САВОБНИНГ БАҲОСИ

0
92

Маънавият сабоғи

Ҳаётнинг турган-битгани синов. Унинг чиғириғидан ўтмоқ учун турфа қийинчиликларга дуч келамиз. Аммо Аллоҳ таоло шундай меҳрибон зотки, у ҳар бир кишининг тоқатига яраша унга ғам-ташвиш, мусибат беради. Кимки ана шу синовларга сабр қилса, юксак мақомларга эришади.
Тақдир аталмиш турмуш чорраҳаларида турфа қисмат, муаммоларни ечишнинг ажойиб бир йўли борки, буни фақат комил инсонларгина юракдан ҳис қила оладилар.
Агар киши ўз ҳожати раво бўлишини хоҳласа, иложи борича ўзгаларнинг ҳожатини раво айлаши керак. Бир мўминнинг кўнглига шодлик етказиш савоби жуда улуғ. Донишманд ва ориф зотлар савоб ишни ҳаёт махзани деб билишган.
Бир куни Искандар Зулқарнайн қабулига ҳеч ким келмади. Оқшом тахтдан тураётиб: «Мен бугунни умрим ҳисобида санамайман», дебди.
– Нега? – сўрашибди.
Ҳукмдор жавоб берди:
– Мискин ва ночорларнинг ҳожати раво бўлмаса, уни қандай қилиб умр ҳисобига қўшиш мумкин?
Машойихлар барча нарсанинг уволи бор, бироқ савобнинг уволи йўқ, деганларида ҳам бу эзгу амалнинг нақадар беназир, нақадар зарур эканлигини назарда тутган бўлишса, не ажаб.
Савоб фақат моддият билан белгиланмайди. Бир инсон қалбини шодлантириш, зулм кўрганларнинг пешонасини силаш, жамоатни чиройли лутф ила сийлаш ҳам савобларнинг улуғидир.
Искандар Зулқарнайндан сўрадилар:
– Ҳукмдорлик лаззатини нимадан топдинг?
Деди:
– Душман ҳолини забун этишдан, дўстларни севинтиришдан, муҳтожлар ҳожатини раво қилишдан.
Кўп йиллик кузатишлардан маълумки, уч тоифа одамда савоб ишга мойиллик сезилмайди. Булар: пасткашлар, бахиллар ва ҳасадгўйлардир. Яна уч тоифа одамда қалб юмшамайди. Булар: жоҳиллар, худбинлар, мунофиқлар. Шу боис эсини таниган одам шу иллатга гирифтор кишилардан йироқ юриши лозими.
Савобнинг яхшиси – беминнати. Савобнинг улуғи – ихлос билан қилингани. Арабларда Маъан ибн Заида исмли саховатли муслима яшаган. У топганини кишиларга хайр-эҳсон қилган. Кимгадир мурувват кўрсатаётганида чеҳраси офтобмисол кулиб турган.
Ўзаро машварат чоғида Бузургмеҳрдан сўрадилар:
– Саховат бобида заминни ёмғири ила сийлаган булут аъломи ёки Маъан?
Жавоб айтди:
– Шубҳасиз, Маъан ибн Заида.
– Сабаб?
– Чунки булут нима берса, йиғлаб беради. Маъан ибн Заида эса нима берса кулиб беради.
Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Ахлоқи муҳсиний” номли китобида қуйидаги ривоят эътиборимизни тортди.
Бир мамлакатнинг подшоҳи ҳажга боришни ихтиёр этибди-ю, лекин йиллар ўтса ҳам ниятига етолмабди. Шунда вазирлар тўпланишиб: “Муҳтарам зот, чиндан ҳам мамлакатни ташлаб кетишингиз хатарли. Боз устига, мусулмонликнинг бешинчи фарзи ҳам бажарилиши керак. Биз бир чорасини топдик. Давлатингиз соясида яшаётган хокисор дарвеш бор. У олтмиш марта ҳажни адо этган. Илтимос қилиб кўрсак, ана шу амалнинг биттасини сотар”, дейишибди.
Бу гапни эшитган ҳукмдор дарвешнинг ёнига борибди. Дунё лаззатларидан воз кечган ориф бир марталик ҳажи учун бир олам олтин сўрабди. Шунда ҳоқон: “Менда шунча бойлик йўқ, демак, қўлни ювиб, қўлтиққа ураверсам бўлар экан-да”, дея ранжибди. Дарвеш эса кулиб: “У ҳолда халқ учун бир соат адолат қилганнинг савобини олтмишта ҳаж савобига алмаштиргин, агар хўп десанг, мен кўпроқ фойда кўрган бўламан”, деган экан.
Қарангки, инсонларга яхшилик қилиш муҳтожларнинг ҳолидан хабар олиш, маънавий ва руҳий далда бериш савоби қанчалар юксак!? Бу ҳикмат ва ҳақиқатни ҳар бир киши юрагига сайқаллаб олса, қандай яхши.

Абдумутал ҳожи АБДУЛЛАЕВ

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг