Ҳазилнинг зили

0
95

Дунёда  глобаллашув жараёни кечмоқда. Ҳоҳлаймизми-йўқми, биз ҳам шу жараённинг фаол иштирокчисимиз. Бугун ҳар бир миллат ўзлигини, миллий қадриятларини сақлаш қолиши долзарб вазифа саналади.

Халқимиз  қадимдан фарзанд тарбиясида ор номус, ибо-ҳаё масалаларига ниҳоятда жиддий қараган. Замонамизга келиб бу қадриятга путур етди. Бир пайтлар ҳар қандай киши гапиришга ҳаё қилган мавузалар эндиликда очиқчасига намойишкорона оммага кўрсатилмоқда. Бу айниқса, бугун миллионлаб  кишилар  YOUTUBE да томоша қилаётган, айрим кулгу жамоаларининг саҳна кўринишларида яққол намоён бўлаётир. Улар гўёки жамиятдаги иллатларни акс эттириш мақсадида йигитларини қизлар каби бўшанг, қизларимизни эса эркакшода қилиб кўрсатмоқда. Уларнинг бундай кулгу мавзуларининг аксари фахшга бориб тақалади. «Кўракда турмас» мазкур ҳазиллар ижтимоий тармоқларда ёшлар томонидан доим қизғин кузатилиб, минглаб муносабатлар ёзилади. На одоб-ахлоқ, на миллийлигимизга тўғри келмайдиган бу томошалар ҳақида қанча салбий фикрлар айтилмасин, бирор ўзгариш сезилгани йўқ.

Кулгу Аллоҳ томонидан берилган яхши неъмат. Aммо унинг мезони, меъёри бўлгани маъқул. Кўп кулишлик дийдамизни қотиради, дилимизни ўлдиради. Кишини енгилтабиат қилиб қўяди. Бежиз Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кўп кулма, кўп кулиш қалбни ўлдиради”, демаганлар (Имом Аҳмад, Имом Термизий ривояти).

Қолаверса, динимизда эркагу аёлга тақлид, фахшни тарғиб қилиш, кишиларни масхаралаш ножоиз экани барчамизга аён. Қуръони каримда: «Ўзларингизни (яъни бир-бирларингизни) мазах қилманглар ва бир-бирларингизга лақаб қўйиб олманглар»(Ҳужорот сураси 11-оят) дейилган.

Aллоҳнинг бандаларини масхаралаб кулиш, мазах қилиш ва лақаб қўйиш кишини азобга гирифтор қиладиган амаллардан экан. Зеро, Лут қавми амалларию, Ғарбнинг ёт одатларини кўрсатиб довруғ қозонаётган «шоввоз»ларнинг қилиғлари эса мусулмон учун шармандалик ва бачканаликдан бошқа нарса эмас.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларга тақлид қилувчи эркакларни ва эркакларга тақлид қилувчи аёлларни лаънатладилар” (Имом Бухорий, Абу Довуд ривояти)”.

Афсуски, бугунги кунда нафақат саҳналарда турмуш тарзимизда ҳам эркагу аёлга тақлид қилувчилар учраб турибди. Бу Ғарбнинг таъсирими ёки ўша саҳналар таъсирими? Ёки оддий ҳазилимиз зилга айланяптими?! Ҳозир сезилмас, аммо ўша томошаларни кўриб улғаяётган болалар эратага ким бўлади? Бу томошалар ёшлар маънавиятига таҳдид солмаяптимикин?! Чунки мазкур саҳналар ўта саёз ва савиясиз бўлгани боис, ёшларнинг енгилтакликка чорлаётгани тайин. Зеро YOUTUBE тармоғида бундай гуруҳларнинг кўпайиб бораётгани фикримиз тасдиғидир.

Шундай экан, вақт борида этакни йиғиштирган маъқул. Ёшларимиз онгини бўлмағур саҳна кўринишлари билан эмас, ҳақиқий мўмин-мусулмон маърифати билан суғорайлик. Шундагина фарзандларимиздан олиму фузалолар етишиб чиқади. Бунинг учун кулгунинг мезон чизиғини чизиб, маънавиятимиз равнақи учун қатъий жидду-жаҳд қилишимиз шарт.

 

Ислом КАРИМБЕРДИЕВ

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг