Конго демократик республикасида Ислом

0
114

Минтақа

Конго демократик республикаси Марказий  Африкадаги давлат. Конго 1960 йилнинг 30 июнида мустақилликни қўлга киритди ва Конго Республикаси бўлди. 1964 йилнинг августидан мамлакат Конго демократик республикаси деб атала бошланди. 1971 йилнинг октябридан 1997 йилнинг май ойигача ушбу давлат Зоир республикаси деган ном билан аталди. Кейин яна эски номига қайтди.

 

Конгонинг этник таркиби

Конго ҳудудида 200 та этник гуруҳ истиқомат қилади. Уларнинг энг кўп сонлилари –  банту, луба, лунда, монго, занде ва бошқалар. Конгонинг давлат тили – француз, конго, лингала тилларидир.

 

Дин ва диний институтлар

Конгодаги диний конфессияларнинг энг кўпи католиклар, иккинчи ўринда протестантлар, кейин  мусулмонлар, ундан кейин эса турли африканча эътиқодлар ўрин олган.

Конгодаги энг тез кўпаяётган диний жамоалар – мусулмонлардир. Ислом мамлакатнинг шарқи ва шимоли-шарқидаги анъанавий таъсир жойларидан бутун ҳудуди бўйлаб тарқалди. Конгога Ислом IX асрда Шарқий Африка ва Занзибаридан келган қулжаллоблар ва фил суяги савдоси билан шуғулланадиган араб-суахил савдогарлари орқали кириб келган. Ундан кейинги даврда эса XIX юзйилликда Шимолий Африкадан келган мусулмонлар ҳисобига кўпайган.

Мусулмонлар  мамлакат аҳолисининг 2 фоизини ташкил қилади. Мусулмонларнинг асосий қисми меҳнат муҳожирларидир. Уларнинг аксари Конгога Ғарбий Африка ва Шимолий Африка, шунингдек, Ливандан келишган.

Конго миллий ислом кенгаши ҳисоботида таъкидланишича, мамлакатда бир миллион уч юз мингдан ортиқ мусулмон яшайди.  Улар асосан мамлакатнинг шарқий ва шимоли-шарқий қисмларида истиқомат қилади.

Кейинги йилларда Конгода мусулмон маданиятининг тикланаётгани ва маҳаллий аҳоли баъзи ҳудудларда оммавий равишда Исломга кираётгани кузатилмоқда.

Конго мусулмонлари сабр-тоқати, мулойим табиати ва ўта меҳнатсеварлиги билан бошқаларнинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлиб, ён-атрофдагиларда муқаддас Ислом динига қизиқиш уйғотиб келмоқда.

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг