дунёдаги барча нарсалар ўткинчи эканлигини ҳис этган ҳолда умр кечирайлик!

Ҳеч нарсамиз йўғу, ҳеч нарса ҳам йўқ эмас,

Ҳеч нарсанинг йўқлиги вале бизга ғам эмас.

Елкамизда жандамиз, ортимизда гўристон,

Агар ўлсак ногаҳон, бизга ҳеч мотам эмас.

Ана шундай яшаш керак.

Муҳаммадайюб АЗИМОВ,

 Тошкент шаҳар Олмазор тумани “Мирзо ғолиб” жоме масжиди имом ноиби

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг