ЭЪТИРОФ ВА ТАБРИК

0
211

Қуръони Карим ходими, устоз Ҳасанхон Яҳё Абдулмажиднинг «Ўзбек қорилари олтин силсиласи» китоби нафақат юртдаги олиму қорилар, балки хориждаги аҳли имларнинг ҳам эътиборини ўзига жалб қилмоқда. Китобнинг арабча нусхасини ўқиган мисрлик олимлардан бири Абдуллоҳ Шаълон Азҳарий фейсбукдаги саҳифасида ушбу асар хусусида қисқача мақола эълон қилди. Қуйида ушбу мақоланинг таржима ва матнини эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз:

Байт:
Одамлар ҳадя берса бир‑бировга
Кўнгиллар ўртасида ришта бўлгай.
Эгаллар дилни ҳам меҳру муҳаббат
Кўришганда гўзаллик бўйла тўлгай.

Суюкли дўстимиз, қадрли биродаримиз, Ўзбекистоннинг собиқ муфтийси, аллома, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг шогирди, Тошкентдаги у зотнинг номлари қўйилган масжид ходими, муқриъ, шайх Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид жанобларига менга берган бебаҳо ҳадяси учун ўзимнинг чексиз ҳурматларимни изҳор этаман.
Ҳасанхон Яҳё менга ўзининг қаламига мансуб, ўзбек қориларининг маноқиби ва уларнинг санадларига бағишланган «Ат-тибян фии баъзи тарожими ва асанийди ва қуррои Узбакистан» номли китобини ҳадя қилди. Мен уни ўқиб чиқиб, шунга амин бўлдимки, бу китоб ўз йўналишида ноёб асар бўлибди. Муаллиф китобда Ўзбекистондаги қори устозларнинг кўпчилиги саҳиҳ санад билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бевосита туташган эканини асослаган.
Барчамизга маълумки, биз мусулмонларда санад масаласи ниҳоятда муҳимдир, зеро динимиз шу орқали сақланиб келмоқда. Аллоҳнинг каломи Қуръони Карим ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ҳам қандай бўлса шундайлигича келажак авлодларга санад воситасида етказилмоқда.
Абдуллоҳ ибн Муборак «Санад олиб, санад бериш диндандир. Агар санад бўлмаганида, ҳар ким хоҳлаганини айтаверган бўлар эди. Биз билан ўтган аждодларимиз ўртасида санад (боғлиқлик) бор», деганлар. Санад масаласи мусулмон инсон учун ниҳоятда аҳамиятли масала бўлиб, тавсиқ, яъни мустаҳкамлаб қўйиш, пишиқ-пухта қилиш, забт этишга, қоғозга туширишга ишора қилади. Ислом манбаларининг ниҳоятда ишончли бўлиши бу умматнинг энг муҳим хусусиятларидан ҳисобланади. Зеро, бу уммат Роббининг китоби бўлмиш Қуръони Каримни айнан санад орқали билан сақлаб, авлодлардан авлодларга энг юксак савияда етиб боришини таъминлаган. Бу борада шу даражада аниқлик билан ҳаракат қилинганки, ҳатто Қуръони Каримдаги мад, савт, таҳфим ва тарқиқ кабилар ҳам оғизма-оғиз етказилган. Ислом уммати шу жиҳати билан бошқа умматлардан ажралиб, афзал бўлиб туради.
Қорилар шайхи Имом Жазарий (833 йили вафот этган) ўзининг «Тоййиба» асарида санадни саҳиҳ қироатнинг рукнларидан бири деб атаган:
«Санад наҳв қоидаларига мувофиқ келади, унинг шакли ҳам уни эҳтимол қилади. Санад ҳам саҳиҳ бўлса, бу уччови рукнлардир. Бирор рукн бузилса, агар етти қироатнинг ичида бўлса, унинг шоззини ҳам тузатгин».
Бу китобга кўплаб аҳли фазл уламолар, жумладан, фазилатли шайх, Миср Қуръон марказларининг шайхи, Қуръонни таҳқиқ қилиш лажнасининг раиси, Азҳар дорилфунунининг ҳадис устози доктор Аҳмад Ийсо Маъсаровий; Масжиди Набавийнинг пешқадам қориси, бир қанча ғоятда манфаатли китобларнинг муаллифи, фазилатли шайх доктор Яҳё Ғавсоний; муҳаққиқ, мудаққиқ муқриъ, шайх Мустафо Варроқий каби зотлар тақриз ёзибдилар, Аллоҳ барчаларини Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақласин!
Мен шайх Ҳасанхоннинг ушбу китобни ёзиш йўлидаги меҳнатларини юксак баҳолайман, Аллоҳ таолодан у кишига янада кўпроқ куч-ғайрат тилайман, Аллоҳ мени ҳам, бу кишини ҳам, барча мусулмонларни ҳам Ўз иноятига олсин. Аллоҳ бу биродаримизнинг кўнглидаги эзгу мақсадларига етказсин, ушбу муборак меҳнатида улкан зафарлар насиб этсин, бу йўлда адашишдан ва хато қилишдан Ўзи сақласин!
Сўзимнинг сўнгида барча яралмишларнинг энг афзали Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг оли асҳобига, уларга эргашган зотларга то Қиёмат кунигача жамики ёзилган нарсалар мислича, осмондаги булутлар миқдорича салавоту саломлар бўлсин!
Ушбуни ҳеч бир иддаосиз Қуръон аҳли ходими бўлган, ҳар бир неъматда мудом Роббига муҳтож бўлган, Маннон Роббнинг авфига зор бўлган Абдуллоҳ Ҳусайн Шаълон ёзди.

Улашиш
АввалгиКИЙИНИШ ОДОБЛАРИ
НавбатдагиКийиниш одоблари
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги расмий веб сайти.

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг