Хушхабар: Муфтий ҳазратларига “Фахрий доктор” илмий унвони берилди

0
110

Бугун, 4 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратларининг Ислом дини маърифатини кенг ёйиш, ёшларни руҳий баркамол этиб тарбиялаш ва илмий-ижодий фаолиятларини юксак эътироф этиб, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Илмий кенгаши томонидан “Фахрий доктор” илмий унвони берилди.
Илмий кенгаш йиғилишини Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов очиб, давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан сўнгги йилларда, барча соҳалар қатори, диний-маърифий жабҳада жуда катта ишлар амалга оширилаётганига алоҳида тўхталди.
Жумладан, юртимиз уламоларининг республика ва дунё миқёсида фаолият кўлами кенгайиб бораётгани, нуфузи кун сайин ортиб бораётгани, хусусан, ўтган Рамазон ойида уламоларимиз, имом-хатибларимиз, қориларимиз АҚШ, Европа, Россия ва МДҲ мамлакатлари таклифлари асосида мазкур давлатларда хизмат сафарида бўлишаётгани ҳақида алоҳида қайд этди.
Шундан сўнг, халқаро ислом академияси проректори, профессор Зоҳиджон Исламов Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ҳақларида ёзилган тавсифномани ўқиб эшиттирди.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси Илмий кенгаши аъзолари бир овоздан муфтий Нуриддин домла ҳазратларига “Фахрий доктори” илмий унвони бериш қарорини қўллаб-қувватладилар.
Табрик сўзида Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, тарих фанлари доктори Давронбек Мақсудов муфтий ҳазратларини қўмита раҳбарияти томонидан илмий унвон билан қутлаб, у кишининг бир қатор фазилатларига алоҳида тўхталди. Хусусан, муфтий ҳазратларининг маърузалари ва чиқишлари кенг жамоатчилик, аҳли илмлар ҳамда мўмин-мусулмонлар томонидан юқори баҳоланаётгани ҳамда у кишининг халқаро анжуманларда, нуфузли тадбирлардаги нутқлари халқаро доирада ҳам юксак эътироф этилаётганини қайд этди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов муфтий ҳазратларига берилган ушбу унвон барча диний соҳа ходимлари жуда ҳам мамнун этганини билдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудири Муҳаммадайюбхон домла Ҳомидов Ислом динида илм эгаларига берилган фазилат, уларнинг даражалалари доимо юқори бўлгани ҳақида сўз юритиб, ояту ҳадислардан иқтибос келтирди. Шунингдек, бундай эътибор ва эҳтиром Юртбошимиз ва ҳукуматимиз томонидан бутун дин пешволари-ю илм аҳлларига эътиборнинг бир намунаси эканини таъкидлади. Шундан сўнг муфтий ҳазратларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг совғалари тақдим этилди.
Йиғилиш сўнггида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, Халқаро ислом академияси “Фахрий доктори”, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари камтарона хизматлари учун мана шундай юксак эътибор берилганига миннатдорлик билдирдилар. Албатта, бундай эътироф Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида меҳнат қилаётган уламолар, имом-хатиблар, мударрислар, отинойилар ва барча диний соҳа ходимларининг меҳнат самараси эканини изҳор этдилар. Ўз навбатида, ушбу илмий унвон катта масъулият юклаши ва унга муносиб бўлишга бор куч-ғайратларини сарфлашларини билдирдилар.

Маълумот ўрнида, Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари 1968 йил Андижон вилояти Асака шаҳрида зиёли оилада таваллуд топганлар. Маълумоти олий, Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти, Тошкент ислом институти ва Фарғона давлат университетини тамомлаганлар. Исломшунос, имом-хатиб ва тарихшунос мутахассисликларига эгалар.
Меҳнат фаолиятларини 1996 йилда Андижон вилояти Асака шаҳри “Аҳмадали Махдум” масжиди имом-хатиби вазифасидан бошлаганлар. 2004 йил Тошкент шаҳридаги “Оқ тепа” масжиди имом-хатиби вазифасида давом эттириб, бир вақтда пойтахтдаги “Кўкалдош” ўрта-махсус ислом билим юрти ўқитувчиси сифатида ҳам фаолият юритганлар. 2005 йилда Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Андижон вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби, 2019 йилда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби лавозимларига тайинландилар.
Муфтий Нуриддин домла ҳазратларининг Ислом дини маърифатини кенг ёйиш ва мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш борасидаги 30 йиллик самарали меҳнатлари инобатга олиниб, 2021 йил 19 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига сайландилар. Ушбу хабар юртимиз мусулмонлари ва хорижлик ҳамкор диний ташкилотлар томонидан ижобий қабул қилинди.
Муфтий ҳазратлари Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан олиб борилаётган ислоҳотларни халқимиз орасида кенг тарғиб қилиш, ёшларимизни ёт ғоялардан асраш, муқаддас динимизнинг эзгу, умуминсоний ғояларини кенг жамоатчиликка етказишда доимий фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатадилар.
Ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, динлараро тотувликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни диний бағрикенглик руҳида тарбиялашда самарали фаолият кўрсатмоқдалар. Шунингдек, халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасида ҳам ташаббус кўрсатиб келмоқдалар.
Муфтий ҳазратларининг руҳий тарбия, одоб-ахлоқ, илм-маърифат, фарзанд тарбияси, ота-онани эъзозлаш, Ватанга муҳаббат, шукроналик каби мавзулар ёритилган “Исломда ватан тушунчаси”, “Ихлос – амаллар зийнати”, “Ҳаж – буюк ибодат”, “Тасаддуқ, ё Расулаллоҳ” каби китоблари нашрга тайёрланган. Шунингдек, “Янги Ўзбекистон”, “Халқ сўзи”, “Ўзбекистон санъати ва адабиёти” каби марказий босма нашрларда ҳамда “Ҳидоят”, “Ислом нури” сингари диний-маърифий нашрларда муфтий Нуриддин Холиқназаровнинг долзарб мавзулардаги 100 дан зиёд мақолалари чоп этилган.
Муфтий ҳазратлари Ислом дини маърифатининг толмас тарғиботчиси ҳамдир. У киши юртимиз масжид ва мадрасалари диний таълим тизимида ислоҳотларни амалга ошириш, ўқув режалари ва дастурларини тайёрлаш ҳамда уларни ҳаётга татбиқ этиш ишларига бевосита бошчилик қилмоқдалар. Бундан ташқари, хорижий мамлакатларда бўлиб ўтадиган халқаро анжуманларда илмий асосланган мазмунли маърузалари билан ҳам мунтазам иштирок этмоқдалар.
Муфтий ҳазратлари хориж давлатларида ўтказилган халқаро илмий-амалий анжуманлар, нуфузли тадбирларда фаол қатнашиб, эътиқод эркинлиги кафолати, ислом маърифати, диний таълим масаласи, ёт оқимларга қарши курашнинг маънавий-маърифий асослари каби мавзуларда нутқлар билан қатнашиб келмоқдалар.
Нуриддин домла Холиқназаров Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий сифатида кўплаб нуфузли миллий ва халқаро ташкилотларнинг раиси, ҳамраиси ва бошқарув кенгаши аъзоси сифатида ҳам хизмат қилмоқдалар.
Дарҳақиқат, Ислом динининг эзгу таълимотларини барчага гўзал шаклда етказиш савоби улуғ амаллардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўз динига хизмат қилувчиларни шундай ифода этади: “Эй, имон келтирганлар! Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангиз (динининг ривожи учун ҳаракат қилсангиз), У ҳам сизларга ёрдам берур ва қадамларингизни собит (барқарор) қилур” (Муҳаммад, 7).
Ислом дини йўлида соч-соқоли оқарган мўйсафид одамлар ҳақида Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом йўлида кимнинг сочига оқ тушган бўлса, Қиёмат куни унга нур бўлади”, дея марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Ислом дини равнақига салмоқли ҳисса қўшаёган, довруғи нафақат Ўзбекистон балки қўшни ва хориж мамлакатларида ҳам маълум бўлган Муфтий ҳазратларининг серқирра фаолиятлари барчамизнинг фахру ифтихоримиздир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши аъзолари номидан муфтий Нуриддин домла ҳазратларини Халқаро ислом академияси “Фахрий доктори” илмий унвони берилгани муносабати билан муборакбод этамиз. Аллоҳ таборака ва таолодан у кишига дин, миллат ва Ватан йўлидаги хизматлари ва илмий-ижодларида муваффақиятлар бардавом бўлишини тилаймиз!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг