Ҳар нарсанинг ўхшаши бор

0
157

Ажабо!

Жаннатдаги ҳар нарсанинг дунёда бир ўхшаши бор. Масалан, жаннат аҳлининг, еб-ичса-да, ҳожат чиқармаслиги онасининг қорнидаги болага қиёсдир.

Жаннат аҳлининг хизматчилари бўлиб, улар нимани истаса, амр қилмасларидан олдин нима истаётганини билиб, муҳайё қилишади. Бунинг дунёдаги ўхшаши эса инсоннинг кўнгли нимани тусаса, тана аъзолари, сезгилари ҳали бўйруқ бўлмасдан туриб сезиши ва бажаришга киришишидир.

Жаннатда Тубо номли дарахт бўлиб, илдизи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларига туташган, шохлари эса жаннатнинг ҳар жойига етган бўлади. Унинг дунёдаги ўхшаши қуёшдир. Унинг нури ҳар уйга, ҳар жойга етиб боради. Ҳар чўққига чиқиб, ҳар тешикка киради. Дунёнинг ҳар томонига ёйилиб кетади.

Жаннатда егуликлар бордир. Улар қанча еб-ичилса ҳам камайиб, тугаб қолмайди. Унинг дунёдаги қиёси Қуръондир. Кишилар уни ўрганиб, ўргатади. У эса қандай бўлса шундай қолади. Ҳеч бир шаклда камайиб қолмайди.

Жаннатда узун бир соя бор. Унинг қиёси бу дунёдаги қуёш чиқишидан ва ботишидан олдинги ҳолатга ўхшайди (яъни, ёруғлик бор, кўз қамашиши йўқ). Жаннатнинг ҳар томони шундайдир. Аллоҳ таолонинг: «Раббингиз сояни қандай ёйиб қўйганини кўрмадингизми?! Агар хоҳласа, уни сокин қилиб қўйган бўлур эди. Сўнгра Қуёшни унга (соянинг борлигига) далил қилдик» (Фурқон сураси, 45) деган ояти ҳам бу ҳақда фикрлашга ундайди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлари ривоят қилинади: “Сизларга жаннат аҳлининг соати (вақти)га энг кўп ўхшайдиган соат (вақт) хабарини берайми? Билингки, у қуёш чиқишидан олдинги соатдир. Сояси ва раҳмати ёйилиб кетган, баракоти мўлдир. Жаннат ғазначиси (тақсимловчиси)нинг оти Ризвон бўлиб, унга марҳамат ва шафқат либоси кийдирилгандир”.

Абу Лайс САМАРҚАНДИЙнинг

“Бўстонул орифин” асаридан

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг