«ҲАЖ–2022» ГУРУҲ РАҲБАРЛАРИ ЙИҒИЛИШИ БЎЛИБ ЎТДИ

0
596

Шу йил 4–5 июнь кунлари пойтахтимиздаги “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” мажмуаси мажлислар залида “Ҳаж–2022” мавсумига жалб этилган гуруҳ раҳбарлари иштирокида дастлабки учрашув бўлиб ўтди. Унда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита диншунослик экспертизаси бўлими бошлиғи Беҳзод Соипов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Ўткир Ҳасанбоев, ЎМИ Ҳуқуқшунослик бўлими мудири в.в.б. Жаҳонгир Ҳотамов, ЎМИ Масжидлар бўлими бошлиғи Музаффар Камолов, ЎМИ Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ қори Сайфуддинов, Тошкент шаҳар вакили ўринбосари Абдуқаҳҳор Юнусов, Тошкент шаҳридаги “Сирож Солиҳ” жоме масжиди имом-хатиби Ҳасан Қодиров ва Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Алимардон Қаршиевлар иштирок этишди.
Мутасаддилар йиғилганларни ҳожиларга гуруҳ раҳбари бўлишдек шарафли ва масъулиятли вазифа билан қутлаб, уларни гуруҳ раҳбарлиги қонун-қоидалари, бурч ва масъулиятлари билан таништириб ўтди ҳамда ҳаж ибодати рукнлари, ҳаж сафарига борувчи зиёратчилар билан ўтказиладиган йиғилишлар тартиби, унда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар, сафарга жўнаб кетиш ҳамда Саудия Арабистонидаги ташкил қилинадиган ишларнинг элликбошиларга тааллуқли бўлган тарафларини атрофлича маълумот беришди.
Тадбир давомида мутасаддилар томонидан гуруҳ раҳбарларига зарурий тавсиялар берилди. Жумладан, уларнинг бурч ва масъулиятлари, ҳаж ибодати рукнлари, сафарга жўнаб кетиш ҳамда Саудия Арабистонидаги ташкилий ишларнинг уларга тааллуқли жиҳатлари атрофлича ёритилди.
Шунингдек, сафарга доир ҳужжатлар билан ишлаш тизими, гуруҳдаги зиёратчилар билан машғулотлар ўтказиш тартиби, паспорт ва бошқа ҳужжатларни юритиш тартиб-қоидалари борасида ҳам кўрсатмалар берилди.
Гуруҳ раҳбарларига ҳаж сафари билан боғлиқ масалалар, ҳажга борувчи фуқаролар билан ишлаш ва ташкилий масалалар юзасидан йўл-йўриқ ва тавсиялар берилди.
Йиғилиш сўнгида гуруҳ раҳбарларининг саволларига батафсил жавоб қайтарилди.
Йиғилишда гуруҳ раҳбарларига ҳаж қўлланмаси тарқатилди.
Йиғилиш республикамизнинг бир қатор вилоятларида ҳам бўлиб ўтади.

Баҳодир МУҲАММАД,
Тошкент шаҳар вакиллиги ходими

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг